Ўзбекистон | 22:15 / 17.02.2026
15904
2 дақиқада ўқилади

«17 феврал куни ҳилол кўринмади, Рамазон 19 февралдан бошланади» — Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бугун тушдан сўнг Саудия Арабистони Олий суди 18 феврални Рамазон ойининг биринчи куни деб эълон қилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази маълум қилишича, 17 феврал куни Ўзбекистон ва бир қанча давлатларда Рамазон ҳилоли кўринмаган.

Фото: Kun.uz

«Шу боис, Ўзбекистонда Рамазон ойининг биринчи куни — 19 февралга тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилинди», дейилади идора хабарида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бугун, 17 феврал куни — ҳижрий 1447 йил Рамазон ойи ҳилоли кўринмаганини маълум қилди. Диний идорага кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институтининг тақдим этган маълумоти ҳам мазкур кузатишларни тасдиқлаган.

«Шу боис, жорий йил 18 феврал кунини — Шаъбон ойининг ўттизинчи куни, Рамазон ойининг биринчи куни эса шу йилнинг 19 феврал кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилинди», дейилади Мусулмонлар идораси хабарида.

Диний идоранинг маълум қилишича, қуйидаги аксар мусулмон мамлакатлари ҳам Рамазон ойининг биринчи кунини шу йилнинг 19 феврал куни деб эълон қилган:

  • Миср Араб Республикаси
  • Иордания
  • Сурия
  • Ироқ
  • Эрон
  • Туркия
  • Қозоғистон
  • Қирғизистон
  • Тожикистон
  • Туркманистон
  • Озарбойжон
  • Индонезия
  • Бруней
  • Уммон
  • Сингапур
  • Австралия
  • Япония
  • Покистон
  • Ҳиндистон
  • Малайзия
  • Жанубий Корея

Мусулмонлар идорасининг маълум қилишича, Европа фатво ва тадқиқотлар кенгаши ҳам жорий йил 19 феврал кунини Рамазон ойининг биринчи куни, деб эълон қилган.

Бугун, тушдан сўнг Саудия Арабистони Олий судининг ой кўриш қўмитаси 2026 йил 18 феврални Рамазон ойининг биринчи куни деб эълон қилганди.

Ўзбекистонда эса 16 феврал куни «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги президент қарори имзоланди. Унга кўра, 2026 йилги муборак Рамазон ойининг бошланиши 19 феврал кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид