Маиший техника импортида янги талаб. Энергосамарадорлик тестлари кўп вақт ва харажат талаб қиляпти
Ўзбекистонга олиб кириладиган совуткич, музлаткич ва кондиционерлар энергосамарадорлик бўйича синовдан ўтказила бошланди. Бу синовни фақат битта корхона ўтказаётгани учун товарлар божхона омборида узоқ қолиб кетяпти, натижада омборда сақлаш харажатлари ошяпти. Қолаверса, синовнинг ўзи учун ҳам тўлов қилиш керак. Kun.uz бу борада суриштирув олиб борди.
2024 йил феврал ойидан бошлаб Ўзбекистонга олиб кириладиган совуткич, музлаткич ва кондиционерлар энергосамарадорлик бўйича синовдан ўтказила бошланди. Бу синов баённомасини олмасдан туриб, уларга мувофиқлик сертификати берилмайди ва товарни Ўзбекистонда сотиш мумкин бўлмайди.
Бу ҳақда Kun.uz'га бир нечта маиший техника импортёрлари маълум қилди.
Уларнинг сўзларига кўра, синов баённомасини олиш қимматга тушяпти, чунки энергосамарадорлик бўйича фақат битта корхона – “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳузуридаги “Eltech-Lab” МЧЖ синов баённомасини бера олади. Тест натижалари чиқиши совуткич ва музлаткичлар учун 13 суткани, кондиционерлар учун эса 3-4 суткани ташкил қилади. Лаборатория атиги битта бўлгани учун ҳозирда 30 дан зиёд импортёрлар навбати келишини кутаётгани айтилмоқда.
“Мен ҳозир кондиционер олиб кирсам, “Eltech-Lab” 1 ойда навбатингиз келади дейди, навбатим келганидан кейин камида 3 сутка яна кутишим керак. Унгача товарим божхона омборида туради”, – дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган тадбиркор.
Яна бир тадбиркорнинг айтишича, “таниш-билиш” бўлгани учун у камида 1 ой кутиши керак.
“Таниш-билиш бўлгани учун 1 ой кутишим кераклигини айтишди, таниш бўлмаганлар 2 ой кутишини айтишмоқда. 2 ойдан кейин навбат келса, совуткич учун 13 сутка, жуда чўзилса 18 суткада синов натижалари чиқаркан. Бунгача олиб келган товарим божхона омборида туради, ҳар бир кун учун тўлов ҳисобланиб кетаверади”, дейди у.
Ҳозирча “Eltech-Lab” фақат совуткич, музлаткич ва кондиционерларни синовдан ўтказмоқда.
Тадбиркорларни норози қилаётган яна бир жиҳат – синовдан ўтказиш тўловининг қимматлиги. Маълум бўлишича, бир турдаги кондиционерни синовдан ўтказиш тўлови 3 млн 800 минг сўмни, совуткич эса 9 млн 700 минг сўмни ташкил қилади. Бундан ташқари, тадбиркор бир хил маркали маиший техника импорт қилса-да, ҳар бир партияда келган товар қайта ва қайта синовдан ўтказилиши керак.
“Дейлик, мен 4 хил фирма ишлаб чиқарган кондиционердан 50 тадан олиб келсам, 4 хилидан биттадан олиб, лабораторияга топширишим керак. Ҳар битта кондиционер учун 3 млн 800 минг сўмдан тўлов олишяпти, 15 млн 200 минг сўм уларга пул тўлашим керак”, дейди кондиционер олиб кирадиган тадбиркор.
Совуткич ва музлаткичлар билан боғлиқ вазият мураккаброқ экани айтиляпти.
“5 турдаги совуткичкич олиб келаман, уларнинг ушлагичи, тепа ва пастки қисмлари бўлинганида 5 хил совуткич 25 хилга айланади. Жами 250 млн сўм тўлов қилишим керак. Бундай товардан бир ойда 4 марта олиб келсам, 1 млрд сўм тўлашим керак.
Экологик синов биз учун анча енгил, 1000 дона совуткичдан бир дона олиб, синовдан ўтказиб беришади, 1 дона товар учун тўлов қиламиз.
Бир хил фирма, бир хил маҳсулот олиб кираман, нега энергосамарадорлик тестида ҳар бир партия алоҳида синовдан ўтказилади? Битта нарсага беш марта тўлов қилишга мажбурлашяпти”, – дейди тадбиркор.
Барча тадбиркорлар учун битта лаборатория ишлагани сабабли навбати келишини камида бир ой кутишга мажбур бўладиган тадбиркорларнинг товарлари синов натижалари чиққунча божхона омборида туриши керак.
Kun.uz'нинг аниқлашича, 120 куб товар (тадбиркорлар асосан шу ҳажмда товар олиб киришини айтмоқда) бир кун божхона омборида туриши 120 минг сўмни ташкил қилади. Бу бир ой учун тадбиркорга 3 млн 600 минг сўм ортиқча тўлов дегани.
“Бу шунчаки сунъий равишда импортни чеклаш. Лаборатория давлатнинг бирор корхонаси сифатида ташкил қилинса, майли эди, қанақадир битта МЧЖга бу ҳуқуқ бериб қўйиляпти.
“Eltech-Lab” энергосамарадорликни текшираман деб олиб келган ускунанинг ўзи қанчалик ишончлилиги борасида ҳам бизда саволлар бор. Лабораторияга бориб келдим, уч нафар одам ўтирибди: битта директор, битта ўринбосар ва битта ишчи ишлайди.
4 дона холодилникни олиб борсангиз, ўзингиз тушириб беришингиз керак. Лаборатория ходимлари ҳам 3 киши қандай қилиб шунча импортёрнинг товарларини синовдан ўтказамиз деб шикоят қилади”, – дейди таҳририят билан гаплашган маиший техника импортчиси.
Совуткич импорт қиладиган тадбиркорлардан бирининг айтишича, у олиб кираётган маиший техникалар жаҳон брендлари бўлиб, уларнинг ҳар бир ускунаси учун кўпдан кўп патентлари бор.
“Бренд совуткичлар олиб кираман. Уларнинг Европа, Америкада заводлари бор, уларни Хитой аппарати билан текшириш умуман мантиққа тўғри келмайди.
Саволларимизга ҳеч ким жавоб бермаяпти. Нега бир хил нарсани қайта-қайта синовдан ўтказишим керак. Конвейердан бир хил чиқади-ку? Нега ҳозир “Eltech-Lab” деган бир МЧЖгина синовдан ўтказяпти? Нега улардан бошқа ташкилот йўқ? Тадбиркорлар навбати келгунча 1-2 ойлаб навбатда туриши керак, йўқотиладиган вақтимизнинг харажатларини кимдир ҳисоб-китоб қиладими? Бундан ташқари, мавсумийлик деган масала ҳам бор”, – дейди у.
Бу талаб қаердан пайдо бўлди?
2019 йилдаги 4422-сонли президент қарорига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан бошлаб илгари фойдаланишда бўлган генератор ускуналари, кучланишни пасайтирувчи трансформаторлар, электр двигателлар, шунингдек, энергия самарадорлиги “B” ва ундан қуйи тоифадаги энергия сарфловчи маиший электр приборларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланадиган энергия самарадорлиги “B” ва ундан қуйи тоифадаги энергия сарфловчи маиший электр приборлари рўйхатига 18 турдаги техникалар киритилган. Булар – марказий иситиш қозонлари, ҳаво тортиш колпаклари, кондиционерлар, совиткичлар, музлаткичлар, сув иситкичлари, идиш ювиш машиналари, кир ювиш машиналари, чангюткичлар, микротўлқинли печлар, мониторлар, маиший стационар электр плиталар кабилардир.
Техник тартибга солиш агентлиги матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, юқоридаги ҳужжатга асосан маиший техникаларни тестдан ўтказадиган синов лабораторияларини ишга тушириш катта маблағ – 1 млн доллардан 3 млн долларгача талаб қилгани боис ишлар кечиккан. Биринчи лаборатория (Eltech-Lab) ишга тушиши билан биринчи босқичда совуткич ва кондиционерларни синовдан ўтказиш бошланган.
2023 йил 8 декабрда агентлик тизимидаги Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти 14 та сертификатлаштириш идораларига хат юборади (ҳужжат Kun.uz ихтиёрида бор). Унда иситиш қозонлари, совитиш ва музлатиш ускуналари қўшимча равишда энергосамарадорлик бўйича синовдан ўтказилиши шартлиги назарда тутилади.
“Сертификатлаштириш идораси томонидан мувофиқлик сертификати расмийлаштириш жараёнида барча кўрсаткичларни синовдан ўтказиб, мувофиқлик сертификати расмийлаштиришингиз сўралади. Синовлар тўлиқ ўтказилмаган ҳолатлар аниқланганда, ушбу маҳсулотлар сифати кафолатланмаган ҳисобланади ва импортига тақиқ киритилади”, – дейилади хатда.
Сертификатлаштириш идоралари сертификатлаштириш ишларини бажаришда белгиланган тартиб-таомиллар бузилган тақдирда 300 БҲМ (102 млн сўм) миқдорида жаримага тортилишидан огоҳлантирилган.
Шундай қилиб, бу товарларни Ўзбекистонга олиб кирувчи тадбиркорлар мувофиқлик сертификати олиши учун аввал энергосамарадорлик бўйича синов баённомасини олиши керак, акс ҳолда, улар бу маҳсулотларни олиб кира олмайди.
“Eltech-Lab”
Kun.uz мухбири маиший техника импортчиси сифатида “Eltech-Lab” МЧЖга бориб, айрим саволларга жавоб олди. МЧЖ ҳозирда “Элтехсаноат” биноси ичида, лаборатория эса “Технопарк”да жойлашган. Ташкилот ходимларининг айтишича, 30 дан зиёд совуткич ва кондиционер импорт қилувчи фирмалар синов натижаларини кутмоқда.
“Нарх – электр токи истеъмоли, ускуналарнинг харажатлари ва ходимларнинг маошидан келиб чиқиб белгиланади. Бир текширишда 12 та холодилникни текшира оламиз. Битта совуткич 13 кун мабойнида камерада туради”, – дейди ходимлардан бири. У тадбиркорлар камида 1 ой кутиши кераклигини тасдиқлади.
Ходимлар нима сабабдан бир хил маркали товар янги партияда келса, қайта синовдан ўтказилиши ҳақидаги саволга жавоб бермади.
“Янги партия товар олиб келсангиз, янги навбат ва янгидан тўлов қилиб, кутасиз. Товарингиз маркаси бир хил бўлса ҳам, янги партиядан олиб киряпсизми, бўлди, синовдан ўтказилиши керак”, – дейди ходимлардан бири.
Эътиборлиси, 2024 йил 10 январда қабул қилинган 15-сонли қарорда 2024 йилда “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига “Eltech-Lab” МЧЖда синов лабораториясини жиҳозлаш учун давлат бюджетидан босқичма-босқич 25 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилган.
15-сонли қарор маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга янги имтиёзлар пакетини тақдим этиши ва импортга қўшимча талаблар киритиши билан январ ойида муҳокамаларга сабаб бўлганди. Кейинчалик бу ҳужжатнинг айрим қисмлари Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтказилмагани, ҳужжатнинг ўзи эса Савдо-саноат палатаси ва Президент ҳузуридаги кенгаш билан келишилмагани маълум бўлди.
“Eltech-Lab” МЧЖ 2022 йил 11 ноябрда Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманида рўйхатга олинган. Фаолият тури – бошқа тоифаларга киритилмаган профессионал, илмий ва техник фаолият. Устав фонди – 1 млрд 150 млн сўм. Корхонанинг 100 фоиз улуши Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари уюшмаси – “Ўзэлтехсаноат”га тегишли.
Корхона раҳбари сифатида Қўшақов Сардорбек Иномжонович кўрсатилган.
Нега бу ҳуқуқ фақат битта МЧЖда?
Kun.uz'нинг бу саволига жавобан Техник тартибга солиш агентлигининг маълум қилишича, шу йил 10 январдаги 15-сонли қарорнинг 8-бандига асосан, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган мажбурий кўрсаткичларни аниқлашни тўлиқ таъминлайдиган, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган синов лабораторияси мавжуд бўлмаган сертификатлаштириш органлари томонидан электротехника маҳсулотларига мувофиқлик сертификатларини бериш тақиқланган.
“Бугунги кунда республикада маиший совуткичлар ва кондиционерларга талабларни белгиловчи ИСО 5151, ГОСТ Р МЭК 62552-3-2018, ГОСТ Р МЭК 62552-2-2018 стандартлари амалда бўлиб, ушбу стандартларда хавфсизлик, энергия самарадорлик ва электромагнит мослашувчанлик кўрсаткичларини аниқлаш бўйича талаблар белгиланган.
Жумладан, “Eltech-Lab” МЖЧ қошидаги лаборатория энергия самарадорлик кўрсаткичини синаш имкониятига эга.
Юқорида кўрсатиб ўтилган қолган кўрсаткичлар бўйича синовларни 14-сертификатлаштириш идораси қошидаги аккредитланган синов лабораторияларида амалга ошириш имконияти бор.
ГОСТ Р МЭК 62552-3-2018, ГОСТ Р МЭК 62552-2-2018 стандарти талабларига кўра, маиший совуткичларнинг синов жараёни 13 суткани, кондиционерларники 3 суткани ташкил қилади”, – дейилади агентлик изоҳида.
Агентлик матбуот котиби Абдурауф Расулов берган қўшимча изоҳга кўра, ҳозир энергосамарадорлик бўйича республикада аккредитациядан ўтган битта лаборатория бор, йилнинг охиригача 2 та лаборатория ташкил қилинади.
“Ўзимиздаги лабораторияни 204 млн евро Корея гранти асосида қиляпмиз. “Элтехсаноат” ҳам лабораториясини кенгайтиради. Ҳозирги билан қўшилган ҳолда янги лаборатория ташкил қилинади”, – деди агентлик матбуот котиби ўз изоҳида.
У нима сабабдан лабораториялар сони кўпайтирилиб, танлов имконияти яратилганидан кейин бундай мажбурий талаб қўйилмади, деган саволга агентлик масъул бошқармаси жавобини тақдим қилди:
“Тадбиркорлик шунақа соҳа-да, пул нуқтайи назаридан ишлайди. Улар бундай талаблар қўйилаётганини олдиндан билган, шунга қарамай мол олиб келган. Бугунги кунда битта лаборатория эканини билиб туриб ҳам мол олиб келяпти. Худди шу қулайлик яратиб бериш учун 2400 еврога биз, қарийб 1 млн долларга “Элтехсаноат” янги лаборатория қиляпти. Лабораторияни ташкил этиш битта ускуна, иккита одам билан бўлиб қолмайди, катта маблағ билан бўладиган масала бу.
Навбатлар масаласини ҳам ўйлаяпмиз. Смена қўйиб, 24 соат лабораторияни ишлатиш масаласини ҳам кўриб чиқяпмиз”.
Техник тартибга солиш агентлигига кўра, йил охиригача ишга тушадиган лабораториялар имкониятидан келиб чиқиб, бошқа маиший техникаларни ҳам энергосамарадорлик бўйича синовдан ўтказиш бошланади.
Мадина Очилова,
Kun.uz
Мавзуга оид
20:33 / 07.09.2024
BYD Seagull Ўзбекистонда Хитойдаги нархидан 4300 доллар қиммат сотилади
14:00 / 05.09.2024
Автомобил аккумулятори чиқиндисини утилизация қилиш тизими жорий этилиши мумкин
13:56 / 05.09.2024
Ўзбекистонда бу йил сим карта, тўлов картаси ва литий батареясини ишлаб чиқариш бошланади
13:54 / 05.09.2024