Жамият | 11:34
11935
9 дақиқада ўқилади

“Қизимизнинг жасади топилса, олиб кетсак бўлди” – Сайёранинг жасади ҳалигача қидирилмоқда

Истанбулда икки ўзбекистонлик аёл шафқатсизларча ўлдирилди. Бирининг жасади топилиб, Ўзбекистонга қайтарилди. Аммо иккинчи қурбоннинг жасади чиқиндилар орасидан ҳалигача қидирилмоқда. Гумонланувчилар қўлга олинган, оилалар энг оғир жазо талаб қилмоқда.

“Жасади топилган деган маълумот келди, буям ёлғон экан”

Истанбулда икки ўзбекистонлик аёл Дурдона Ҳакимова ва Сайёра Эргашалиева шафқатсизлик билан ўлдирилди. Қотилликда гумонланаётганлар ҳам ўзбек эркаклар. Полиция дастлаб Дурдона Ҳакимованинг ўлими юзасидан тергов бошлаган эди. Шу орада Дурдонанинг дугонаси Сайёранинг ҳам 23 январдан бери бедарак эканлиги ҳақида мазкур мамлакатда фаолият юритувчи Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти хабар берди. Текширув жараёнида айнан шу хонадонда яна бир аёл – Наманганда туғилган 32 ёшли Сайёра Эргашалиева ҳам қурбон бўлгани аниқланган. 30 январ куни Дурдонанинг жасади ва икки фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди. Аммо Сайёранинг жасади ҳалигача топилмаган.

“Бу ерга ишлаб пул топиш учун келган эди. Шунақа нарсаларга эътибор беришингизни сўраймиз, ёлғон маълумотлар тарқатилмасин. Жасади топилган деган маълумот келди, буям ёлғон экан. Рост гапни кутиб турибмиз, бир нарса илинжида шу ерда турибмиз: қизимизнинг мурдаси топилса, олиб кетсак бўлди. Шунга амалий ёрдам беринг, илтимос”, - дея мурожаат қилган марҳуманинг онаси Соҳиба Муҳсинова.

Икки жасад бир жомадонда ташилган - адвокатлар

Воқеа ҳақида хабар берган Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти адвокатларига кўра, унинг жасадини топиш мақсадида ҳозиргача 400 минг тонна чиқинди текширувдан ўтказилган.

Адвокат Жеват Бозкурт: “Сўроқ давомида улар Сайёра хонимни ўлдирганини тан олишган. Аввал 23 январдан 24 январга ўтар кечаси Сайёра хоним ўлдирилган, шундан кейин гумонланувчилар томонидан жасад бўлакларга ажратилган. Жасаднинг бир қисми яшаб турган манзил яқинидаги чиқинди контейнерига, қолган қисми эса Фотиҳ туманидаги контейнерга ташланган. Улар тана бўлакларини олиб борган жомадонни бўшатиб уйга қайтишган. Сайёра хонимнинг телефони орқали Дурдона хонимга хабар юбориб, уни ҳам чақиришган.

Олган маълумотимизга кўра, улар Дурдона хонимнинг жасадини ташлашганидан кейин 5 дақиқа ўтиб чиқиндиларни сараловчи томонидан топилган. Агар у 5 дақиқа кечикканда, унинг жасади ҳам топилмаслиги мумкин эди. Чунки ортидан чиқинди ташувчи машина келаётгани ҳақида маълумот бор. Полиция бу ҳақда хабар топиши биланоқ чиқинди йиғиш ишларини тўхтатишга буйруқ берилган.

Дастлаб бу ҳолат фақат битта қотиллик сифатида баҳоланган. Бизнинг мурожаатларимизга қадар иккинчи аёл мавжудлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Кейинчалик сўроқ жараёнида бу ҳолат аниқлангач, тергов чуқурлаштирилди. Камера ёзувлари қўлга киритилди. Иқрор кўрсатмалари ва камера тасвирлари асосида Сайёра хоним Дурдонадан тахминан 12–13 соат аввал ўлдирилгани аниқланди. Икки нафар жабрланувчининг жасади ҳам битта жомадонда ташилгани маълум бўлди. Ота-онасидан ДНК намуналари олинди.

Истанбул жуда катта шаҳар. Айниқса жасаднинг бир қисми Осиё қисмида, иккинчи қисми Европа қисмида ташлангани, чиқинди йиғиш майдонлари икки қитъа учун алоҳида нуқталарда жойлашгани топилиш эҳтимолини жуда пасайтириб юборди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳануз қидирув ишларини олиб боришяпти. Ҳозирга қадар қарийб 400 минг тоннага яқин чиқинди саралаб кўрилган. Қидирув давом этмоқда, умид қиламизки, жасад топилади.

Қотилликнинг содир этилиш усули ва изларни йўқотиш ҳаракатларини инобатга олсак, бу жиноят илк ҳолат бўлмаслиги мумкин, деб ҳисоблаймиз. Икки гумонланувчи 15 кунлик танишувдан сўнг икки нафар аёлни ўлдиришига ишониш қийин. Бу олдиндан режалаштирилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Воқеанинг ортида яна бошқа жиҳатлар ҳам очилиши мумкин, деб ўйлаймиз. Ўзбекистон расмий идораларидан гумонланувчилар ўз мамлакатида ҳам шунга ўхшаш жиноятга аралашгани ҳақида ҳозирча маълумот келмади.

Оила жуда оғир аҳволда. Улар ҳали ҳам мамлакатимизда. Жасад топилишига қаттиқ ишонишмоқда, уни ватанга олиб кетиб, дафн этишмоқчи. Албатта, гумонланувчилар энг оғир жазога тортилишини исташмоқда”.

Адвокат Эзги Экин Арслан: “Маълум бўлишича, Сайёра хоним ҳам 23 январдан 24 январга ўтар кечаси айнан ўша уйда шафқатсиз қотиллик қурбони бўлган. Унинг жасади ҳам 24 январь куни айнан ўша хонадондан олиб чиқилган. Ҳозирда оила кўз ёши билан қизларининг жасадини кутиб турибди. Биз уларга ‘Қизингиз икки ҳафта аввал чиқинди контейнерига ташланган ва ҳозир уни топиш имконияти жуда кам’ дея олмаймиз. ‘Сайёранинг жасади топилди’ деган хабарлар тарқалмоқда, аммо ҳали жасад топилмади. Умид қиламанки, жасад топилади ва оиласига топширилади.

Балки бу икки аёлнинг қотиллигидан кейин яна бошқа аёлларга оид жиноятлар ҳам фош бўлар – бу ҳақида бир нима дейиш қийин. Биз икки нафар гумонланувчининг икки аёлни бўлакларга ажратиб, чиқинди контейнерларига ташлаб, бамайлихотир мамлакатдан чиқиб кетишга уринганини биламиз. Бу гумонланувчилар билан яна бошқа аёллар алоқа қилганми, яна шундай бедарак йўқолган аёллар борми - афсуски, бу ҳақда маълумотимиз йўқ. Агар Сайёранинг оиласи бу ерга келмаганида нима бўларди? Эҳтимол, биз Сайёра ҳақида ҳеч қачон хабар топа олмасдик”.

“Қотилликни содир этган шахснинг опаси ва қизи икки ой биз билан яшаган”

Дурдона Ҳакимованинг турмуш ўртоғи 38 ёшли Эрҳан Дурсун ушбу шафқатсиз қотилликка нисбатан норозилик билдириб, гумонланувчининг “ишқий муносабат” ҳақидаги даъволарини рад этиб, уларга энг оғир жазо тайинланишини талаб қилди. Улар 2019 йилда турмуш қуриб, аёлнинг икки қизи ва Эрҳаннинг бир ўғил фарзандини биргаликда тарбиялаб келишаётган эдилар.

 “Воқеа куни турмуш ўртоғим у ерга ўғлим билан автобусда борган. Уйга яқин дўкон олдида онасини кутган. Онаси “ҳозир келаман” деган. 5 дақиқадан кейин ўғлим қўнғироқ қилган, жавоб бўлмаган. 15:17 да яна қўнғироқ қилган , яна жавоб бўлмаган. Ёнидаги шахс ўғлимни таксига ўтқазиб, Оқсарой метро бекатигача олиб боришни айтган. Ўғлим у ердан пиёда уйга қайтган. Эҳтимол, ўғлимни чалғитиш учун онасини ичкарига ёлғиз чақиришган.

Кечки соат 23:00–24:00 атрофида ухлашга ҳозирланаётган эдик, бир пайт эшик қўнғироғи чалиниб қолди. Ўғлим югуриб эшикни очди, мен ҳам чиқдим. 5–6 нафар полиция ходими келган экан. Кейин мени бўлимга олиб кетишди. 1–2 соатдан кейин гумонланувчиларни ҳам олиб келишди. Менга уни қандай ўлдиришганини айтмадилар, фақат “ўлди” дейишди. Аввал буни қабул қила олмадим. Гумонланувчиларни сўроқхона ойнасидан кўрдим, қўллари чўнтакда, жуда хотиржам юриб келишарди.

Турмуш ўртоғим мени асло алдамайди, 100 фоиз ишонаман. Агар хиёнат нияти бўлганида, у ерга ўғлим билан бормасди. Ўғлим очиқ гапирадиган бола, бундай ҳолат бўлиши мумкин эмас. Бирор кимса онасига тегинса ҳам, ўғлим бундан қаттиқ безовта бўларди.

Кимдир унга хабар ёзган ва у борган. Бошқа сабаб йўқ. Қаерга борса, менга жойлашувини, ким билан эканини айтиб турарди. Адолатга ишонаман. Бундай шафқатсиз жиноят учун энг оғир жазо берилишини истайман. Қотилликни содир этган шахснинг опаси ва қизи икки ой биз билан яшаган, унинг оиласидан икки кишини таниймиз. Жамоатчиликда турмуш ўртоғимни танимай туриб изоҳ ёзаётганларга айтадиган гапим кўп, лекин ҳали ҳам дардимизни қабул қила олмаяпмиз. Ортида икки нафар фарзанди қолди. Мен унинг ҳалоллигига танам ва жоним билан кафилман”, деган у.

Манбаларимизга кўра, Дурдонадан кейинги қурбон – Сайёранинг ҳам боғча ёшидаги икки нафар фарзанди бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ваҳшиёна қотиллик Туркияда аёлларнинг норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова

Мавзуга оид