Ўзбекистон | 19:09 / 04.03.2020
43656
3 дақиқада ўқилади

Қўшни давлатлардан ўқишни кўчиришнинг қўшимча тартиблари белгиланди

«Олинган маълумотларга кўра, жами 36 минг 400 нафардан кўпроқ талабага ўқишини 80та ОТМга кўчиришга рухсат берилди» – Хушнудбек Худойбердиев.

Қўшни давлат ОТМларидан республика ОТМларига ўқишни кўчиришнинг қўшимча тартиблари белгиланди.

Блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ўз Telegram-каналида ёзишича, Давлат қабул комиссиясининг 2020 йил 28 февралдаги 13-сон баёнига мувофиқ, қуйидагилар белгиланган:

  • қўшни давлатлардаги ОТМлардан республика ОТМларига ўқиши кўчирилиши рухсат берилган талабалар сони тақсимоти ОТМлар кесимида тасдиқланди;
  • қўшни давлатларнинг ОТМларида камида бир семестр мобайнида ўқишини давом эттирмасдан, бошқа давлатларнинг (хусусан, Россия Федерацияси ва бошқа давлатлар) ОТМларидан ўқишини ўқув йилининг ярмида кўчириб ўтган талабаларнинг ўқиши кўчирилмайди.

Блогернинг ёзишича, қўшни давлатлардан ўқишни имтиҳонсиз кўчириш мумкинлиги ҳақида хабар чиққач, Россия ёки Украинада ўқиётган талабалар уддабуронлик билан ўз ўқишини қўшни давлатга (асосан Қозоғистон) кўчириб ўтишни бошлашган.

«Аммо улар Қозоғистонда ҳатто 1 семестр ҳам ўқишгани йўқ. Ана шундай талабалар ўқишини Ўзбекистонга кўчира олишмайди», дейди у.

  • Қўшни давлатларнинг ОТМларида масофавий таълим шакли бўйича ва онлайн тарзда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилмайди;
  • қўшни давлатлардаги ОТМлардан республика ОТМларига ўқишини кўчириш фақатгина жорий йилда Давлат қабул комиссияси томонидан белгиланган муддатларда амалга оширилиши қатъиян белгилаб қўйилди.

Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, кўпчилик жорий йилдаги каби ўзига хос «амнистия» ҳар йили бўлади, деб ўйлашмоқда ва шу сабабли ёзда қўшни давлатларга олдингидан бир неча баробар кўп ёшлар ўқишга кетишни режа қилиб туришибди.

«Уёққа имтиҳтонсиз ўқишга кирамиз, кейин қишда ўқишини имтиҳонсиз кўчирамиз, деб ўйлашаётганди. Шунинг учун ҳам қарорда аниқ белгиландики, бундай акция фақат жорий йилда бўлади, кейинги йилларда умумий тартибда имтиҳон асосида ўқишни кўчириш мумкин бўлади».

Шунингдек, қўшни давлатлардаги ОТМлардан ўқишни кўчириш натижалари уч кун муддатда тегишли ОТМларга етказилиши маълум қилинган.

«Олинган маълумотларга кўра, жами 36 минг 400 нафардан кўпроқ талабага ўқишини 80та ОТМга кўчиришга рухсат берилди», деб маълум қилди Республика олий таълим кенгаши аъзоси Хушнудбек Худойбердиев.

Мавзуга оид