Таълим | 14:49 / 10.01.2026
2013
2 дақиқада ўқилади

Баҳорги семестр учун ўқишни кўчириш аризалари 10 январдан қабул қилинади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган низомга киритилган ўзгартишларга кўра, олий таълим ташкилотлари талабалари баҳорги семестр учун ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризаларни ҳар йили 10–20 январ кунлари топшириши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 578-сон қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, баҳорги семестр олдидан олий таълим ташкилотлари талабаларининг ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризаларни қабул қилиш муддатига ўзгартириш киритилди. Янги тартибга кўра, ариза топшириш ҳар йили 10 январдан 20 январгача (20 январ куни ҳам) амалга оширилади.

Аризаларни қуйидаги шаклларда топшириш мумкин:

  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий transfer.edu.uz сайти орқали;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали онлайн;
  • вазир буйруғи билан ташкил этиладиган ҳудудий ишчи гуруҳлар орқали ҳам қабул қилиниши мумкин.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

  • рейтинг дафтарчаси, академик маълумотнома ёки транскрипт нусхаси;
  • ўқишни кўчириш (қайта тиклаш) сабабларини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Шу билан бирга, айрим чекловлар ҳам белгиланган. Хусусан, баҳорги семестр олдидан бир олий таълим ташкилотидан бошқасига “кўчириб тиклаш” бўйича аризалар қабул қилинмайди. Шунингдек, 1-босқич (1-курс) 1-семестрига ўқишни кўчиришга рухсат этилмайди (истисно ҳолатлар бундан мустасно).

Қайд этилишича, ўқишни кўчиришда фанлар фарқи 4 тадан ошмаслиги, GPA кўрсаткичи эса камида 2,4 бўлиши лозим.

Топширилган аризалар белгиланган тартибда олий таълим ташкилотлари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Давлат комиссияси томонидан 21 январдан 10 февралгача (10 феврал куни ҳам) кўриб чиқилади. Натижалар ариза берувчиларга белгиланган тартибда маълум қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид