Жаҳон | 10:23 / 28.07.2025
4991
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Германияда поезд издан чиқиб кетди, қурбонлар бор

Германия жануби-ғарбида поезд ҳалокати оқибатида уч киши вафот этиб, 50 дан ортиқ киши яраланди.

Thomas Warnack/ dpa

Ҳодиса якшанба куни кечқурун Зигмаринген-Улм йўналишида ҳаракатланган поезд билан рўй берган.

Маҳаллий қутқарув хизмати бошлиғи Шарлотта Циллер тунда матбуот вакилларига ҳалокат жойидаги қутқарув ишлари якунлангани ҳақида маълумот берган.

«Биздаги маълумотларга кўра, вагонларда одамлар қолмади ва барчага тиббий ёрдам кўрсатилди», — деган Циллер хоним.

Ҳалокатдан олдинроқ мазкур ҳудудда бўрон бўлиб ўтганди ва шу вақтда йўлдаги кўтарма бузилгани, шунинг учун поезд издан чиқиб кетгани тахмин қилинмоқда.

Аммо расмий маълумотларда ҳалокат сабаблари ҳақида гап йўқ.

«Тун бўйи ишлаймиз, тергов бошладик. Ҳозир воқеа жойида ашёвий далиллар тўпланади, бу, катта эҳтимол билан, эртанги кунгача ёки ундан кўпроқ вақтни олади», - дея полиция матбуот котиби Улм Свен Франкеннинг сўзларини келтиради Reuters.

DPA агентлиги маълумотига кўра, поездда жами 100 нафар атрофида одам бўлган.

Германия канцлери Фридрих Мерц X ижтимоий тармоғида ҳалок бўлганларнинг яқинларига «чуқур ҳамдардлик» билдирган.

Шунингдек, у ички ишлар ва транспорт вазирлари билан боғланиб, тезкор хизматларга барча зарур ёрдамни кўрсатишни сўраганини ёзган.

Воқеа жойидан олинган суратларда ёнбошлаб қолган вагонлар ва кўплаб қутқарувчилар, қулаган дарахтларни кўриш мумкин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид