Жаҳон | 15:57 / 25.09.2025
4210
9 дақиқада ўқилади

Трампнинг Исроил бўйича ваъдаси, Сумуд флотилиясига дронлар ҳужуми, 60 йил деганда БМТга келган Сурия етакчиси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ учун «қизил чизиқ»

Исроил томонидан Ғарбий Соҳилнинг айрим қисмларини аннексия қилишга бўлган ҳар қандай уриниш АҚШ учун «қизил чизиқ» бўлади ва бу араб-исроил дипломатик нормаллаштириш жараёнининг охирини англатади. Бу ҳақда фикр билдирган Франция президенти Эммануэл Макроннинг айтишича, у бундай кафолатни Доналд Трампдан олган.

Макрон, шунингдек, АҚШ раҳбарига Фаластиннинг келажаги бўйича уч бетли режани тақдим этганини маълум қилди. Бу режа Ню Йорк декларациясига асосланган бўлиб, 143 дан ортиқ давлат томонидан қўллаб-қувватланган ҳужжатда Ғазо ва Ғарбий Соҳилда Ҳамасни келажакдаги бошқарувдан чиқариш таклиф қилинган.

Исроилнинг Ғарбий Соҳилда, жумладан, Э1 коридорида 3 400 та янги уй қурилишини ўз ичига олган аҳоли пунктларини кенгайтириш режалари мавжуд. Макрон «Бу масалада европаликлар ҳам, америкаликлар ҳам бир позицияда», деди.

«Ғарбий Соҳилни аннексия қилишга уриниш «Иброҳим келишувлари»нинг охири бўлади, бу Трампнинг биринчи президентлик давридаги энг муҳим дипломатик ютуқлардан бири эди. Бирлашган Араб Амирликлари бу борада жуда очиқчасига фикр билдирди. Бу АҚШ учун қизил чизиқ деб ўйлайман», деди Макрон.

Кейинроқ Politico нашри Доналд Трамп араб-мусулмон етакчилари билан учрашувда Исроил Ғарбий Соҳил тўлиқ аннексия қилинишига йўл қўймасликка ваъда берганини ёзди. Америка президенти «бу масала бўйича қатъий позицияга эга».

Агар Трамп аннексияга йўл қўймасликда қатъий турса, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу жиддий сиёсий босим остида қолади, чунки унинг ўта ўнг коалициясидаги айрим аъзолар Ғарбий Соҳилни қисман ёки тўлиқ қўшиб олишни талаб қилмоқда. Аксинча, агар Нетаняҳу АҚШнинг розилиги ёки сукутли қўллаб-қувватлаши билан аннексия қилса, Исроил ёнида Фаластин давлати барпо этиладиган икки давлатли ечим режасининг ўзи хавф остида қолади. Нетаняҳу душанба куни Оқ уйда Трамп билан учрашиши, жума куни эса БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Макрон, шунингдек, гаровдагилар ва Ғазо тинч аҳолиси тақдири Нетаняҳу қўлида қолдирилмаслиги кераклигини айтди. «Нетаняҳунинг биринчи устувор вазифаси гаровдагиларни озод қилиш эмас – акс ҳолда у Ғазо шаҳрига сўнгги ҳужумни бошламас ва Қатардаги музокарачиларга зарба бермас эди».

У шундай деди: «Биз америкаликларни Исроилга босим ўтказишга кўндиришимиз керак, чунки АҚШ ҳақиқий таъсир кучига эга мамлакатдир». Макроннинг айтишича, агар яқин кунларда урушни тўхтатиш муваффақиятсиз тугаса, Европа бошқа чоралар, хусусан санкцияларни кўриб чиқишга мажбур бўлади.

Лавров ва Рубио учрашуви

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Марко Рубио 24 сентябр куни Ню Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессияси доирасида учрашди. Учрашув бир соатдан камроқ давом этди, деб хабар берди Медуза.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, Рубио Лавров билан учрашувда «президент Трампнинг қотилликларни тўхтатиш ва Москва Россия-Украина урушини барқарор ҳал қилиш учун муҳим чоралар кўриши кераклиги» ҳақидаги чақириғини яна бир бор такрорлаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз навбатида Лавров ва Рубио «Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича фикр алмашганини» айтди.

Таъкидланишича, Лавров Россия АҚШ билан «Украина инқирозининг асл сабабларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни» мувофиқлаштиришга тайёрлигини айтди, шунингдек, «можарони чўзишга қаратилган схемаларни» номақбул деб атади.

Испания ва Италия флотилияни ҳимоя қилади

Испания бош вазири Педро Санчес Италия билан биргаликда Греция яқинида дронлар ҳужумига учраган, Ғазога гуманитар ёрдам етказишга уринаётган халқаро флотилияни ҳимоя қилиш учун ҳарбий кемани юборади.

«Флотилия таркибида 45 мамлакат фуқаролари бор ва улар Ғазо аҳолисига озиқ-овқат етказиш ҳамда уларнинг азоб-уқубатларига ҳамдардлик билдириш учун йўлга чиққан», деди Санчез Ню Йоркдаги матбуот анжуманида.

Шунингдек, Италия мудофаа вазири Гуидо Кросетто ўз фуқароларига ёрдам кўрсатиш мақсадида Италиянинг ҳарбий-денгиз фрегатини 52 та қайиқдан иборат флотилия томон юборганини айтди.

Глобал Сумуд флотилияси тахминан 50 та фуқаровий қайиқдан иборат бўлиб, Исроилнинг Ғазодаги денгиз блокадасини ёриб ўтишга уринмоқда. Уларнинг бортида кўплаб ҳуқуқшунос ва фаоллар бор.

Флотилия кемалари яқинда Грециянинг Гавдос ороли яқинидаги халқаро сув ҳудудида, қирғоқдан 56 км масофада 12 та дрон ҳужумига учрагани маълум қилинганди. Иқлим фаоли Грета Тунберг душанба куни Reutersʼга берган интервюсида ҳар кеча уларнинг устиларидан дронлар учаётганини айтганди.

«Бу миссия биз ҳақимизда эмас, Ғазо ҳақида. Биз оладиган ҳар қандай хавф фаластинликларнинг ҳар куни бошидан кечираётган хавф-хатарларига яқин ҳам келмайди», деди Тунберг кемадан қилган видеоқўнғироқда.

Исроил флотилияни Ҳамасни қўллаб-қувватлашда айблаб келади, бироқ дрон ҳужуми учун ўзининг масъулияти ҳақида ҳам изоҳ бермади.

Сурия президенти 60 йил деганда БМТ минбарида

24 сентябр куни Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлади. Бу қарийб 60 йилдан бери Сурия раҳбарининг илк маротаба БМТ минбаридан мурожаати бўлди. У нутқ сўзлаётган пайтда юзлаб одамлар Суриянинг шаҳар ва қишлоқларида катта экранлар атрофида йиғилиб, мамлакат байроқларини кўтарган ҳолда унинг чиқишини кузатишди.

Аҳмад аш-Шаръа Сурия халқаро ҳамжамиятга қайтаётганини, 1 миллион одамни ўлдирган ва юз минглаб кишини қийнаган Асадлар диктатураси тугаганини айтди. «Сурия дунё халқлари орасида ўзининг муносиб ўрнини қайта эгалламоқда», деди у.

Ўз нутқида Аш-Шаръа Исроилни ҳам танқид қилиб, Асад ағдарилгандан бери Дамашққа қарши таҳдидларни тўхтатмаганини, бу эса минтақани хавф остига қўйишини таъкидлади. У, шунингдек, Исроил қўшинларининг чиқиб кетишини ва 1974 йилдаги келишуви шартларига қайтишни исташини билдирди.

Бир неча кун олдин Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу офиси Сурияга оид музокаралар давом этаётганини тасдиқлаганди.

Хитойда тролларга қарши кураш

Хитой кибермакон маъмурияти (ХКМ) салбий ҳис-туйғуларни келтириб чиқарадиган онлайн контентга қарши курашга қаратилган икки ойлик кампанияни бошлади. Содда қилиб айтганда, расмийлар интернет троллари ва провокаторларига қарши кураш кампаниясига старт берди.

Асосий эътибор реклама учун фойдаланиладиган ижтимоий тармоқлар, қисқа видео платформалари ва стрим-транслация хизматларига қаратилади. Кампания тажовузкор контент ва «ҳаётга салбий муносабатни тарғиб қилиш, масалан, яшашдан чарчаб кетиш» каби контентга қарши туришга қаратилган. Кураш ёшларнинг иқтисодий қийинчиликлар ва иш ўринларининг етишмаслигидан норозилигини акс эттирувчи «Cанга маданияти»га қаратилган.

The Register нашрининг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар контентни фойдаланувчиларнинг афзалликларига мослаштириб, салбий мавзуларни кучайтиради. Кампания биринчи навбатда салбий қарашларни тарқатаётган ёки ўзини асоссиз танқид қилаётганларга қаратилган.

Шунингдек, сунъий интеллектнинг шафқатсиз контенти ҳам тақиқланади, фитна назариялари ва сохта хабарларга чек қўйилиши айтилмоқда. Давлат қоидабузарларни қандай жазолаши маълум қилинмаган.

Исроилда дрон ҳужуми оқибатида 20 киши жароҳат олди

24 сентябр куни ҳарбий дрон Исроилнинг Қизил денгиз бўйидаги, Иордания ва Миср билан чегарадош курорт шаҳри Эйлатга уриб тушиб, камида 20 киши жароҳатланди. Миллий тез ёрдам хизмати маълумотига кўра, улардан иккисининг аҳволи оғир. Полиция дрон Эйлат марказига тушиб, сайёҳлар кўп қатновчи ҳудудда талафот етказганини билдирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда курорт шаҳри устида учаётган дрон қулаб тушгани, зарба жойидан тутун ва алангалар кўтарилгани кўринади. Маҳаллий хабарларга кўра, дрон меҳмонхона ёнига қулаб тушиб, бир нечта хоналарни шикастлаган.

Ҳужум учун ҳозирча ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олмади. Исроил ОАВлари дрон Яман ҳудудидан учирилганини айтмоқда. Исроил армияси дронни тўсишга уринишлар бўлганини айтди, бироқ тафсилот бермади. Дастлабки текширувига кўра, ҳаво мудофааси тизимлари дронни уриб туширишда муваффақиятсизликка учраган.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар Исроилга қарши минглаб километр масофадан дрон ва ракеталар учириб келмоқда. Улар бу ҳужумларни фаластинликларга бирдамлик сифатида изоҳламоқда. Шу йилнинг бошида бир дрон Исроил асосий халқаро аэропортининг вақтинча ёпилишига сабаб бўлган эди.

Исроил бунга жавобан Яман ҳусийлари назоратидаги ҳудудларни, жумладан, муҳим Худайда портини бомбардимон қилмоқда. 

Мавзуга оид