Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазода таъмирланган шифохона, авиаҳалокатга учраган Ливия ҳарбий қўмондони, БМТда баҳслашган АҚШ ва Эрон – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ливия ҳарбий амалдорлари Туркияда ҳалокатга учради
23 декабр куни ичида Ливия ҳарбий амалдорлари бўлган хусусий реактив самолёт Туркия пойтахтидан ҳавога кўтарилгач, қулаб тушди. Бортда бўлган генерал Аҳмад ал-Ҳаддад, яна тўрт нафар офицер ва 3 нафар экипаж аъзоси вафот этди. Ливия расмийлари ҳалокатга самолётдаги техник носозлик сабаб бўлганини айтмоқда.
Ливия делегацияси икки давлат ўртасида мудофаа музокараларини ўтказиб, Анқарадан қайтаётган эди.
Falcon 50 русумли бизнес-жетнинг қолдиқлари Анқарадан тахминан 70 километр жанубдаги Ҳаймана тумани яқинида топилган. Расмийларга кўра, самолёт – электр носозлиги ҳақида хабар берган ва фавқулодда қўнишни сўраган. Шундан сўнг самолёт Эсенбўгага қайта йўналтирилган ва у ерда қўнишга тайёргарлик бошланган.
Бироқ фавқулодда қўниш учун пастлаётган пайтда самолёт радар экранидан йўқолиб қолган. Шундан сўнг, Ҳаймана устидаги тунги осмон бирданига портлашга ўхшаш ёруғлик билан ёришиб кетган.
Анқара аэропорти вақтинча ёпилди, Туркия адлия вазирлиги ҳолат юзасидан тергов бошлаган.
Ливия бош вазири Абдул-Ҳамид буни давлати учун «катта йўқотиш» деб атади. Чунки генерал Ал-Ҳаддад Ғарбий Ливиядаги энг юқори ҳарбий қўмондон бўлган. У Ливия ҳарбий тузилмаларини бирлаштиришга қаратилган БМТ воситачилигида жараёнда муҳим рол ўйнаган.
Авиаҳалокатда ҳалок бўлган яна тўрт юқори мартабали офицер ҳам Ливия армиясида муҳим лавозимларда бўлган. Қолган уч нафар экипаж аъзосининг шахси ҳозирча маълум эмас.
Украинадаги уруш
Сешанбага ўтар кечаси Россия Украинага қарши шу ойдаги энг йирик ҳаво ҳужумларидан бирини амалга оширди. Украина президенти Володимир Зеленскийга кўра, ҳужумлар оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди ва 17 киши жароҳат олди.
Маълум қилинишича, Россия ёпирилма ҳужумларда 650 дан ортиқ дрон ҳамда 30 дан ортиқ ракета қўллаган. Украинанинг қарийб ярми – 13 та вилоят ҳужум остида қолган.
Ғарбдаги Житомир вилоятида Россия дрони турар жой биносига урилгач, 4 ёшли бола ҳалок бўлди, деди Зеленский. Украина энергетика вазирлигига кўра, бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда электр узилишлари жорий этилди.
Украина қуролли кучлари маълумотига кўра, Россия қўшинлари «фаол ҳужум операциялари» олиб бораётгани сабабли сешанба куни Украина қўшинлари шарқдаги Сиверск шаҳридан чекинган. Украина томонига кўра, «босқинчилар сезиларли сон устунлиги ва доимий босим туфайли» олдинга силжишга муваффақ бўлган.
Ушбу бомбардимон ва фаол жанглар – якшанба куни Майамида урушни тугатиш бўйича навбатдаги музокаралар якунланганидан кейин содир бўлди. Майамида Украина ва Россия расмийлари алоҳида-алоҳида АҚШ делегацияси билан учрашганди.
Зеленский музокаралар бўйича «батафсил ҳисобот» тақдим этилганини айтиб, «ҳаммаси ҳозирча мукаммал эмас, лекин бу режа мавжуд», деди.
Ғазодаги энг катта шифохона таъмирланди
Катта вайронагарчиликларга қарамай Ғазодаги энг йирик тиббий мажмуа бўлган «Ash-Shifa» шифохонаси янги корпусларда асосий тиббий хизматларни яна кўрсата бошлади.
Ғазо Соғлиқни сақлаш идоралари 10 октябрда оташкесим кучга кирганидан сўнг ўтган икки ой давомида шифохонанинг айрим қисмларида тиклаш ишларини олиб бораётганди.
Ўтган ҳафтага келиб ўта муҳим хизматлар – жумладан, шошилинч ёрдам бўлимлари, амбулатор клиникалар ва стационар бўлимлар Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Туркиянинг «HAK» ҳуманитар ташкилоти ҳамда «MEDICS» ҳамкорлигида қайта тикланди.
Бу бўлимлар беморларнинг жуда катта оқимини енгиллаштириш, давомий қийинчиликлар шароитида муҳим тиббий ёрдам кўрсатиш имконини сақлаб қолади.
Шу билан бирга зарар кўлами ва ресурслар етишмаслиги муассасанинг нормал фаолиятини қайта бошлашига тўсқинлик қилмоқда. Исроил эса тиббий анжом-ускуналар ва дори-дармонларнинг кириб келишига тўсқинлик қилмоқда.
Шифохона ўнлаб йиллар давомида минтақанинг бош тиббий маркази бўлиб келган, 2023 йил ноябрида ва 2024 йил мартида бўлиб ўтган ҳужумлар чоғида бутунлай вайрон қилинган эди. Унинг бир қанча бўлимлари ҳанузгача хароба ҳолатида қолмоқда.
АҚШ ва Эрон вакиллари БМТда баҳслашди
22 декабр куни АҚШ ва Эрон вакиллари БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ядровий музокараларни қайта тиклаш шартлари юзасидан кескин баёнотлар алмашди.
Аслида икки давлат – Эрон ва Исроил ўртасида 12 кунлик уруш бошланишидан олдин ядровий масала бўйича музокаралар ўтказилаётган эди. Бу урушда Вашингтон ҳам бевосита қатнашиб, Эрон ядровий объектларига зарба бергач, бу музокаралар тўхтаган.
Хавфсизлик кенгашида Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили ўринбосари Морган Ортагус Эрон билан расмий музокаралар ўтказишга тайёрлигини, лекин шартлар мавжудлигини айтди.
«Биз ҳар қандай келишув бўйича аниқ кутилмаларимиз борлигини очиқ айтганмиз. Энг аввало, Эронда ҳеч қандай бойитиш бўлмаслиги керак – бу бизнинг тамойилимиз бўлиб қолади», - деди Ортагус.
Эроннинг БМТдаги элчиси Амир Саид эса АҚШ адолатли музокаралар олиб бормаётганини айтди.
«Биз ҳар қандай адолатли ва мазмунли музокарани қадрлаймиз, аммо нол бойитиш сиёсатини талаб қилиш – Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома аъзоси сифатидаги ҳуқуқларимизга зид», - деди у.
«Улар ўзларининг олдиндан белгиланган ниятларини Эронга мажбуран юкламоқчи. Эрон ҳеч қандай босим ва қўрқитишга бўйин эгмайди», деди Амир Саид.
БМТ сентябр охирида Европа давлатлари ишга туширган «snapback» жараёнидан сўнг Эрон бўйича қурол эмбаргоси ва бошқа санкцияларни қайта тиклади. Россия ва Хитой бу қарорни баҳсли деб атади. Эрон ядровий қурол яратмоқчи эмаслигини инкор этди ва унинг ниятлари тинч эканини айтди.
Тунберг Лондонда ҳибсга олинди ва қўйиб юборилди
23 декабр куни швециялик фаол Грета Тунберг Лондонда Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойиш пайтида ҳибсга олинди.
Тунберг «Мен Palestine Action маҳбусларини қўллаб-қувватлайман. Мен геноцидга қаршиман» деган ёзувли плакатни кўтаргани учун ҳибсга олинган. Британия ҳукумати бу ташкилотни «Терроризмга қарши қонун» асосида тақиқлаган. Кейинроқ Лондон шаҳри полицияси Тунберг март ойигача гаров асосида озод қилинганини айтди.
Полиция яна икки киши бинога қизил бўёқ улоқтиргани учун ҳибсга олинганини маълум қилди. Фаоллар ҳужум қилган бу бино — Исроилнинг мудофаа компанияси Elbit Systems'нинг Британиядаги бўлинмасига хизмат кўрсатган суғурта компаниясига тегишли экани айтилган.
Грета Тунберг 2018 йилда иқлим бўйича норозилик намойишларини ўтказишни бошлаганидан сўнг машҳур бўлганди. У октябр ойида Ғазога ёрдам олиб боришга уринган Global Sumud Flotilla таркибида қатнашган. Исроил томонидан 478 киши қаторида ушлаб турилган ва депортация қилинган эди.
Мавзуга оид
16:08 / 23.12.2025
Гренландияга кўз тиккан Трамп, Хитойнинг ядровий амбициялари ва Москвада портлатилган генерал – кун дайжести
15:47 / 22.12.2025
Путиннинг «катта режалари», янги авиаташувчи қуришни бошлаган Франция ва Ғарбий соҳилда яна ноқонуний посёлкалар – кун дайжести
14:37 / 19.12.2025
Вақтинча тўхтатилган грин-карта, Украинага $100 миллиардлик қарз ва Австралияда қурол бўйича янги тартиб – кун дайжести
14:06 / 18.12.2025