Ўзбекистон | 18:39 / 20.09.2018
16382
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандарти тасдиқланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Давлат таълим стандартининг мақсади:

касб-ҳунар таълими тизимини мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий техника ва технологик тараққиёт тенденцияларни, ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини татбиқ қилган, замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган ҳолда ташкил этиш, касблар ва мутахассисликлар таълим стандартлари талабларига жавоб берувчи, маънавий баркамол, меҳнат ва таълим хизматлари бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш;

мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий тараққиёти истиқболларидан, жамият эҳтиёжларидан, фан, техника ва технологиянинг замонавий ютуқларидан келиб чиқиб касб-ҳунар таълими тизими учун кадрлар тайёрлаш мазмунини тартибга солиш.

Давлат таълим стандартининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

касб-ҳунар таълими мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни белгилаш;

миллий, умуминсоний ва маънавий қадриятлар асосида ўқувчиларни тарбиялашнинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;

ўқув-тарбия жараёнига инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

кадрларни мақсадли ва сифатли тайёрлаш учун таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш;

иш берувчиларнинг эҳтиёжлари ва таклифларидан ҳамда илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторидаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда кўрсатиладиган таълим хизматлари турларига ва таълим сифатига нисбатан, шунингдек, битирувчиларининг умумий компетенцияларига қўйиладиган мақбул талабларни белгилаш;

касб-ҳунар таълим дастурини амалга ошириш бўйича касб-ҳунар таълими муассасаларига қўйиладиган талабларни белгилаш;

касб-ҳунар таълимига ва унинг пировард натижаларига, ўқувчиларнинг билими ва касбий компетенцияларини баҳолаш тартибига, шунингдек, таълим фаолияти сифати устидан назорат қилишга нисбатан қўйиладиган талабларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

давлат таълим стандартлари талабларининг таълим сифати ва кадрлар тайёрлашга қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқлигини таъминлаш;

амалдаги хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари умумдавлат классификатори билан мувофиқлигини таъминлаш;

касб-ҳунар таълимининг касблар ва мутахассисликлар умумдавлат классификаторини Халқаро стандарт таълим классификацияси (МСКО-2011) билан мувофиқлигини таъминлаш.

Давлат таълим стандарти қуйидаги асосий принципларга асосланади:

ўқувчи шахси, унинг интилишлари, қобилияти ва қизиқишларининг устуворлиги;

мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалари, замонавий техника ва технологик тараққиёт тенденциялари ҳамда кадрларга бўлган реал эҳтиёжидан келиб чиқиб иш берувчи ташкилотларнинг таклифлари ҳисобга олинганлиги;

таълим – фан – ишлаб чиқариш интеграцияси мужассамлиги;

касб-ҳунар таълимининг халқаро таълим стандартларига ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, илм-фан ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланганлиги;

ўқувчиларнинг эгаллайдиган касби ёки мутахассислиги бўйича зарурий билимлар, амалий кўникмалар ва белгиланган малакага эга бўлишини таъминланганлиги;

ўқувчиларда миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган маънавий ва ахлоқий сифатларни шакллантиришга йўналтирилган умумий ва касбий компетенцияларни ривожлантиришнинг таъминланганлиги.

Давлат таълим стандарти қуйидаги таркибий қисмлардан иборат:

касб-ҳунар таълим дастурини амалга оширувчи таълим муассасаларида ўқув-тарбиявий ишларни ташкил этишга қўйиладиган талаблар;

касб-ҳунар таълим муассасаларини ташкил қилиш, уларда янги касблар ва мутахассисликлар очиш тартиби;

касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг умумий компетенциясига қўйиладиган талаблар;

касб-ҳунар таълими касблари ва мутахассисликлари классификаторини ишлаб чиқишга қўйиладиган талаблар.

касб-ҳунар таълими касблари ва ўрта бўғин мутахассисликларининг ўқув юкламалари ҳажми;

касб-ҳунар таълими тизими касблари ва мутахассисликларининг таълим стандартлари тузилмаси;

касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартини жорий этиш тартиби;

касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш.

Касб-ҳунар таълим дастурини амалга оширувчи таълим муассасаси:

раҳбари, унинг ўринбосарлари ва педагогик жамоаси касбий таълим сифатини таъминлашга ҳамда иш берувчилар талабларини қаноатлантирадиган касб эгалари ва ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашга;

ўқувчилар учун ижтимоий–маданий муҳитни яратиш, ёшларни ҳар томонлама баркамол шахс сифатида шакллантириш, ватанпарварлик ва миллий мустақиллик ғояларига содиқлик руҳида тарбиялаш, соғлиғини сақлаш, таълим жараёни ва тарбиявий фаолиятни биргаликда олиб бориш, ўқувчиларда ўз-ўзини бошқариш сифатларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга масъулдир. 

Касб-ҳунар таълим дастурини амалга оширувчи таълим муассасаси қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

касблар ва мутахассисликлар ўқув режаларидаги ўқув амалиётларини шу касб (мутахассислик)ка тегишли ҳамда соҳанинг ҳозирдаги тараққиёт даражасига ва ривожланиш истиқболларига мос бўлган замонавий техника, дастгоҳлар, қурилмалар, асбоб-ускуналар, материаллар ва бошқа зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган махсус аудиторияларда, устахоналарда, тажриба-синов участкаларида, полигонларда, студияларда, шунингдек, юқорида қайд этилган шартлар бажарилган, ўқувчиларда амалий кўникмаларни шакллантириш ва уларни хавфсизлиги таъминланган ҳолларда ўқув амалиётига ажратилган соатларни маълум қисмини корхона ва ташкилотларда ўтказилишини;

гуманитар ва ижтимоий йўналишдаги касблар ва мутахассисликлар амалий машғулот дарслари ва ўқув амалиётларини замонавий компьютер ва касбга тегишли норматив ҳужжатлар, каталоглар, маълумотномалар ва бошқа манбалар билан таъминланган махсус аудиторияларда ўтказишни;

касблар ва мутахассисликларнинг ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётлари ўқувчи эгаллаётган касби (мутахассислиги) мавжуд бўлган, имкон қадар зарурий шарт-шароитлар билан таъминланган корхона, ташкилот ва хўжалик бирлашмаларда ўтказишни;

ишлаб чиқариш амалиётларида ўқувчиларни ўз касби (мутахассислиги) бўйича амалиёт ўтишини, уларни корхона ва ташкилотларнинг ўқувчилар касби (мутахассислиги)га мос лавозимларда ишлаётган, етарли иш тажрибасига эга, малакаси ва маънавий фазилатлари юқори бўлган касб эгалари (мутахассислар)га бириктиришни;

корхона ва ташкилотларда ташкил этиладиган касб ва мутахассисликларнинг ишлаб чиқариш амалиётларини ўқув дастурларига мувофиқ самарали олиб борилишининг назоратини таъминлайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид