Ўзбекистон | 16:13 / 10.10.2023
15236
8 дақиқада ўқилади

 Таълимдаги тенгсизлик: Ўзбекистонда кутилаётган таълим давомийлиги неча йил?

Шаҳар ва қишлоқда ўқиётган боғча, мактаб боласининг имкониятлари тенг эмас. Жойлашган ҳудудига қараб уларнинг таълим давомийлигида фарқлар кузатилган. Олий ва ундан кейинги таълим жараёнида эса бу тенденция жинслараро тафовутлар билан давом этади. Ёши ошган сари эркакларнинг илм олишга бўлган имкониятлари камайиши аниқланган. 

Фото: Shutterstock

Кутилаётган таълим давомийлиги бу – мактаб ёшига етган боланинг мактабда ўрта, ундан кейин эса олий ва олий таълимдан кейинги босқичларда ўқиши кутилаётган йилларнинг йиғиндиси ҳисобланади. Уни ҳисоблаш учун ҳар бир таълим босқичида ўқиётганлар сони шу таълим босқичига тўғри келадиган ёшдаги жами аҳоли сонидаги улушларининг йиғиндиси сифатида ҳисобланади. Бошқача айтганда, таълимнинг ҳар бир босқичидаги қамровлар йиғиндисининг йиллардаги кўриниши.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Ўзбекистондаги таълим имкониятларини ҳудудлар ва жинслар кесимида таҳлил қилди.

Боғча

Дунёда кутилаётган таълим давомийлиги бошланғич таълим ёшидагилардан бошлаб ҳисобланади. Бу таҳлилда ҳам мактабгача таълимга оид рақамлар кўриб чиқилган. Статистика агентлигининг 2022 йилдаги маълумотларига кўра, республикада 6 ёшгача бўлган қиз ва ўғил болалар ўртасида таълим имкониятлари тенг бўлиб, 1-6 ёш бўлган жами болалар сонига нисбатан ҳисоблаганда 2 йилни ташкил қилади.

Оилавий боғчаларнинг самарали фаолият олиб бориши ҳисобига бу борада Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида энг юқори кўрсаткич қайд этилган. Унга кўра, давлат мактабгача таълим муассасаларидаги 100 та ўринга Қорақалпоғистонда 150 нафар, Жиззахда 127 нафар бола тўғри келишига қарамай, кутилаётган мактабгача таълим йиллари 2,5 ҳамда 2,1 йилни ташкил қилган.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги давлат боғчаларида эса 100 та ўринга 101 нафар бола тўғри келса-да, мактабгача таълим йиллари республика бўйича энг паст, яъни 1,2 ва 1,5 йилдир.

Мамлакатда 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олиш кўрсаткичи 70 фоизга етган. Бу бўйича қиз ва ўғил болаларнинг қамрови ўртасида фарқ йўқ. Солиштириш учун айтиш лозим, 2022 йилга қадар мактабгача таълим тизимида қизлар қамрови доимий равишда ўғил болалар қамровидан паст бўлиб келган.

Аммо рақамлар шаҳар ва қишлоқлар кесимида ҳисобланса, ўртадаги тафовутни яққол сезиш мумкин. Шаҳарларда 3-6 ёшли болаларнинг кутилаётган таълим давомийлиги 2,4 йил бўлган вақтда, қишлоқ жойларда 1,7 йилни ташкил қилмоқда. Бу икки тоифадаги ҳудудларда қиз ва ўғил болаларнинг мактабгача таълим давомийлиги тенг.

6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимига қамровда ҳам шаҳар ва қишлоқ кесимида фарқлар сезиларли. Шаҳар жойларда 77 фоиз, қишлоқ жойларда 65 фоизни ташкил қилади (қишлоқ жойларида бу кўрсаткич қизлар орасида 1 фоиз билан кўпроқ, 65 фоиз). 

Мактаб

Ўзбекистонда 11 йиллик ўрта таълим мажбурийлиги белгиланган. Бошланғич таълим давомийлиги республика бўйича 3,8 йилни ташкил қилади ва бу бўйича жинслараро тафовут йўқ. Аммо шаҳар ва қишлоқлар кесимида бу борада ҳам фарқлар юзага келади. Яъни шаҳар жойларида кутилаётган таълим давомийлиги 4,15 йил (ўғил болалар 4,19 йил, қиз болалар 4,12 йил), қишлоқ жойларида эса 3,51 йил (ўғил болалар 3,47 йил, қиз болалар 3,55 йил)ни ташкил қилган.

МҲТИга кўра, бошланғич таълим 4 йилни ташкил қилган ҳамда 11 йиллик таълим мажбурий бўлган ҳолатда бу тенденциянинг кузатилиши қуйидаги сабаблар билан изоҳланади:

-меҳнат муҳожирларининг фарзандлари хорижда таълим олиши;

-қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли ўз фарзандларини шаҳардаги мактабга олиб бориши;

-2022 йилгача 7 ёшга тўлмаган болаларнинг ҳам мактабга қабул қилиниши.

Таълимнинг кейинги босқичи, яъни ўрта таълим (5-9 синфлар)да кутилаётган давомийлик республика миқёсида 4,86 йилни ташкил этиб, ўғил ва қиз болалар орасида деярли тафовут йўқ. Шаҳарларда 5,51 йил (ўғил болалар 5,63 йил, қиз болалар 5,4 йил), қишлоқларда 4,3 йил (ўғил болалар 4,2 йил, қиз болалар 4,4 йил).

Ўрта таълимнинг сўнгги босқичи (10-11-синфлар), академик лицейлар, касб-ҳунар мактаблари, профессионал коллеж ва техникумларнинг барчаси(16-19 ёшлилар)да ўқиётганларнинг таълим йиллари жами 2,3 йилни ташкил қилади (ўғил болалар 1,9 йил, қиз болалар 2,6 йил). Маъмурий марказларда бу кўрсаткич 3,1 йил (ўғил болалар 2,8 йил, қиз болалар 3,3 йил), бу марказда узоқроқларда жойлашган ҳудудларда 16-18 ёшдаги тугалланган ўрта таълим давомийлиги 1,5 йил (ўғил болалар 1,3 йил, қиз болалар 1,7 йил) ни ташкил қилган.(Рақамлар академик лицейлар, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар ҳақида маълумотлар етарли бўлмагани учун фақат 10-11 синфлар кесимида тўпланган).

Таҳлиллардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда 19 ёшгача бўлган даврда қиз болаларнинг расмий таълим олиш имкониятлари кенгроқ эканлиги аниқланган. Институтнинг таъкидлашича, бу профессионал коллеж ҳамда техникумларда ўқиётганлар орасида қизлар улушининг катталиги билан изоҳланади. Бунга эса ўғил болалар орасида 9-синфни битиргандан кейин меҳнат бозорига ўтиб кетиш ҳолатлари сабаб қилинмоқда.

Олий ва ундан кейинги таълим

МҲТИ ўрта таълимдан кейинги босқичлар бўйича ҳам бир қанча рақамларни маълум қилган. Таъкидланишича, олий ва ундан кейинги расмий таълим йиллари республика бўйича 1,63 йилни ташкил қилади (эркаклар 1,85 йил, аёллар 1,59 йил).

Таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистонда таълим олиш имкониятлари жинслар кесимида 17 ёшгача тенг. 18 ёшга келганда аёлларнинг таълим олиш имкониятлари ортади. 19 ёшлилар орасида аёлларнинг 94 фоизи, эркакларнинг эса 60 фоизи таълим олади. 23-34 ёш оралиғида эркакларнинг таълим олиш имконияти аёлларникига нисбатан 0,02 фоиз юқорироқ. 35 ёшдан юқори аҳоли орасида яна аёлларнинг расмий таълим олиш имконияти ошади. Шу билан бирга, информал таълимда эркаклар (31,2 фоиз)нинг аёллар (25,2 фоиз)га нисбатан кўпроқ иштирок этиши, эркакларда оилани боқувчи масъулиятининг устун туриши ва айнан оила даромадини ошириш учун таълим олишга кўпроқ эътибор қаратиши билан изоҳланади.

Ҳудудлар кесимида таълимнинг энг узоқ кутилаётган давомийлигини Тошкент шаҳридан ташқари, Навоий вилоятида (15,1 йил) кузатиш мумкин. У Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари ҳисобига республика бўйича ўртача 14,6 йилни ташкил этади. Маълумот учун: Тошкент шаҳрида олий таълим муассасаларининг концентрацияси баландлиги ҳисобига кутилаётган таълим давомийлиги 21,7 йилни ташкил қилади.

Қашқадарё (12,6 йил) ва Сурхондарё (12,8 йил) вилоятлари таълимнинг кутилаётган умумий давомийлиги энг паст ҳудудлардир. Қолган ҳудудлар 13,4 йилдан 14,3 йилгача оралиқларда тақсимланган. Эркак ва аёллар ўртасидаги энг юқори тафовут Тошкент шаҳри (2,6 йил), Хоразм (0,8 йил) ҳамда Навоий (0,7 йил) вилоятларида кузатилади. Қолган ҳудудларда 0,1 йилдан 0,3 йилгача тафовут мавжуд.

Катталар таълими, яъни олий таълимдан кейин (одатда 25 ёшдан ошиқ) расмий ва норасмий таълим олиш асосида ўзининг профессионал даражасини ошириши ҳисобланади. Бу кўрсаткич республика бўйича 0,1 йилни ташкил этган.

Таълим давомийлигини ошириш учун нима қилиш керак?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтига кўра, бошланғич таълимда ўқиш саводхонлиги бўйича тенгсизлик нисбатан юқори. Яъни энг яхши ва энг ёмон натижага эришган ўқувчилар орасидаги тафовут нисбатан баланд (Ўзбекистон PIRLS тадқиқотида 48 та мамлакат ичидан 33-ўринни эгаллаган). Бошланғич таълимдаги имкониятларнинг тенг эмаслиги кейинги босқичлардаги таълимда ҳам тенгсизликнинг сабаби бўлиши мумкин.      

Буни бартараф этиш учун:

-қишлоқ жойларда оилавий боғчаларни ташкил қилиш, бунинг учун муҳандислик коммуникация инфратузилмаларини яхшилаш;

-қишлоқ жойлардаги умумтаълим мактаблари учун педагогларни мақсадли тайёрлаш (қишлоқ ёшлари орасидан салоҳиятли ёшларни танлаш ва 3 томонлама шартнома асосида ўқитиш);

-умумтаълим мактабларини компьютерлар билан таъминлаш ва интернет тармоғига улаш;

-умумтаълим мактабларида (айниқса, қишлоқ жойлардаги) информатика фанидан қўшимча тўгараклар сонини ошириш ва бепуллигини таъминлаш. Тўгаракларнинг ўқув дастурини тузишда ўқувчиларнинг мустақил равишда таълим платформаларидан фойдалана олиш кўникмаларини эгаллашига алоҳида эътибор бериш;

-ўз турмуш фаровонлиги (шу жумладан таълими) учун ҳар бир фуқаро ўз жавобгарлигини англаган ҳолда меҳнат бозори учун зарур кўникмаларга эга бўлиш, бунинг учун доимий равишда ўз профессионал даражасини ошириб боришга қизиқишни ошириш бўйича чора-тадбирларни кўриш.

Мавзуга оид