Ўзбекистон | 17:57 / 06.03.2020
3754
4 дақиқада ўқилади

«Маълумотни 4 соат эмас, 4 сонияда топиш мумкин бўлади». Электрон музей каталоги ҳақида

Энди Ўзбекистондаги барча музей экспонатлари ҳақидаги маълумотларни марказлашган онлайн платформадан топиш мумкин бўлади.

Фото: zetcom.com

Ўзбекистонда Миллий музей фондининг электрон каталог тизими яратилади. Каталогда республикадаги музейларда жойлашган барча экспонатлар ҳақидаги батафсил маълумот яхлит ҳолда жамланади.

Қиймати ошкор этилмаган лойиҳа Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилмоқда.

Музейларнинг электрон каталогини яратиш учун Швейцариянинг Zetсom компанияси Museum Plus платформасидан фойдаланилмоқда.

Мазкур платформа ҳар бир экспонат ҳақидаги мавжуд маълумотларни тартиблашган ҳолда сақлайди. Экспонатнинг номи, яратилган санаси, муаллифи, музейга қандай келтирилгани, ҳозирги ҳолати, ўтказилган реставрация жараёнлари – барчаси битта тизимда жамланади.

Маданият ва санъатни ривожлантириш бўлими лойиҳалар бўйича менежери Сухроб Шодмонов электрон каталогнинг қандай ишлаши ва қулайлиги ҳақида маълумот берди.

Унинг айтишича, музейлардаги экспонатларнинг электрон каталогизацияси икки босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда ходимлар ўз музейларидаги ҳар бир экспонат ҳақидаги маълумотни платформага киритади. Бу жараённи тўғри амалга ошириш тартиби музей хизматчилари учун Zetсom компанияси вакиллари ўтказган семинарларда тушунтирилган.

«Бу тизим музей ходимларининг ишини осонлаштиради. Илгари битта экспонат ҳақида маълумот топиш учун ўртача 4 соат вақт сарфлашга тўғри келган. Экспонатнинг рақами асосида қоғоз ҳужжатларни титкилаб топиш талаб этиларди. Бу платформа эса оддий қидирув тизимига экспонат рақамини киритиш орқали бир зумда маълумотларни топиш имконини беради. Бунга атиги 4 сония кетиши мумкин.

Платформанинг асосий афзаллигидан яна бири шундаки, экспонатлар ҳақидаги маълумотлар хавфсизлиги таъминланади. Яъни маълумотлар ягона тизимга жамлангандан кейин унга киритилган ҳар қандай ўзгартириш мониторинг қилинади. Энг қуйи босқичда музей ходими маълумотни киритса, энг юқори босқичда Маданият вазири маълумотлар ўзгартирилмаганми, ким томонидан қандай ва қачон ўзгариш киритилганини кузатиб бориши мумкин бўлади», ― дейди Сухроб Шодмонов.

Каталогизация жараёнининг иккинчи босқичида кенг омма фойдаланиши учун мўлжалланган ташқи виртуал галерея яратилиши мўлжалланган.

Фото: zetcom.com

Бунда барча интернет фойдаланувчилари учун очиқ бўлган сайт (манзили ҳали аниқ эмас)да экспонатлар ҳақидаги маълумотлар билан танишиш, уларнинг суратларини томоша қилиш мумкин бўлади.

«Ташқи виртуал галерея шунчаки чиройли суратлар жамланган саҳифа эмас. Унинг асосий вазифаси аудитория учун экспонат ҳақидаги маълумотларни тақдим этишдир.

Ҳозирда музей экспонатлари ҳақида маълумот олиш қийин. Аммо бу экспонатлар бўйича тадқиқот олиб борадиган қанчалаб олимлар, талабалар бўлиши мумкин. Улар онлайн каталог орқали ўзларига керакли экспонат ҳақида зарурий маълумотни ҳеч қандай муаммосиз олишлари мумкин бўлади», – дейди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бўлим бошлиғи Шаҳноза Ишматова.

Ҳозирда электрон каталог тизими амалиёти синов тариқасида республиканинг тўртта музейида амалга оширилмоқда. Булар – Ўзбекистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон давлат амалий санъат музейи, Ойбек уй-музейи ва Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат музейи.

Тизим мазкур муассасаларда муваффақиятли амалга ошса, республиканинг барча музейлари учун татбиқ этилади.

Электрон каталог тизимининг музей ходимлари учун мўлжалланган қисми тайёр ҳолга келтирилган бўлиб, кенг фойдаланувчилар учун ташқи виртуал галерея июнь ойига қадар якунланиши режалаштирилган.

Шундан сўнг ҳар бир киши Ўзбекистон тарихи, маданияти ва санъатини ифодаловчи ўзи истаган экспонат ҳақида осон ва қулай шаклда маълумот олиши мумкин бўлади.

Мавзуга оид