Жаҳон | 21:15 / 24.11.2024
5833
16 дақиқада ўқилади

 “Ёпиқ ҳужжат яна ёпиқ тарзда қабул қилинмаслиги керак” — ташқи сиёсат концепцияси ҳақида экспертлар билан суҳбат

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси янги таҳрирда қабул қилиниши эълон қилинди. Хўш, бу ўзи қандай концепция, унинг амалдаги таҳририда қанақа асосий тамойиллар белгиланган? Ҳужжатни янгилашда нималарга эътибор қаратиш зарур? Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов, Камолиддин Рабимов ва Фарҳод Каримовга мурожаат қилди.

Ташқи сиёсий фаолият концепциясининг янгиланиши ҳақида янги сайланган Қонунчилик палатасининг 20 ноябр кунги мажлисида президент Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.

Мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун самарали ташқи сиёсат олиб бориш, дўст ва ҳамкорларимиз доирасини кенгайтириш, яқин қўшниларимиз билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш – ўта муҳим вазифа. Бу мақсадда аввало ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарур, деб ҳисоблайман”, – деди давлат раҳбари.

Суҳбатимизни ташқи сиёсат концепцияси ўзи нима, деган саволдан бошласак.

Фарҳод Толипов: Бу – биз қандай ташқи сиёсатни белгилаймиз, деган саволга жавоб берувчи ҳужжат. Амалий томондан изоҳласак, бу ҳужжат – давлатнинг ташқи сиёсий ҳаракатлари, қадамлари қандай тамойилларга асосланган ҳолда олиб борилади, деган саволга жавоб беради. Яъни бу давлат дунёни қандай кўряпти? Ҳар хил давлатлар дунёни, қўшниларни, буюк давлатларни турлича кўради ва ўзининг уларга нисбатан бўлган муносабатини ҳам турлича белгилайди.

У ёки бу давлат халқаро муносабатлар тизимини қандай тасаввур қилиши концепциянинг асоси бўлади. Концепцияда давлат қайси тамойилларга асосланиб ташқи сиёсат юритиши, қайси ҳаракатларни амалга ошириши мумкин-у, қайси ҳаракатларни амалга оширмаслиги ҳақидаги йўл-йўриқлар кўрсатилади.

Бундан ташқари, кўплаб давлатлар ўз ташқи сиёсат концепциясига қадриятларни ҳам киритади. Ўзбекистон ҳам янги таҳрирда қабул қилинадиган ўз концепциясида муайян қадриятлар тизимини экс эттириши мумкин.

Фарҳод Каримов: Қўшимча қилиш мумкинки, ташқи сиёсат концепцияси бошқа давлатлар учун қўлланма ҳамдир. Бир давлат иккинчиси билан муносабат ўрнатишда, таклифлар беришда, халқаро лойиҳаларга жалб қилишда унинг концепциясига қарайди. Яъни ҳар бир давлат бошқа бир мамлакат билан муносабатга киришиш учун унинг ташқи сиёсат бўйича йўналишлари, тамойиллари ва стратегиясини ўрганиши керак, бунда улар учун энг асосий қўлланма бу – ўша давлатнинг ташқи сиёсий концепцияси ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолият концепцияси сизга қанчалик таниш?

Камолиддин Раббимов: Ҳаммага маълумки, Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолият концепцияси ёпиқ ҳужжат ҳисобланади. Одатда, дунё давлатлари ўзининг ташқи сиёсатини ичкаридаги экспертларга, дипломатларга, сиёсий ҳамжамиятга ва ташқи дунёга билдириш учун буни очиқ ҳужжат сифатида чоп этади. Лекин Ўзбекистон негадир ҳали-ҳануз ташқи сиёсий концепциясини ёпиқ ҳужжат мақомида сақлаб келмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон ташқи сиёсий концепцияси расман оммавий ахборот воситаларида чоп этилмаган ва унинг мақоми – ёпиқ ҳужжат. Лекин Ўзбекистоннинг мудофаа доктринаси ёки хавфсизликка тааллуқли бошқа айрим ҳужжатлари очиқ. Ташқи сиёсий концепцияси эса ёпиқ ҳужжат. Бу жуда қизиқ ҳолат ва ўйлайманки, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги маълум бир зўриқишлар ёки маълум муаммоли нуқталар, симптомлар борлигини билдиради. Яъни биз шундай ташқи сиёсат юритяпмизки, ўзимизнинг ички эҳтиёжларимизни қарашларимизда баралла айта олмаяпмиз ва шунинг учун ҳужжатни жамоатчилик учун ҳам, ташқи дунё учун ҳам ёпиб қўйганмиз. Менинг назаримда бу ниҳоятда нотўғри.

Ўзбекистоннинг амалдаги ташқи сиёсий фаолият концепцияси дунёдаги мавжуд вазиятга қанчалик мос тушади?

Фарҳод Толипов: Ташқи сиёсий концепция ёпиқ бўлишига қарамай, қабул қилинаётган қарорлар, ташқи сиёсатда қўйилаётган қадамлар, берилаётган баёнотлар ва амалга оширилаётган ҳаракатлардан келиб чиқиб, ташқи сиёсий концепциянинг мазмунини билиб олишимиз, ҳатто концепциянинг амалиётга қанчалик тўғри татбиқ этилишини ҳам таҳлил қилишимиз мумкин. Масалан, ҳозир дунёда ўзгарувчан геосиёсат юритилмоқда. Биз бу вазиятда нейтрал давлат эмасмиз. “Нейтрал” сўзи ОАВда, расмий баёнотларда кенг фойдаланилмоқда, яъни Ўзбекистоннинг позицияси нейтраллик деб баҳоланмоқда. Лекин биз расман нейтрал давлат эмасмиз. Ўзбекистон ўзини бутун дунёга нейтрал давлат эканини эълон қилмаган. Масалан, Туркманистон, Швейцария, ёки аввалроқ Швеция, Финландия каби мамлакатлар расман нейтрал мақомни олган.

Яна бир мисол. Кўпинча расмий баёнотларда ҳам, очиқ ҳужжатларда ҳам Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё устувор йўналиш бўлади деб эълон қилинган. Бироқ Марказий Осиё миқёсидаги маслаҳатлашув учрашувлар йилига бир марта бўлади. Марказий Осиё давлатларининг ҳар бирига олий даражадаги ташрифлар ҳам йилига бир марта бўлиши мумкин. Лекин, таққослаш учун, Россияга йил давомида кўп марта расмий ва норасмий ташрифлар ташкил этилади.

Бу концепцияни ёпиқ тарзда сақлашдан мақсад нима?

Фарҳод Толипов: Бу ҳақиқатан ҳам бироз ақл бовар қилмайдиган ҳолат. Ўйлашимча, ёпишдан кўра давлат бошқа давлатларга, халқаро ҳамжамиятга бонг уриб, концепцияни кўрсатиши керак. Биз қандай сиёсат юритаётганимизни, ташқи сиёсатимизни нотўғри тушунмаслиги, халқаро ҳамжамият нотўғри талқин қилмаслиги, миш-мишларга асос бермаслиги учун ҳам биз мана бундай концепцияни қабул қилганмиз ва шунга уйғун равишда ҳаракат қиламиз деб кўрсатишимиз керак.

Фарҳод Каримов: Мен Ўзбекистон ташқи сиёсий масалалардаги позициясини яшириши ёки мавҳум сақлаши ҳақидаги фикрларга қўшилмайман. Чунки Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилда эълон қилинган “Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи устувор йўналиши ҳам ташқи сиёсатга қаратилган эди. У ерда устувор мақсадлар ва масалалар кўтарилган. Шунингдек, 2022 йилдаги “Тараққиёт стратегияси”да ҳам, 2030 йилга мўлжалланган стратегияда ҳам ташқи сиёсий масалалар бўйича позицияларимиз ва мақсадларимиз очиб берилган. Яъни у ерда ҳеч қандай масала ёпиб қўйилмаган: қайси минтақалар билан ишлаймиз, қайси минтақалар устуворлиги баён этилган.

Ташқи сиёсий концепциямиздаги асосий принциплардан ташқари бошқа маълумотлар кўрсатилмаган бўлиши мумкин, яъни оммага очиқ эмас, лекин умумий фаолият ва мақсадлар ёзма равишда ҳужжатларда бор. Қолаверса, хорижий давлатларга ташқи сиёсат бўйича ҳужжатлар тақдим этилган ва у ерда бир қанча бандлар очиб берилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги доимий равишда ўзининг сиёсий позицияларини аниқ билдириб келади. БМТнинг охирги саммитида ҳам бу борада Ўзбекистоннинг позициялари очиқ айтилди.

Ҳозирги кунда ҳар қандай сиёсий ҳужжат жараёнга таъсир қилиши керак. Жараён эса бугун ривожланиб бормоқда. Шу нуқтайи назардан, концепциямизнинг ўзгармас қисмларини, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё давлатлари билан дўстона алоқаларни сақлаш ва барча учун бир хил ташқи сиёсатни амалга ошириш каби принциплар асосида сақлаб қолиш керак.

Бугун глобал кучларнинг мувозанати ўзгараётган даврни бошдан кечиряпмиз. Шундай шароитда Марказий Осиё давлатларига ўзига хос талаблар бўлади. Шунинг учун Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий концепцияси бу чақириқларга жавоб бериши лозим. Агар давлат бирор провокацияга учраса, бунинг оғир оқибатларини бошдан кечириши мумкин. Буни Яқин Шарқда кўряпмиз, давлатларни провокациялар орқали турли хил можароларга тортишга уринилмоқда. Шундай шароитда бошқа давлатлар бир давлатни ҳаракат ёки ҳаракатсизликда айбламаслиги учун давлат ўз позициясини бугунги сиёсий реалликдан келиб чиқиб, ҳужжатларда аниқ белгилаши керак.

Бундан ташқари, иқлим ўзгариб бормоқда, иқлим хавфсизлиги ёки сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари ҳам бор. Бу жараён Марказий Осиёда кескинлашмоқда. Бу борада ҳам қўшни давлатлар билан келишиб олишимиз керак бўлган масалалар бор, биз ҳалиям 1992 йилдаги (Марказий Осиёда сув ресурсларини тақсимлаш тўғрисидаги – таҳр.) Олмаота келишувлари билан юрибмиз. Бу борада позициямиз қандай бўлади? Бу борада ўзига хос принципларни шакллантиришимиз керак. Қўшнилар билан келишган ҳолда, улар билан зиддиятга бормаслик учун принципларимиз муштарак бўлиши керак.

Бундан ташқари, рақамли иқтисодиёт даврида яшаяпмиз, рақамли дипломатик даврда яшаяпмиз. Бу чақириқлар ташқи сиёсатдаги принципларга жиддий таъсир қилади. Биз бу ахборот ва рақамли иқтисодиёт маконида қандай позицияда турамиз? Масалан, дунё бўйлаб айрим давлатлар санкцияларга тушмоқда, биз эса бу санкциялардан ўзимизни асрашимиз керак, лекин географик жойлашувимиз сабабли бу осон бўлмаяпти. Шундай шароитда қандай сиёсат юритишимиз борасидаги тамойиллар ташқи сиёсат концепциямизда акс этиши ва улар ривожлантирилиши керак.

Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда, ҳар битта давлат ўзининг ташқи сиёсий концепциясини тахминан ҳар 5 йилда геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб ўзгартириб туради. Масалан, 2000 йилларнинг ўрталарига қадар Ўзбекистон геосиёсатда Ғарбга ориентир олган давлат эди. 2002 йилда Америка Қўшма Штатлари билан стратегик шериклик тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган эди. 11 сентябр воқеаларидан кейин Ўзбекистонда АҚШнинг ҳарбий базаси очилган.

2005 йилга келиб, маълум воқеа-ҳодисалардан кейин Ўзбекистоннинг қараши мутлақо ўзгарди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг асосий позицияси – мана шу қудратли давлатлар, яъни қудратлар ўртасидаги геосиёсий катта тирашувларда у ёки бу тарафда бўлмаслик. Бу нафақат Ўзбекистонга хос, балки бутун Марказий Осиёга хос бўлган ҳолат. Мисол учун, 1990-2000-йилларда Марказий Осиё геосиёсий нуқтайи назардан иккига бўлинган эди. Баъзи бир давлатлар ўта Россияга яқин ёки Россиянинг “командаси”да бўлган, бошқалари, жумладан, Ўзбекистон эса Россияга қарши ёки муқобил равишда Ғарбга ориентир олган давлатлар сирасига кирган.

Бугунги кунда Россиянинг Украинага босқини фонида Марказий Осиё ва МДҲ ҳудудида янги геосиёсий контекст шаклланди. Россиянинг хатти-ҳаракатлари бутун МДҲ ва Марказий Осиё давлатларни тўлиқ қўрқитди дейишимиз мумкин. Менинг назаримда, Ўзбекистон ташқи сиёсий концепцияси ёпиқроқ бўлишининг асосий сабабларидан ёки мотивлардан бири – мана шу Россияга нисбатан эҳтиёткорлик, деб ўйлайман. Чунки бизнинг барча ҳужжатларимизда, жумладан, Конституцияда ҳам, Мудофаа доктринасида ҳам давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги марказий қадрият ҳисобланади. Мана шу фокусдан қараганимизда, Ўзбекистон Украина-Россия урушида ким тарафда экани тўла-тўкис маълум, яъни бу ерда ҳеч қандай иккиланиш учун жой қолдирилмайди.

Қолаверса, бутун Марказий Осиё давлатлари ҳам такрорладики, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги – ҳамма давлатлар учун фундаментал қадриятдир. Чунки агар бу қадриятларга шубҳа бўлса, ҳамма давлатларнинг чегаралари беқарор бўлиб қолади. Қолаверса, биз яқинда мустақил бўлиб чиққан ва ўша янги шаклланган чегаралар қотиши учун маълум бир муддат керак бўлган давлатлар ҳисобланамиз. Шу сабабли янги геосиёсий контекстда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий концепциясида ушбу юқорида айтилган қадриятлар урғуланиши керак. Ва урғуланган деб ўйлайман.

Ташқи сиёсий босимлардан чўчиш бўлиши бу – табиий. Баъзи масалалар бор, биз Ғарбга ёқмаслигимиз мумкин. Масалан, Фаластин масаласи бўйича Ўзбекистоннинг позицияси кристаллашди. Яъни биз 1967 йилги чегараларда Фаластин давлати бўлиши керак деган қатъий позициядаги давлатларданмиз. Бу билан, айтайлик, Исроилга ёки Америка Қўшма Штатларига ёқмаслигимиз аниқ. Яна баъзи масалалар борки, худди шундай Россияга ёқмаслигимиз мумкин.

Биз қадриятларга ориентир олишимиз керак. Ўз позициямизни кучли геосиёсий кампанияга айлантиришимиз шарт эмас, лекин мана шу тамойилларни айтишдан ва эслатишдан ҳамда мана шу позицияда туришдан чарчамаслигимиз керак.

Концепция таҳрирланса, амалдаги бандлардан қайсилари ўзгармаслиги ёки қандай бандлар киритилишини тавсия қилган бўлар эдингиз?

Фарҳод Толипов: Бу саволнинг бироз мавҳум томони бор: бизда концепциянинг тўлиқ матни мавжуд эмас. Ишончим комилки, амалдаги концепция тўлиқ очиқланиши керак. Шундагина биз ундаги бандларга тўғри баҳо бера оламиз.

Иккинчидан, ташқи сиёсий концепцияни ким қабул қилаётгани, кимга бундай ваколатлар берилгани, кимда шундай экспертиза бор деган саволларни қўйсак. Бунда фақат Ташқи ишлар вазирлиги ишлаб чиқяптимиз ёки бошқа қандайдир тармоқлар, экспертлар ҳам жалб этилганми? Чунки жамоатчилик орасида бу соҳани Ташқи ишлар вазирлигидан кам билмайдиган, ТИВга маслаҳат ҳам бера оладиган экспертлар талайгина. Уларга қанчалик мурожаат қилиняпти? Улар қанчалик ўз экспертизалари билан ҳисса қўшяпти? Ахир ташқи сиёсат мукаммал бўлиши, Ўзбекистоннинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳужжат қабул қилинишидан ҳаммамиз манфаатдормиз.

Ёки, ёпиқ ҳужжат ёпиқ тарзда қабул қилиняптими? Яъни ҳужжатни қандайдир тор гуруҳнинг ўзигина ишлаб чиқяптими, деб ҳам савол қўйишимиз керак. Албатта, бу ҳужжатни ҳозир олимлар, экспертларни жалб қилган ҳолда, кенг даврада ўтириб – бу бир кунлик иш эмас – пухта ишлаб чиқиш керак.

Энди конкрет бандларига ўтадиган бўлсак. Амалдаги концепциянинг айрим очиқ бандлари ҳам бироз зиддиятли туюлади. Масалан, Ўзбекистон ҳарбий блокларга қўшилмайди, ўз ҳудудида бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари жойлашишига рухсат бермайди, каби жумлалар бор. Бу бандлар қандай асослар билан киритилган? Биз блокларга қўшилмаймиз, дейиш жозибадор бўлиб эшитилиши мумкин, лекин саволни тескари бериб кўрайлик: балки қўшилган маъқулдир? Мен буни ҳозир қўшилиш керак деган маънода айтмаяпман; биз қандай қилиб бу хулосага келдик, бу банднинг миллий манфаатларга мос эканини қаердан биламиз?

Биз қандай ташқи сиёсат олиб борамиз, деса, барча даражадаги раҳбарлар “миллий манфаатларимизга таянган ҳолда” дейди. Лекин ҳар бир давлатда сиёсий кучлар бор. Ҳар бир сиёсий кучдан “миллий манфаатимиз нимадан иборат?” деб сўрасангиз, улар бир-бирига зид жавоб бериши мумкин. Мисол учун, баъзи сиёсий одамлардан сўрасангиз, Россия билан яхши муносабатда бўлишимиз керак, дейди. Ҳатто Украина урушида Россия тарафини оладиганлар ҳам бор. Бошқа сиёсий кучлар эса бошқачароқ жавоб беради.

Агар турли кучлар турлича жавоб бераётган бўлса, масалан, ҳарбий блокларга кириш мақсадга мувофиқмикин ёки йўқми деган масалаларда жавобларни асослаб бериш ҳам керак.

Концепция турли ноаниқ, мавҳум тушунчалардан холис, аниқроқ бўлиши ҳам керак. Кўпинча “мўтадил”, “вазмин”, “мувозанатли” сиёсат юритишимиз айтилади. Масалан, “мўтаъдил” ёки “мувозанатли” сўзининг ўрнига, “агар керак бўлса, қатъиятли” деган сўзни ишлатсак бўлмайдими? Нима, биз қора билан оқни ажрата олмаймизми, зулм билан яхшиликни ажрата олмаймизми, жиноятчи билан жабрдийдани ажрата олмаймизми биз аралашмаймиз, мўтадилмиз десак? Унда қадрият қаерда қолади? Маънавият қаерда қолади?

Йўқ, биз вазминмиз, дейиш аслида – ҳақиқатдан қочиш, маънавиятдан қочиш, қадриятлардан қочиш. Ўзбекистон ўзини ҳурмат қилган катта давлат экан, Марказий Осиёдаги калит давлат экан, шунга мос равишда аччиқ ҳақиқатдан қочмаган ҳолда, “биз нейтралмиз” деб халқаро саҳнадаги мураккаб жараёнларга кўз юммасдан, “биз аралашмаймиз” эмас, яхши маънода “аралашамиз” дейдиган сиёсатни юргизиш Ўзбекистонга ярашади.

Суҳбат билан тўлиқ шаклда видео орқали танишишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид