Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аттестациядан ўта олмаётган рус тили ўқитувчилари: уларнинг шикоятлари ўринлими?
Мактаб ўқитувчиларининг аттестация синовларида рус тили ўқитувчилари «йиқилишмоқда» ва улар синов рисоладагидек ўтказилмаганидан норози. Тестдан ўта олмаётган ўқитувчилар 75 фоиз атрофида.
Фото: Kun.uz
Бу борадаги мурожаатлар бизгача етиб келди ва мени 2800 дан ортиқ аъзога эга рус тили ўқитувчилари гуруҳига қўшиб қўйишди. Четдан кузатиб, ўқитувчиларга саволлар бериб, вазият қандай ва улар нимадан норози эканлигини эшитдим, масъуллардан ҳам тушунтириш олдим. Қуйида шу ҳақда батафсилроқ гаплашамиз. Барча эътирозларга жавоб берилган, эринмасдан ўқиб чиқинг.
Маълум бўлишича, март ойининг сўнгги саналарида миллий тилда ўқитиладиган мактабларнинг рус тили фани ўқитувчилари малака тоифаларини ошириш учун ўз ихтиёрлари билан (пулли), аттестация муддати келганлари эса тоифасини сақлаб қолиш учун (текин) тест синовлари топширишган.
Педагог кадрлар аттестацияси «Таълим тўғрисида»ги Қонун, ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 572-сонли қарорига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ўтказилади.
Синов топшираётган ўқитувчилар икки босқичда 100 баллгача (энг камида 55 балл) йиғишлари лозим. Педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлиги учун 20 баллгача мактабда қўйиб берилади. Қолган 80 баллни олиш учун ўқув фани бўйича 1 соат ичида 40 саволга жавоб бериб, малака тест синовларидан ўтишади.

Ўқитувчилар биринчи босқичда ўз мактабларидан турли баллар олиб келишган. Ҳамма эътироз ўтказилаётган иккинчи босқич тест синовлари билан боғлиқ.
Асосий эътирозлар
Ўқитувчиларнинг тўлиб-тошиб ҳикоя қилишларича, тест саволлари мактаб дастуридан эмас, Россиянинг олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари базасидан олинган ва ўта мураккаб тузилган. Саволлар чалкаш, жадвал ва графиклар билан берилган, айрим саволлар чалғитувчи, уларга ажратилган вақт (ҳар бир саволга ўртача бир ярим дақиқа) етарли бўлмаяпти.
Айрим саволлар чиндан ҳам мактаб дастурига тааллуқли эмас. Жумладан, Максим Горькийнинг нечта хотини бўлгани, Владимир Висоцкий қайси кинога куй басталамаган, асосан Россия телеканалларида кўрсатиладиган филмларга оид саволлар учраганини ёзишмоқда.
Ўқитувчилар гуруҳида бу борада сўровнома ҳам ўтказилган ва 92 фоиз сўралганлар тест саволларида хатолик борлиги ва аксарият қисми мактаб дарсликларидан тузилмаганини тасдиқлашган.

Вазият шундайки, С1 халқаро сертификатига эга бўлган, Россиянинг нуфузли олийгоҳларида синовдан ўтган, бироқ сертификати ҳали рўйхатга олинмаган ўқитувчилар ҳам малака тест синовларини топшира олишмаган.
Ўқитувчиларнинг аксарияти 40 та саволдан 20-24 тасига тўғри жавоб берилганини техник хато деб ҳисоблашмоқда. Улар синов натижалари қайта кўриб чиқилишини, техник хато бартараф этилишини исташмоқда.
Чунки аввалроқ, 25-26 март кунлари тожик тили (бошланғич), 29 март куни она тили ва адабиёти тест синовларида балларни ҳисоблашда техник хатолик содир бўлган ва бу синалганларга балл қўшиб бериш билан бартараф этилган. Ўз-ўзидан, рус тили фанидан топширганлар ҳам тестда тўплаган паст балларини техник хатолик ўлароқ қабул қилишмоқда ва тўғриланишини, очиғи, балл қўшиб берилишини сўрашмоқда.
Кўп йиллик стажга эга бўлган ўқитувчилар стрессга тушиб қолгани, мактаб жамоаси олдида юзи шувут бўлгани, асабийлашиб, қон босими кўтарилгани, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳаттоки айрим вилоятларда ўқитувчилар вафот этганини ёзишмоқда.
«Ўтган йили синовда 87,5 балл олгандим. Тоифа даражасини босқичма-босқич беришади, деб айтишди. Яна имтиҳонга кириб, 46 балл жамғарибман. Мен кимнинг шарофати билан бир йил ичида тўнкага айланиб қолганимни билмоқчиман», — деб савол қўйган ўқитувчилардан бири Шаҳноза Раҳматуллаева.
«Шуҳратжон, бу вазиятни жиддий ёритишингизни илтимос қиламиз. Бунақаси бўлган эмас. Ўтган йили рус тили фанини рус синфлар учун топширган эдим. Ҳозиргидан анча юқори натижа олганман. Ечолмаган саволларимга чиндан ҳам билмаганман, дея иқрор бўлганман. Бу йилги аттестацияда миллий синфларга рус тили ўқитувчилари учун саволлар ундан анча қийин. Қийин бўлса ҳам, ечолмасам хафа бўлмасдим , саволларнинг ўзи ғашингизни келтирадиган даражада тушунарсиз ва чалкаш. Ўша тест саволларини тузганларни йиғиб, шу тестларни ечиб беришларини талаб қиламан. Бизга маънавий ва руҳий зарба беришди. Қонун олдида жавоб беришсин», — деб ёзади яна бир ўқитувчи Моҳигул Ҳабибуллаева.
«Ҳурматли мухбир. Биз сизга суянган ҳолда юрагимиздаги дардларимизни очяпмиз. Энди битта нажотимиз сиздан. Ҳали аттестацияга кирмаган ўқитувчилар топширганларнинг кайфиятини кўриб руҳи тушяпти. Ахир устозларга бўлган ҳурмат, инсонни хўрлаш бундан ортиқ бўлмаса керак? Бутун Ўзбекистонда биз рус тили ўқитувчилари шарманда бўлдик-ку? Тест ечаётиб, устозлар компютер олдида жон беряпти, наҳотки одамнинг қадри шунчалар паст бўлса?! Мен ҳам 32 йиллик иш тажрибасига эга биринчи тоифали рус тили ўқитувчисиман. Мен ҳам пул тўлаб, навбатдан ташқари топширгандим. Ҳамма қатори 42 балл+18=60 балл олдим. Олийга ўтолмадим. Нафақага 4 ой қолди. Бошқа устозларнинг гапларига қўшилган ҳолда, қайта аттестация қилишларини сўраймиз», — деб ёзди Насиба Қўзиева.
Наҳотки ҳаммаси ўқитувчилар савияси билан боғлиқ?
Тест синовларига кирган ўқитувчиларнинг айримлари саволларни расмга ҳам тушириб чиқишган экан. Уларнинг барчасини келтира олмайман: тест саволларини тарқатиш ўринли эмас. Ўша саволлар гуруҳда муҳокама қилина бошланди.
Саволлар тўрт хил мураккабликда тузилар экан. Менинг журналист кўзимга жуда осон савол бўлиб кўринган қуйидаги саволни ҳам айрим рус тили ўқитувчилари қийин ва чалғитувчи саволлар сирасига киритишди.

Бу саволда учинчи жавоб тўғрилиги қуролланмаган кўз билан кўриниб турибди. Ва бу саволнинг жавобини топишга кўпи билан 10 сония вақт кетади. Шундай деб айтиб, айримлардан балога қолдим.
Шу саволнинг тўғри жавоби тўртинчи жавоб деб тортишган, саволда «экспериментальний материал» деган жумла борлиги 4-жавоб тўғрилигига далолат бўлади, деган ўқитувчилар бўлди. Чунки 4-жавобда «материал» деган сўз қатнашган экан. Ҳайратдан ёқа ушладим! «Суббота»ни «шестница» дейдиган мана шундай ўқитувчилар ҳамон бор экан ва улар болаларимизга таълим беришмоқда. Тестдан норози бўлишмоқда: қийинроқ саволларни асти қўяверинг энди!
Боз устига, гуруҳда ўқитувчилар ижтимоий тармоқлар орқали ХТВ, Таълим инспекциясига жамоавий мурожаатлар йўллашга қарор қилишди. Ўша мурожаат матнини ҳам очиғи, ўзим хатолардан тузатиб, таҳрирлаб бердим. Токи, хатолар ўзларига қарши дастак бўлиб қолмаслиги учун.
Ўз-ўзидан, айрим миллий тилда ўқитиладиган мактаблардаги рус тили фани ўқитувчиларининг савияси ҳаминқадармикан, деган хулосага келади киши. Лекин бутун республика бўйлаб ўқитувчиларнинг даражаси шундай, деган хулосага келиш қийин. Чунки аксарият устозлар бошқа саволлар чалғитувчи эди, деяпти ва бу ҳол ўқитувчиларнинг ҳам эътирозида жон борлигидан далолат бераётгандек.
Инспекциядагилар нима дейди?
Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясида ишловчилар ҳам бу гаплардан безиб қолишибди. Инспекциянинг апелляция комиссиясида ишловчи Рашид Тожибоев ўз Telegram-каналида шундай ёзади:
«Ҳафта оғир ўтди.
Олдинлари олий маълумотли ўқитувчи олий тоифани олиши учун 13 йил керак бўлган бўлса, ҳозирда камида 1,5 йил талаб этилади. Нафақадаги, кўп йиллик меҳнат стажига эга ўқитувчилар, ўқувчилари халқаро олимпиадалари совриндорлари, халқаро сертификатга эга ўқитувчиларга имтиёзлар берилган.
Барча фанлардан тест форматлари (фан қамрови, фан мазмуни, саволлар тури, вақт меъёрлари ва баҳолаш мезонлари) эълон қилинди. Тайёргарлик учун намунавий тест саволлари синов режимида жорий қилинди. Тест саволлари такомиллаштирилиб, ўқитувчига янги бўлган манбадан фойдаланилди.
Лекин барибир малака синовидан ўта олмаган ўқитувчиларнинг эътирозлари тўхтамаяпти. 14 мартдан бери апелляция комиссиясида ишлаётган бўлсам, ўқитувчилар томонидан турли таҳдидлар, тамагирлик ҳолатлари, пора таклиф қилишлар, сўкиш ва қарғишлар бўлмоқда.
Тест саволларига янгича ёндашилгани боис, дарсликда исботлаб бериш талаб этилмоқда. Таълим инспексиясининг сайтидан шахсий номеримни олиб, эрталабгача 30 марталаб телефон қилиш ҳолатлари бўлмоқда. Барчаси билан ZOOM орқали боғланиб, ўзининг саволлар китоби билан таништирганимда, хатоларини кўриб, бирдан унсиз бўлиб қолмоқда.
Хуллас, ҳужжат топширган 281 минг нафар ўқитувчига ёқишнинг имкони бўлмаяпти».
Ушбу масала бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясига ҳам ўқитувчилар томонидан янграган эътирозларга жавоб олиш ва бошқа саволлар билан мурожаат қилдик.
Инспекциянинг матбуот котиби Шавкат Хўжақуловнинг маълум қилишича, сўнгги йилларда малака тоифаси бериш жараёнини адолатли ва шаффоф ташкил этиш учун синовлари реал вақт режимида, барча қулайлик, шарт-шароитлар яратилган, шунингдек, замонавий ахборот коммуникация технологиялари воситалари билан таъминланган хоналарда онлайн тарзда ўтказилмоқда.
Тоифани ошириш учун фақат билим, педагогик маҳорат, психологик тайёргарлик ва фаолият натижадорлиги талаб қилинадиган бўлган. Бир тоифадан кейингисига ўтишдаги 5 йиллик муддат чеклови олиб ташланган. Ўз устида ишлайдиган ва малакали ўқитувчилар энди ҳар йили икки марта тоифа синовларида иштирок этишлари мумкин.
Ш.Хўжақуловнинг айтишича, бундай янгиликдан айрим ёши катта ўқитувчилар норози, ёш педагоглар эса янгиликни тўлиқ қўллаб қувватлашади.
Ўзингиз ўйланг, сўнгги уч йилда 300 минг нафардан зиёд педагог ўз ихтиёри билан муддатидан аввал аттестацияда иштирок этиш учун ариза билан мурожаат қилган. Натижада, шу давр ичида олий тоифали ўқитувчилар 2 баробарга, биринчи тоифалилари эса 1,5 баробарга ошган.
Хўш, рус тили фани бўйича саволларни ким тузган?
Саволларни инспекция жалб қилган эксперт-ўқитувчилар тузишган. Бошқа мустақил экспертлар эса уларни экспертизадан ўтказишган. Бу экспертлар ўтган йиллар давомида малака синовларида юқори натижа кўрсатган энг билимли ўқитувчилар орасидан танлаб олинар экан.
Назорат саволларини шакллантиришда асосан дарсликларга эмас, давлат таълим стандартларига суянган ҳолда, педагогнинг компетентлигини ҳамда педагогик маҳоратини очиб беришга эътибор қаратилган.
Тест саволларини ҳақиқий имтиҳон жараёнида ишлатиш учун, экспертиза, апробация, валидлик ва ишончлилик таҳлиллари каби бир неча жараёнлардан ўтказилар экан.
Саволлар рус сайтларидан олинган, Россиядаги рус тили ўқитувчилари учун тузилган, мактаб дастурида ўтилаётган мавзулардан йироқ, деган иддаони илгари суришмоқда, деган саволимизга инспекцияга тест тузиш бўйича эксперт сифатида жалб қилинган мактаб ўқитувчиси (шахси сир) жавоб берди.
«Россиянинг «Единый государственный экзамен» лойиҳаси ўқитувчилар эмас, балки битирувчи ўқувчилар билимини синаш мақсадида ўтказилади. Малака (тест) синовларида саволлар ушбу лойиҳадан олинмаган, юртимизда амалда бўлган давлат таълим стандартлари асосида тузилган. Лекин мисоллар Россиянинг услубий сайтларидан, рус ёзувчи ва шоирларининг асарларидан келтирилган. Рус тили грамматикасидан тест саволларини тузишда инглиз, француз ёки америкалик адибларнинг асарларидан фойдаланмасликни маъқул кўрганман. Бироқ дарс ўтишда ўқитувчи ўқувчи учун қўшимча манбалардан фойдалана олиши зарур.
Тест тузишда амалдаги дастурлардан четга чиқилмаганига 100 фоиз кафолат бераман. Кўпчилик рус тили (миллий мактабларда) ўқитувчиларининг эътирозига сабаб бўлган «Сложные предложения. Синтаксис сложного предложения. Сложноподчиненные, сложносочиненные, бессоюзные предложения» мавзулари асосида тузилган тестлар бўлди. Бу мавзулар миллий мактабнинг 9-синфлари учун мўлжалланган дарсликлардан олинган. Мисоллар эса рус адибларининг асарларидан олинган.
Амалдаги дарсликларда тестологларимиз томонидан асос қилиб олинган замонавий педагогик технологиялар қўлланилган, аммо минг афсуски, баъзи педагогларимиз уларнинг дарсликларда борлигидан хабари ҳам йўқ. Улар ўқувчиларга билим беришда замонавий педагогик технологиялардан фойдаланишганда, аттестация тестларини ечишда қийналмаган бўлишар эди.
Апелляцияга ариза берган аксарият ўқитувчилар билан тест саволларини таҳлил қилганимизда, улар «шу мисолни дарсликдан топиб, кўрсатиб беринг», деб талаб қилишди. Наҳотки педагогларимиз унутиб қўйишган, дарсликлардаги машқлар, мисоллар ўқувчилар учун мўлжалланган, аттестация эса ўқитувчилар, олий маълумотли мутахассисларнинг билим даражасини белгилайди. Шундай экан, мисоллар ҳам педагог билим даражасида бўлиши керак. Грамматик қоидалар дарсликдан, мисоллар рус адабиёти асарларидан олинган. Улардан барча фойдаланади: Россия ҳам, Ўзбекистон ҳам, бошқа давлатлар ҳам.
Бугунги педагог тинмай ўз устида ишлаши, замондан орқада қолмаслиги учун ўз билим, малака ва кўникмасини ошириш мақсадида тинмай бадиий асарлар, услубий қўлланмалар, энциклопедик нашрлар ва фан ва таълимга оид сайтлардаги манбалардан ўқиб-ўрганиб, доимо изланиши шарт. Педагоглик — осон касб эмас. Шуни билиб танлаганмиз. Биз билим, зиё тарқатувчимиз. Ҳозирги аттестация эса ўқитувчиларни ўз устида ишлашга ундайдиган, зарур пайти мажбур қиладиган яхши механизм, деса ҳам бўлади», — деган тест саволларини тузган ўқитувчи.
Тест саволларининг мавзуси қаердадир аввалдан эълон қилинганми?
Ш.Хўжақуловга кўра, ўтган йилдан бошлаб, Таълим инспекцияси томонидан барча 33 та умумтаълим фанларидан тест топшириқлари формати (фан мазмуни таркиби, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёри) ва баҳолаш мезонлари эълон қилинди.
Ҳар йили малака (тест) синовлари олдидан ҳақиқий имтиҳон ҳолатига яқинлаштирилган, тест топшириқлари форматига мос тарзда намунавий саволлар орқали ўз билимларини яна бир бор синовдан ўтказиш имконияти яратилган.
Назорат саволларини шакллантиришда асосан дарсликларга эмас, давлат таълим стандартларига суянган ҳолда, педагогнинг компетентлигини ҳамда педагогик маҳоратини очиб беришга қаратилган.
Ўтган йилги малака синов тестларига қараганда бу йилгилари чиндан ҳам мураккаб дейилишига асос борми? Саволлар мураккабми ёки ўқитувчиларнинг малакаси паст?
Малака синовларида иштирок этган айрим педагогларимиз эскича тестларга ўрганиб қолишганлиги аттестация жараёнида сезилиб қолди. Замонавий педагогик технологияларга асосланган, мослаштиришни, мантиқий қиёслашни талаб этувчи янги шаклдаги тестларни оғриқли қабул қилишди. Барча тест саволлари амалдаги таълим дастурига мувофиқ ва Давлат таълим стандартлари талабларига мос равишда тузилган.
Ушбу фандан апелляция жараёнида иштирок этган мурожаатчиларга фан мутахассиси томонидан қаерда хато қилганлиги тушунтириб берилди.
Ўта олмаган ўқитувчиларнинг барчасининг малакаси паст дейишдан йироқмиз. Улар орасида кўп йиллик стажга эга тажрибали устозлар ҳам бор. Шунчаки уларга янгича методикалар асосида ўз устиларида ишлаш бўйича ёрдам бериш, семинарлар ташкил қилиш зарур бўлади.
Таъкидлаш жоизки, Ҳукумат қарорига асосан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб чет тили фани ўқитувчилари, шу жумладан рус тили (миллий мактабларда) фани ўқитувчилари аттестацияси жараёнида ўқув фани бўйича малака синовлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини баҳолашни назарда тутувчи касбий синов шаклида амалга оширилади. Синовларни янгича тартибда ўтказиш учун айни пайтда илғор хорижий тажрибалар ўрганилмоқда.
Бунда С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга чет тили фани ўқитувчиларига ўқув фани бўйича малака синовидан максимал балл бериш тартиби сақлаб қолинади.
25-26 март кунлари тожик тили (бошланғич), 29 март куни она тили ва адабиёти тест синовларида балларни ҳисоблашда техник хатолик содир бўлган ва балл қўшиб бериш билан бартараф этилган. Рус тили фанидан топширганлар ҳам тестда тўплаган паст балларини худди шундай техник хатолик деб қабул қилишмоқда ва тўғриланишини сўрашмоқда. Бу борада техник хатолик рўй берганми?
Йўқ, техник хатолик фақатгина ушбу ҳолатда кузатилган бўлиб, бу бўйича расмий баёнот ҳам берилди ва йўл қўйилган хато зудлик билан бартараф этилди.
Ҳар бир фан бўйича жараёнларнинг тўғри ташкил этилиши мунтазам мониторинг қилиб борилади. Техник хатоликлар аниқланганда, педагоглар эътироз билан мурожаат қилган-қилмаганидан қатъи назар, уларнинг якуний натижалари қайта ҳисобланади ҳамда бу бўйича жамоатчиликка эълон қилинади.
Афсуски, ушбу баёнотларни айрим ўқитувчилар нотўғри тушунишди. Аттестациядан ўта олмаган айрим педагоглар Telegram ижтимоий тармоғида гуруҳ ташкил қилган ҳолда ҳамкасблари ўртасида юқори турувчи ташкилотларга кўпроқ ариза берилса, депутатларга, журналист ва блогерларга мурожаат қилинса, ижтимоий тармоқларда кўпроқ эътирозлар билдирилса, натижалар бекор бўлиб, балл қўшиб берилиши ёки қайта имтиҳон ўтказилиши мумкин, дея хато тарғиботлар олиб боришмоқда. Ҳаттоки блогерлар орқали эътирозларни эълон қилиш учун пул йиғиш таклифлари илгари сурилди.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомга кўра балл қўшиб бериш ёки қайта синовлар ўтказишга фақатгина хатолик юз берган ҳолатдагина рухсат берилади. Рус тили бўйича эса бундай хатолик кузатилмаган.
Ҳозиргача миллий тилдаги мактаблардаги рус тили ўқитувчиларининг неча нафари синовдан ўтди ва уларнинг қанча фоизи муваффақиятли топширишди?
Таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасалар (синфлар)да фаолият юритаётган камида С1 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга 3600 нафар рус тили фани ўқитувчиларига 2022 йилнинг биринчи ярмида ўтказилаётган малака (тест) синовларига жалб қилинмасдан энг юқори балл берилди. Сертификатини аттестация ҳужжат топшириш якунланганидан кейин олган педагогларда эса 2022 йилнинг иккинчи ярмида аттестацияда иштирок этмасдан тоифа олиш имконияти мавжуд.
Жорий йилда таълим тили рус тили бўлмаган мактаб ўқитувчилари учун ўтказилаётган малака (тест) синовларида ушбу сертификатни ола олмаган ёки ҳали олишга улгурмаган 9391 нафар ўқитувчи жалб қилинган. Тест синовлари натижасига кўра, республика бўйича ўртача балл 40 баллни (80 баллга нисбатан) ташкил этган.
C1 даражадаги халқаро ва миллий сертификати бор педагогларимиз билан қўшиб ҳисобланганда жами 4786 нафар (36,84 фоиз) педагоглар тоифасини оширган, 1187 нафар (9,14 фоиз) педагог тоифасини сақлаган ва 7018 нафар (54,02 фоиз) педагог салбий натижа қайд этган.
(Алоҳида эътибор беришингизни истардим: С1 сертификати эгалари чиқариб ташланса, 9391 нафар ўқитувчидан 7018 нафари — яъни 75 фоизи тестдан ўта олишмаган — Ш.Ш.)
C1 даражадаги халқаро ва миллий сертификатисиз ўқитувчилар кесимида таҳлил қилинганда 2373 нафар (25 фоиз) педагог ижобий натижа қайд этган. Тоифасини ошириб олганларнинг маоши ҳам кўтарилади.
Муваффақиятсиз топширган ўқитувчиларни нима кутади?
Салбий натижа қайд этган педагогларнинг 70 фоизи навбатдан ташқари ўз ихтиёри билан аттестацияда иштирок этган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 572-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандига асосан уларга нисбатан салбий қарор чиқарилмайди ҳамда улар амалдаги тоифаси бўйича маош оладилар.
Агар мажбурий (ҳар 5 йилда бир маротаба бўладиган) аттестацияда педагог салбий натижа қайд этса, тоифаси бир поғона пасаяди ва маоши ҳам тоифага мос тарзда камаяди.
Мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимидаги педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестациядан ўта олмаган тақдирда, иш берувчи ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли, у билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бу қоида фақатгина мутахассис тоифасидагиларга тегишли, яъни иккинчи, биринчи ва олий тоифали ўқитувчилар тоифаси пасайгани ишдан бўшатишга асос бўлмайди.
Ўқитувчиларга малака синовларини қайта топширишларига имконият бериладими?
Ҳа, албатта, кўп сонли ўқитувчиларнинг талабларига асосан 2022 йилдан бошлаб аттестация жараёнлари ҳар йилда икки маротаба ўтказилиши йўлга қўйилди. Қайта иштирок этиш учун Таълим инспекция веб-сайти ёки Давлат хизматлари маркази, ё бўлмасам ягона давлат интерактив хизматлари портал орқали мурожаат қилишлари мумкин. Ҳеч қандай чеклов йўқ. Юқорида таъкидланганидек навбатдан ташқари, ўз ихтиёри билан аттестацияда иштирок этишмоқчи бўлишса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (270 минг сўм) миқдорида ҳақ тўлашади.
Малака (тест) синовларини топширган ўқитувчиларнинг апелляцияси қай тартибда кўриб чиқилади?
Аттестация натижаларидан норози бўлган педагог кадрлар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун мобайнида апелляция комиссиясига ёзма равишда ариза (шикоят) беришлари мумкин.
Апелляция комиссияси аттестация бошлангандан кейин ўн кун ичида Таълим инспекцияси бошлиғининг буйруғига кўра ҳар бир таълим тури бўйича етти кишидан иборат таркибда тузилади.
Апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ёзма равишда ёки Таълим инспекциясининг расмий веб-сайти орқали электрон тарзда амалга оширилади.
Мурожаат этувчи педагог кадрлар апелляция комиссияси томонидан мурожаати кўриб чиқилиши жараёнида бевосита ёки масофадан туриб онлайн тарзда иштирок этиши мумкин.
Апелляция комиссияси педагог кадрнинг аттестация жараёнларига оид мурожаатини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
- педагог кадрнинг тўғри баҳоланганлиги, ўқув фани бўйича тест ва малака синови материалларида хато ва камчиликлар, шунингдек, синовларни ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар аниқланмаган тақдирда, аттестация натижаларини ўзгартиришсиз қолдириш;
- педагог кадрнинг педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлиги нотўғри баҳоланганлиги, ўқув фани бўйича тест ёки малака синови материалларида хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, аттестация натижаларини ўзгартириш;
- ўқув фани бўйича тест ёки малака синовларини ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, тест синовларининг қайтадан топширилишини ташкил этиш.
Апелляция комиссияси қарори нусхаси мурожаат этувчи педагог кадрга апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан беш кун муддатда тақдим этилади.
Ўқитувчиларга саволларга нотўғри жавоб берганини кўрсатиб беришнинг техник имконияти борми?
Умуман, ариза билан мурожаат қилган педагогларга тест тузган экспертлар иштирокида тест саволларида йўл қўйган хатолари кўрсатиб берилмоқда. Эътирозларига жавоб қайтарилмоқда. Ўзлари бажарган тест саволлари ва белгиланган жавоблари тақдим этилмоқда.
Бироқ тестни якунлашлари билан экранда натижа кўрингандан ўша заҳоти қайси саволга тўғри ёки нотўғри жавоб берганини кўрсатиш имконияти йўқ. Сабаби айрим фанлар бўйича тест синовлари бир неча кун давом этади ва тестлар хавфсизлигини таъминлаш муҳим. Бундан ташқари, хатоларни кўриш кўпроқ вақт олиши навбатда турган бошқа педагогларга ноқулайлик туғдиради.
Тажрибада кўрдикки, мурожаат билан мурожаат қилган педагоглар қўлига тест саволларини берганимизда тест жавобларида хато борлигини таъкидлашади. Эксперт тушунтириб берганидан кейингина хатоларини англаб етишади.
Сўнгсўз ўрнида
Нима ҳам дердик, рус тили фани учун тест саволларини тузган ўқитувчи билвосита саволлар мураккаб эканини тан олган ва миллий тилда ўқитилувчи мактабларнинг рус тили ўқитувчилари билан Россиядаги мактаб ўқитувчилари савияси ўртасида фарқ бўлмаслиги керак, деган максималистик қарашга эга эканини кўрсатган.
Саволларнинг чалкаш, мантиқий фикрлашга қараб тузилгани ҳам тест ечишга ажратилган 1 соат етарли эмас, деган хулосани беради. Чунки ўқитувчиларнинг кўпчилигига саволни ўқиб тушуниб, англаб олгунча вақт ҳам етмай қолган. Шу сабабли уларнинг ҳар тўртовидан уч нафари тестдан ўта олмаган. Ўзбек тилидаги мактабларнинг рус тили ўқитувчиларининг ҳам аксарияти ўзбеклардир. Яъни, рус тили барибир улар учун она тили эмас. Шу жиҳати унутилган.
Бу ҳол эътироз билдираётган мактаб ўқитувчилари қисман ҳақ эканини англатади. Тўғрисини тан олиш керак, Тошкент, Самарқанд ва Навоий каби шаҳарларда рус тили ўқитувчиларининг малакаси юқорироқ, чунки бу шаҳарларда рус тили ҳамон муомалада, яъни дарсдан ташқари кўчадаги мулоқот асносида ҳам олинган билим мустаҳкамланиб боради. Лекин вилоятларда бундай эмас. Ўз-ўзидан вилоятлардаги ўқитувчиларга бундай баланд «планка» қўйиш ўзини оқламаслиги тайин.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
14:34 / 30.03.2026
Наманганда 6-синф ўқувчисига жинсий зўравонлик қилган ўқитувчи қамоққа олинди
10:40 / 18.03.2026
Навбатдан ташқари аттестациядан ўта олмаган педагоглар ишдан бўшатилмайди
12:30 / 14.03.2026
Кармана туман ҳокими ўқитувчиларни ҳокимликка йиғиб, қарийб 1 соат турғизиб қўйди
19:25 / 02.03.2026