Ўзбекистон | 10:46 / 30.11.2019
3401
2 дақиқада ўқилади

1 ноябрь ҳолатига кўра аёл киши бўлганлиги сабабли ишга қабул қилишни рад этиш бўйича 274та ҳолат аниқланган

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатларида фаоллигини ошириш юзасидан комплекс дастурлар ижросининг ҳолати тўғрисида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси раҳбариятининг ахбороти эшитилди.

Мажлисда қайд этилганидек, ҳудудларда айрим маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва йўналишлар бўйича масъуллар ўртасида ўзаро ҳамкорлик лозим даражада йўлга қўйилмаганлиги ва аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги истиқболсиз лойиҳалар ўз вақтида янгилаб борилмаганлиги оқибатида 2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмасининг 10 ойлик мақсадли параметри Бухоро вилояти Шофиркон туманида (84,3 фоиз), Жиззах вилояти Бахмал (70 фоиз) ва Янгиобод туманларида (98 фоиз), Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида (98 фоиз), Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида (84,8 фоиз) бажарилмаган.

Қайд этилишича, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилаётган бўлса-да, меҳнат ҳуқуқи ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этилиши динамикаси юқорилигича қолмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларига кўра жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра аёл киши бўлганлиги сабабли ишга қабул қилишни рад этиш бўйича 274 та, қонунга хилоф равишда ишдан бўшатиш бўйича 319 та қонунбузарлик ва бошқа қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Уларнинг аксарияти асосан бюджет ташкилотлари, яъни халқ таълими, мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларига тўғри келади. Шу муносабат билан мажлисда давлат секторида ушбу масалалар бўйича назорат ва ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид