Афсуски, дастлабки уч кун давомида биз Россиядан ёлғон версиялардан бошқа ҳеч нарса эшитмадик — Илҳом Алиев
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Россия AZAL самолётининг Оқтовда қулаши сабабларини «бости-бости» қилмоқчи бўлганидан афсусда эканини айтди.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Озарбойжон телевидениесига Azerbaijan Airlines самолётининг ҳалокати бўйича интервю берди. Давлат раҳбарининг сўзлари Боку аэропортида, Embraer 190 самолёти фонида ёзиб олинди, айнан шу турдаги самолёт ҳалокатга учраган эди.
Илҳом Алиев сўзларига кўра, ҳалокат сабабларининг дастлабки версиялари самолётга Россия ҳудудида «ташқи таъсир бўлганини» кўрсатмоқда.
«Албатта, якуний версия «қора қутилар» очилгандан сўнг маълум бўлади. Аммо дастлабки версиялар ҳам етарли далиллар ва фактларга асосланган. Фактлар шундан иборатки, Озарбойжон фуқаролик самолёти Россия ҳудудида, Грозний шаҳри яқинида ташқаридан шикастланган ва деярли бошқарувни йўқотган», деди Алиев.
Унинг сўзларига кўра, самолёт «радиоэлектрон кураш воситалари билан бошқариб бўлмайдиган ҳолатга келтирилди», бу эса «авиалайнерга етказилган биринчи зарар» эди. Кейин ердан ўт очилиши оқибатида самолётнинг дум қисми жиддий шикастланди. Самолётнинг қушлар галаси билан тўқнашуви ҳақидаги версия эса, фюзеляж илма-тешик бўлгани сабабли кун тартибидан бутунлай олиб ташланди, деб қўшимча қилди Алиев.
«Эҳтимол, зарба пайтида учувчи буни самолёт билан қушлар галасининг тўқнашуви сифатида қабул қилган бўлиши мумкин. Чунки дўстона мамлакатда самолётимизга ердан ўқ узилишини ҳеч ким ўйламаган бўлса керак. Афсуски, Россиядаги баъзи доиралар ушбу версияни қўллаб-қувватлашни афзал кўрди. Бизни хафа қилган ва ҳайратга солган нарсалардан бири Россия расмий тузилмалари қандайдир газ баллонининг портлаши ҳақидаги версиялар ҳам илгари сургани бўлди. Яъни, бу Россия томони масалани «бости-бости» қилмоқчи бўлганини очиқ кўрсатди ва бу, албатта, ҳеч кимга шараф келтирмайди», деди президент.
Унинг таъкидлашича, «самолёт атайлаб уриб туширилмагани аниқ», лекин Россия томони воқеадаги айбини зудлик билан тан олиб, Озарбойжондан кечирим сўраши керак эди. «Афсуски, дастлабки уч кун давомида биз Россиядан уйдирма версиялардан бошқа ҳеч нарса эшитмадик», деб хулоса қилди Алиев.
Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, Россия бу ҳодисани Давлатлараро авиация қўмитаси томонидан тергов қилинишини таклиф этган. Аммо Озарбойжон буни рад қилган.
«Россия томони бизга бу масалани Давлатлараро авиация қўмитаси томонидан ўрганилишини расман таклиф қилди. Биз буни қатъиян рад этдик. Сабаби аниқ. Чунки бу идора асосан Россия амалдорларидан иборат бўлиб, қўмитага Россия фуқаролари раҳбарлик қилиши ҳеч кимга сир эмас. Бу ерда объективлик омиллари тўлиқ қондирилмаслиги мумкин. Агар биз Россиянинг авариядан сўнг дарҳол адолатли ва адекват қадамларини кўрганимизда, балки эътироз билдирмаган бўлардик. Лекин биз бу масалани яширишга яққол уринишлар борлигини кўрдик. Шунинг учун биз Қозоғистон томони билан яқин алоқада бу позициямизни билдирдик, шунингдек, Россия томонига халқаро экспертлардан иборат ишчи гуруҳ тузилиши кераклигини маълум қилдик», деди Алиев.
Озарбойжон президенти шикастланган самолёт нега Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига парвоз қилгани ҳақидаги фикрларини ҳам айтди.
«Қора қутилар» очилгандан сўнг, самолёт нима учун қўна олмагани маълум бўлади. Самолётга айнан қачон зарба берилгани, нега энг яқин аэропортларга қўнишга уринмагани, самолёт Оқтовга жўнатилганми ёки буни учувчилар танлаганми, ҳаммаси ойдинлашади. Турли хил фаразлар мавжуд. Баъзиларнинг фикрича, самолёт Грознийдан диспетчер томонидан атайлаб Оқтовга юборилган, чунки самолёт аллақачон бошқарувни йўқотган ва денгизга қулаши эҳтимоли юқори эди. Бундай ҳолда, «бости-бости» қилишга уринишлар муваффақиятли бўларди ва «қушлар галаси» асосий версия сифатида тақдим этиларди.
Айрим экспертлар фикрича, Оқтов очиқ майдон бўлгани ва турар-жойлар аэропортдан узоқда жойлашгани учун танланган, экипаж эса бу ерда фавқулодда қўниш имконияти бўлишини тахмин қилиб, ўзи шу йўналишни танлаган бўлиши мумкин. Аммо бошқа томондан, яқин атрофда аэропортлар бўлишига қарамай, ҳатто денгиз устидан узоқ масофага парвоз қилиш, самолёт бошқарувни йўқотганда кўпроқ хавфли эди. Яъни, бу саволларнинг барчасига ҳали жавоб йўқ. Бу масалаларга ойдинлик киритилмагунча, айрим тушунарсиз масалаларга изоҳ беришни истамаймиз. Бироқ, аниқ масалаларда биз тўлиқ қатъият билан фикримизни айтамиз ва айтишимиз керак», деди Алиев.
- Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга рейсни амалга оширган самолёти 25 декабр тонгида Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида қулаб тушди. 38 киши ҳалок бўлган. Euronews ва Reuters Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларга таяниб берган маълумотларга кўра, самолёт ҳалокатига Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбаси сабаб бўлган. Reuters хабарига кўра, Грозний устида «дронлар фаоллиги кузатилаётган» вақтда самолётга ракета отилган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.
- Россия ҳукумати буни тасдиқламаган. Ҳалокатдан икки кун ўтиб Росавиация раҳбари Дмитрий Ядров самолёта Грозний аэропортига қўниш учун кираётганида шаҳар дронлар ҳужумига учраганини айтган. У самолёт командирига қўниш учун Россиядаги бошқа аэропортлар таклиф қилингани, аммо у Оқтовдаги аэропорт томон учишга қарор қилганини билдиран. Шу билан бирга, Euronews телеканалининг Озарбойжон ҳукуматидаги манбаси шикастланган лайнер экипажи авариявий қўнишни амалга оширишни сўрагани, аммо унга Россия аэропортларидан бирортасига қўнишга рухсат берилмаганини хабар қилган.
- 28 декабр куни РФ президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди ҳамда «Россия ҳаво кенглигида рўй берган фожиали ҳодиса» учун узр сўраб, қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган.
Мавзуга оид
18:09 / 01.01.2025
Жанубий Кореялик эркак самолёт ҳалокатида оиласининг 12 аъзосини йўқотди
15:17 / 01.01.2025
«Боку Москва билан олдинги муносабатларда қолмайди» – экспертлар Оқтовдаги фожиа оқибатлари ҳақида
17:47 / 31.12.2024
Жанубий Корея ҳарбийлари самолёт ҳалокатидан кейин мамлакат авиапаркини текширишни бошлади
16:46 / 31.12.2024