Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя Х ижтимоий тармоғидаги постида борт номери 9H-DFJ бўлган, маҳаллий вақт билан соат 20:10 да Анқараги Эсенбўға аэропортидан Триполи томон парвозни бошлаган Falcon 50 бизнес-жет соат 20:52 да қулаб тушганини тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, жандармерия бўлинмаси самолёт парчаларини Ҳаймана туманидаги Кесикқовоқ қишлоғидан икки километр масофадан топган.

Anadolu via Getty Images
Вазирнинг хабар қилишича, самолёт бортидан Ҳаймана тумани ҳудудига шошилинч қўнишни амалга ошириш бўйича сўров келиб тушган, шундан кейин борт билан алоқа узилган.
Бортда беш йўловчи, жумладан Ливия армияси бош штаби бошлиғи Муҳаммад ал-Ҳаддод ҳам бор эди.
Ливиядаги миллий бирлик ҳукумати раҳбари Абдул Ҳамид Дбейба Ливия армияси бош штаби бошлиғининг ўлимини тасдиқлади.
«Бу Туркия пойтахти Анқарадан расмий ташриф билан қайтишдаги фожиали ва оғир воқеадан кейин содир бўлди. Бу оғир йўқотиш – миллат, ҳарбий идора ва бутун халқ учун улкан йўқотишдир», – дейилади Дбейбанинг баёнотида.
Шунингдек, у бортда Ливия қуруқлик қўшинлари қўмондони, ҳарбий ишлаб чиқариш бошқармаси директори, бош штаб бошлиғи маслаҳатчиси ва фотосуратчиси ҳам бўлганини маълум қилган.
Самолёт ҳалокати сабаби ҳали аниқланмаган.

Триполидаги миллий бирлик ҳукумати бош вазир мудофаа вазирига тергов жараёнини назорат қилиш учун Анқарага расмий делегация юборишни буюрганини маълум қилди.
Ливия сиёсий масалалар бўйича вазири Валид Эллафи Libya Alahrar телеканалига берган интервюсида бу Малтадан ижарага олинган самолёт бўлгани, аммо «унинг эгаси ёки техник тарихи бўйича етарлича маълумот йўқлиги»ни билдирган.
БМТ томонидан тан олинган Ливия миллий бирлик ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб уч кунлик расмий мотам эълон қилди.
Туркия Мудофаа вазирлиги аввалроқ Ҳаддоднинг ташрифи ҳақида хабар бериб, у Туркия мудофаа вазири Яшар Гулер, бош штаб бошлиғи Салжуқ Байроқдорўғли ва бошқа турк ҳарбийлари билан учрашганини маълум қилганди.







