Ўзбекистон | 14:00 / 24.12.2025
1963
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев келгусидаги тадбирлар режасини кўриб чиқди

24 декабр куни ўтказилган телефон мулоқотида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжон президенти Илҳом Алиевни таваллуд куни билан муборакбод этиб, икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва келгуси тадбирлар режасини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

24 декабр куни бўлиб ўтган телефон мулоқотида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжон президенти Илҳом Алиевни таваллуд куни билан самимий муборакбод этди.

Давлат раҳбари Озарбойжон етакчисининг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, уни бирлаштириш, барқарор тараққиётини таъминлаш ва халқаро нуфузини оширишдаги тарихий ролини алоҳида қайд этди.

Суҳбат чоғида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон–Озарбойжон дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Жорий Иқтисодий кооперация йилида биргаликда амалга оширилган ишлар унумли бўлгани мамнуният билан таъкидланди.

Шунингдек, барча даражада самарали мулоқотлар ва алмашинувлар давом этаётгани, ўзаро товар айирбошлаш жадал суръатларда ўсиб бораётгани қайд этилди. “Йўл харитаси” асосидаги 20 та устувор йўналишдаги лойиҳалар фаол босқичга киргани, тадбирларга бой маданий-гуманитар алмашинувлар дастури амалга оширилаётгани билдирилди.

Ўзбекистон ва Озарбойжон раҳбарлари халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, келгусидаги тадбирлар режасини кўриб чиқди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид