Ўзбекистон | 00:09 / 17.10.2019
168355
2 дақиқада ўқилади

Дубай амирининг ўғли Ўзбекистонда лочин билан ов қилди

13 октябрь куни Дубай амирлигининг тахт вориси Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Мартабали меҳмон лочин билан ов қилиш мақсадида Dubai Air Wing компаниясининг Boeing 747 самолётида Навоий шаҳрига учиб келди. Бу шаҳзода учун анъана бўлиб қолган ва у ҳар йили Ўзбекистонга шу мақсадда келади.

Қайд қилиш жоизки, Навоий шаҳридан қарийб 50 километр узоқликдаги чўл ҳудудида 300 гектар ер майдонни эгаллаган «Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази» (АЙТАМ) жойлашган.

Марказ Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, Дубай амирлигининг ҳокими, Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ташаббуси билан 2008 йилнинг апрель ойида ташкил этилган.

АЙТАМ фаолиятининг асосий мақсади – Ўзбекистонда Осиё йўрға тувалоғининг барқарор популяциясини қўллаб-қувватлаш, уларни кўпайтириш, асраш ҳамда ҳар йили қушларни ёввойи табиий муҳитга қўйиб юбориш каби тадбирлар мажмуасидан иборат.

Қушларни ёввойи табиатга учириш мавсуми асосан сентябрь-октябрь ойлари ҳисобланади. 2012 йилдан шу вақтга қадар марказ томонидан табиатга 10 мингга яқин йўрға тувалоқ ёввойи табиатга учирилган.

Шаҳзода Ҳамдан бошчилигидаги делегация лочинлар билан шу ҳудудда тувалоқларни овлади ва бу ҳақдаги видеолавҳани Твиттер саҳифасига жойлади.

Ҳамдан ибн Муҳаммад Ол Мактум - Дубай амири Муҳаммад ибн Рошид Ол Мактум ўғли, Дубай амирлигининг меросхўр шаҳзодаси, 1982 йилда туғилган. У жуда фаол ҳаёт кечириши билан машҳур. Унинг қизиқишлари доираси кенглиги ҳаммани ҳайратга солади. Шаҳзода парашютдан сакраш, сув остига шўнғиш, балиқ ови, лочин ови, сноубординг, велоспорт ва спортнинг кўплаб бошқа турларига қизиқади. «Фазза» тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзади.

Мавзуга оид