Ўзбекистон | 13:35 / 28.12.2024
7883
2 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров: Россия ҳаво ҳудуди хавфсизлиги бўйича Транспорт вазирлигига сўров юборилади 

“Миллий тикланиш” партияси раисига кўра, Uzbekistan Airways компанияси биринчи ўринда ватандошлар хавфсизлигини ўйлаши керак.

Депутат Алишер Қодиров Россия ҳаво ҳудуди хавфсизлиги  юзасидан Транспорт вазирлигидан тушунтириш сўралишини билдирди.

Унинг таъкидлашича, “Миллий тикланиш” фракцияси бу мавзуда Транспорт вазирлигига “асосли тушунтириш бериш” сўровини юборади. Шунингдек, бу сўров Uzbekistan Airways авиакомпаниясига ҳам берилади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” биринчи ўринда ватандошларимиз хавфсизлиги ҳақида ўйлаши керак, дея ёзди Алишер Қодиров. 

Эслатиб ўтамиз, Azerbaijan Airlines авиакомпанияси самолёти 25 декабр куни Боку — Грозний йўналишида парвоз қилиб, Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри яқинида қулаганди. 26 декабр куни Euronews телеканали ўз манбасига таяниб, самолётнинг Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар берди.

Журналистларнинг Озарбойжон ҳукуматидаги манбалари самолёт ҳалокатига Россиянинг «ер-ҳаво» синфидаги ракетаси сабаб бўлганини айтишган. Манбаларга кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Грознийда дронлар «фаоллашган» вақтда (шу вақтда Кавказдаги регионларга украин дронлари ҳужум қилаётганди) АZAL самолёти томонга ракета учирган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.

Бокудаги AnewZ нашри Озарбойжон ҳукумати манбаларига таяниб, ракета Pantsir-S ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан отилганини хабар қилган.

Тайёрлаган:  Асрор Абдуназаров

Мавзуга оид