Ўзбекистон | 08:07 / 24.07.2021
4540
3 дақиқада ўқилади

Давлат объектларини «нол» харид қийматида сотиш амалиёти бекор қилинади

Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Ҳужжат билан давлат объектларини «нол» харид қийматида сотиш ва инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида «1 сўм» бошланғич қийматда очиқ савдоларга чиқариш амалиёти бекор қилинади (Президентнинг 27.10.2020 йилдаги ПФ-6096-сон Фармони 12-б. 2-хатбошиси).

Қуйидагиларнинг муддати жорий йилнинг 1 декабрига қадар узайтирилди:

бозор ва савдо комплексларини бошқариш ва босқичма-босқич хусусийлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш ҳамда хусусийлаштириш тўғрисидаги янгиланган низомларни уларни унификация қилган ҳолда тасдиқлаш.

Давлат активларини реализация қилишдан олинган маблағларни тақсимлаш тартиби ўзгартирилди. Бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағлари қуйидаги нисбатда тақсимланади:

  • 87 фоизи (илгари – 73 фоиз) –республика бюджетига;
  • 10 фоизи (илгари – 24 фоиз) – Жамғармага;
  • 3 фоизи – маблағларни мақсадли равишда тадбиркорлик ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан тадбиркорлар учун ташкил этиладиган ўқув курсларини молиялаштиришга йўналтирган ҳолда Савдо-саноат палатасига.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қарорлари асосида сотиладиган давлат мулки объектларини сотишдан тушадиган маблағларнинг 87 фоизи тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига ҳамда объект жойлашган туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига тенг улушларда йўналтирилади.

Белгиланишича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ туризм соҳасидаги давлат активларини сотишдан тушган маблағларнинг 50 фоизи Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади (Президентнинг 19.06.2020 йилдаги ПҚ-4755-сон қарорининг 5-б. «в» кичик б.).

Туристик зоналар ҳудудида жойлашган ва давлатга тегишли бўлган мулкий комплекслар ҳамда ер участкаларини сотишдан тушадиган маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади:

  • 75 фоизи – тегишли туристик зоналар дирекциялари ҳисобига;
  • 25 фоизи – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобига.

Шунингдек, бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилган.

Ушбу фармон 11.02.2021 йилдаги ПФ-6167-сон фармонида белгиланган активларни хусусийлаштиришдан тушган маблағларни тақсимлашга татбиқ этилмайди.

Мавзуга оид