Ўзбекистон | 07:37 / 04.08.2022
8397
3 дақиқада ўқилади

1 январдан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби ўрнатилади

Фото: Norma.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг cooperation.uz электрон кооперация порталидаги харидларда иштирокини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Электрон кооперация портали - cooperation.uz электрон тижорат очиқ рақамли экотизими ишга туширилиши билан давлат харидлари соҳасидаги рақамли экотизим асосий платформасига айланади ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини мазкур портал орқали реализация қилишда фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича пасайтирилган солиқ ставкаларидан фойдаланиши тартиби белгиланган.

2023 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

  • давлат буюртмачилари маҳаллий етказиб берувчилардан харид қилиш имкониятларини ўрганиш учун ўз аризаларини порталга жойлаштиради;
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотларни етказиб бериш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, порталдан ушбу аризалар давлат буюртмачиси хоҳишига кўра Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган бошқа операторлар электрон давлат харидлари тизимларига йўналтирилади;
  • давлат буюртмачилари томонидан бошқа операторлар электрон давлат харидлари тизимларига портални четлаб ўтган ҳолда аризалар киритиш тақиқланади;
  • ягона етказиб берувчиларни Молия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказиш ва улар томонидан тўғридан тўғри шартномалар тузиш портал махсус рақамли платформасида онлайн тарзда амалга оширилади.

Ушбу платформа тўғридан тўғри шартномалар тузилиши асослилигини ва ягона етказиб берувчилар томонидан етказиб бериладиган товарлар (ишлар, хизматлар) ўзига хослигини, бозор бошқа иштирокчиларидан рақобатбардош таклифлар йўқлигини текширишни таъминлайди.

Давлат харидлари тўғрисидаги шартномалар бўйича ҳисоб-китоблар давлат буюртмачилари ва етказиб берувчилар томонидан давлат харидлари тизими эскроу-агенти вазифасини бажарувчи электрон тижорат очиқ рақамли экотизими ягона ҳисоб-китоб ва клиринг репозитарий марказида очилган ягона шахсий ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Рақамли трансформация маркази Молия вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат харидлари бўйича ягона етказиб берувчилар реестрини шакллантириш ва тўғридан тўғри шартномалар тузиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид