Ўзбекистон | 09:10 / 20.10.2017
66498
2 дақиқада ўқилади

Янги вазирликка аёл киши раҳбар этиб тайинланди

Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, сенатор Агрепина Васильевна Шин янги ташкил этилган Мактабгача таълим вазирлигининг раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz га Халқ таълими вазирлигидаги манбалар маълумот берди.

Шу вақтгача Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Собитхон Тошпўлатович Турғунов эса янги вазирга ўринбосар этиб ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, янги вазирлик Президентнинг 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан ташкил этилганди.

19 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Янги вазирлик олдига мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари қўйилган.

Мавзуга оид