Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кубада энергетик инқироз: намойишчилар Компартия офисига ҳужум қилди
Шанбага ўтар кечаси электр энергияси ўчирилиши ва ёқилғи тақчиллигидан норози бўлган кубаликлар мамлакат марказий қисмидаги Морон шаҳрида Коммунистик партия офисига ҳужум уюштирди.
Фото: Видеодан кадр
Ундан олдинроқ шаҳарда озиқ-овқат нархлари ошиши ва энергетика инқирози туфайли норозилик акцияси бўлиб ўтганди.
Куба ички ишлар вазирлиги беш киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берган.
Invasor давлат нашри намойишлар «тинч руҳда бошлангани», аммо кейин «вандализм актлари»га уланиб кетганини ёзиб чиққан. «Одамларнинг кичик гуруҳи бинони тошбўрон қилди, кейин эса вестибюлда турган мебеллар кўчага олиб чиқилиб, ёқиб юборилди», – дейилади хабарда.
Бошқа бир неча давлат муассасалари, жумладан, дўкон ва дорихоналар ҳам ҳужумга учраган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Компартия офиси биносига тош отилаётгани ва одамлар «Озодлик!» дея қичқираётганини кўриш мумкин. Кўчаларда эса улкан гулханлар ёқилган.
Куба ички ишлар вазирлиги ҳуқуқ-тартибот органлари «вандализм актлари» текширилаётгани ҳақида хабар берган.
Сўнгги ойларда Куба чуқур энергетик ва озиқ-овқат инқирозини бошдан кечирмоқда, оролда тез-тез блэкаут кузатилмоқда, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиб бормоқда. Бу шифохоналар, жамоат транспорти, таълим муассасалари ва чиқиндиларни йиғиш каби асосий хизматлар фаолиятига таъсир кўрсатмоқда.
Куба пойтахти ҳам кунига 15 соатгача электр таъминотидан узилмоқда.
Бу январ ойида Кубага дўстона ҳисобланган Венесуэлада Америка ҳарбийлари томонидан амалга оширилган ҳарбий тўнтариш оқибати бўлмоқда, Николас Мадуро ўрнига келган муваққат ҳукумат АҚШ босими остида оролга нефт етказиб беришни тўхтатган.
Доналд Трамп эса Куба раҳбарияти алмашиши керак бўлган давлатлар рўйхатида Венесуэла ва Эрондан кейин турганини айтиб, таҳдид қилмоқда.
66 йил муқаддам, Фидел Кастро бошчилигидаги исёнчилар ҳокимиятга келиб, Америка компаниялари мулкларини мусодара қилганидан кейин АҚШ томонидан Кубага қарши савдо эмбаргоси жорий этилганди.
Норозилик кучаймоқда
Куба конституциясида сўз эркинлиги ҳуқуқи кафолатланган бўлса-да, мамлакатда оммавий норозилик намойишлари деярли кузатилмайди.
Сўнгги ҳафталарда баъзи кубаликлар содир бўлаётган воқеаларга норозилик сифатида кечқурунлари шаҳар кўчаларида ёки ўз уйларида кастрюлкаларни тарақлатиб, ўзига хос акциялар уюштира бошлаганди.
Ўтган ҳафта бир гуруҳ талабалар Гавана университетида норозилик намойиши ўтказиб, энергетика инқирози уларнинг таълим олишига тўсқинлик қилаётганидан норозилик билдирганди.
Куба президенти Мигел Диас-Канел одамларнинг шикоятларини «қонуний» деб атади, бироқ «осойишталикка таҳдид соладиган зўравонлик ва вандализм»га тоқат қилмаслигини таъкидлади.
У Х тармоғидаги постида одамлар электр таъминотидаги узилишлардан чарчагани, бироқ бунга АҚШ томонидан қўйилган блокада сабаб бўлаётганини айтган.
Пайшанба куни Гавана Ватикан билан музокаралар натижаларига кўра, яхши ният белгиси сифатида 51 нафар сиёсий маҳбусни озод қилишини маълум қилганди. Ватикан ўтмишда ҳам Куба ва АҚШ ўртасидаги музокараларда воситачилик қилган.
Маҳбусларни озод қилиш тўғрисидаги баёнотдан бир неча соат олдин Мигел Диас-Канел Гавана АҚШ билан музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади, аммо уларнинг мазмуни ҳақида деярли ҳеч нарса демаганди.
Мавзуга оид
21:07 / 30.03.2026
Ўзбекистон Венесуэлани мағлуб этиб, халқаро турнир ғолиби бўлди
08:52 / 30.03.2026
АҚШ Россиянинг Кубага кетаётган нефт танкерини тўхтатмади
16:47 / 27.03.2026
“Озодлик ороли”да нималар бўлмоқда? Кубада коммунистик тузум ўрнатилиши тарихи
11:48 / 19.03.2026