Ўзбекистон | 09:32 / 13.10.2020
12395
2 дақиқада ўқилади

Сардобадаги тошқиндан кейин эвакуация қилинганларнинг 2 мингдан ортиғи ҳамон Жиззах ҳудудида яшамоқда

Май ойида Сирдарёнинг техноген фалокатдан талафот кўрган ҳудудларидан эвакуация қилинганларнинг 9,3 мингдан ортиғи ҳамон уйига қайтолмаган.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га «Сардоба» сув омборидаги техноген вазият оқибатларини бартараф этиш чораларининг тезкор назорати хусусида маълумот тақдим этди.

Май ойида «Сардоба» сув омборидаги техноген офат оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 11та маҳаллада (28та аҳоли пункти) яшовчи 89 минг 450 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинганди.

Маълум қилинишича, бугунги кунга қадар 80 минг 64 нафар (89,5 фоиз) аҳоли яшаш манзилларига қайтарилган, қолган 9386 нафари эвакуация қилинган жойларида яшамоқда.

Шундан, Сирдарё вилоятининг туман-шаҳарларида – 7308 нафар (919 нафари 10та муассасаларда ва 6389 нафари хонадонларда), Жиззах вилоятининг туман-шаҳарларида – 2078 нафар аҳоли хонадонларда яшамоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, шу йил 1 май куни тонгида Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омборида тўғон ўпирилиши содир бўлганди. Сув тошқини оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етган, бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлганди. Учта тумандан жами 90 мингга яқин киши эвакуация қилинганди.

Мавзуга оид