Жаҳон | 22:23 / 11.11.2025
3106
3 дақиқада ўқилади

Австралия дунёда биринчи бўлиб 16 ёшгача бўлган фойдаланувчиларга ижтимоий тармоқларни тақиқлади

Энди Facebook, Instagram, TikTok, Snapchat, Х (Twitter), YouTube, Reddit, Discord, Kick ва бошқа платформалар 16 ёшгача бўлган фойдаланувчилар томонидан аккаунтни рўйхатдан ўтказиш ва ундан фойдаланишга йўл қўймасликка мажбур бўлади.

Фото: AP

Австралия болаларнинг онлайн хавфсизлиги соҳасида кескин қадам ташлашга қарор қилган дунёдаги биринчи давлат бўлди. 2025 йил 10 декабрдан бошлаб 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини бутунлай тақиқловчи қонун кучга киради.

Қабул қилинган қонун - Online Safety Amendment (Social Media Minimum Age) Act 2024 - ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш учун минимал ёшни белгилайди. Энди платформалар 16 ёшгача бўлган фойдаланувчилар томонидан аккаунтни рўйхатдан ўтказиш ва ундан фойдаланишга йўл қўймасликка мажбур бўлади.

Қонун дунёдаги энг йирик платформаларни қамраб олади: Facebook, Instagram, TikTok, Snapchat, Х (Twitter), YouTube, Reddit, Discord, Kick ва бошқа хизматлар «ёшга қараб чекланган ижтимоий тармоқлар» сифатида таснифланади.

Бунда контентни тўлиқ блоклаш ҳақида гап кетмаяпти - ўсмирлар оммавий саҳифаларни аккаунт очмасдан ҳам кўриши мумкин. Талабларга риоя қилиш масъулияти фойдаланувчилар ёки уларнинг ота-оналарига эмас, балки платформа эгаларига юклатилади.

Австралия расмийларига кўра, янги чорадан мақсад ўсмирларнинг руҳий саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилиш, алгоритмлар ва онлайн босим таъсирини камайтириш, шунингдек, киберҳужум ва рақамли қарамликнинг олдини олишдир.

Ҳукумат ўсмирлар ижтимоий тармоқларда фаол иштирок этишдан олдин танқидий фикрлаш ва рақамли саводхонликни ривожлантириш учун кўпроқ вақтга эга бўлиши кераклигини таъкидлайди.

Бир қатор экспертлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қонуннинг амалда қанчалик самарали бўлишига шубҳа билдирмоқда. Асосий савол - платформалар қандай қилиб фойдаланувчиларнинг ёшини текшириши ва VPN, сохта аккаунтлар ёки ота-оналар маълумотлари орқали чекловларни четлаб ўтишнинг олдини олиши мумкинлигида.

Бундан ташқари, танқидчиларнинг фикрича, тўлиқ тақиқ ўсмирларнинг ўзини ифода этиш ва рақамли жамиятда иштирок этиш ҳуқуқларини чеклаши мумкин.

Шунга қарамай, Австралия ҳукумати қонун болалар учун хавфсизроқ рақамли муҳит яратиш йўлида муҳим қадам ва эҳтимол бошқа мамлакатлар учун намуна бўлишига ишончи комил.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид