Жамият | 13:02 / 26.12.2022
62763
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида 13 ёшли қизнинг номусига тегиб, ҳомиладор қилган эркакка ҳукм ўқилди

3 йил давомида ёш қизнинг номусига тегиб келган ва унинг ҳомиладор бўлишига сабаб бўлган эркак жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган.

Аввалроқ, Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс 13 ёшли қизнинг номусига теккани ва оқибатда қиз ҳомиладор бўлиб қолгани ҳақида хабар берилганди. Олий суд матбуот котибининг Kun.uz’га маълум қилишича, эркакка ҳукм ўқилган.

Маълум бўлишича, эркак 2017 йил декабр ойидан 2021 йилгача Самарқанд шаҳридаги хонадонда қизнинг онаси билан бирга яшаб келган. Шунингдек, улар билан бирга аёлнинг вояга етмаган фарзандлари 2004 йилда туғилган Г.А. ва 2008 йилда туғилган М.Л. (жабрланувчи) ҳам яшаган.

Эркак 2019 йилдан 2021 йил 20 ноябргача қизнинг 14 ёшга тўлмаганини билган ҳолда, унинг ожизлигидан фойдаланиб, номусига тегиб келган. Ҳомила 25 ҳафталик бўлганда, қиздаги жисмоний ўзгаришларни сезган холаси ИИБга мурожаат қилган.

Дастлабки терговда қиз қонуний вакили, педагог ва ҳимоячи иштирокида сўроқ қилинганда эркак унинг ожизлигидан фойдаланиб, 2019 йилдан 2021 йил 20 ноябрга қадар номусига тегиб келганлигини маълум қилган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 25 октябрдаги ҳукмига кўра, Д.Н. (эркак)ка Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми билан 57-модда қўлланиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Иш бўйича 2022 йил 2 ноябрь куни судланувчи Д.Н. ва унинг ҳимоячиси ҳамда жабрланувчи вояга етмаган М.Л. ва унинг қонуний вакили томонидан апелляция тартибида шикоят берилган.

Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 15 декабрдаги ажрими билан томонларнинг аппеляция шикоятлари қаноатлантирилмаган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 25 октябрь кунги ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Мавзуга оид