Жаҳон | 21:17 / 07.11.2025
11445
3 дақиқада ўқилади

Агар узоқ вақт ёмғир ёғмаса, Теҳронни эвакуация қилишга тўғри келади – Эрон президенти

Масъуд Пизишкиён узоқ йиллик қурғоқчилик туфайли юзага келган сув таъминоти билан боғлиқ оғир вазиятга эътибор қаратди.

Фото: NurPhoto

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён узоқ давом этган қурғоқчилик туфайли юзага келган сув инқирози янада кучайган тақдирда Теҳрон эвакуация қилиниши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бу ҳақда Пизишкиён мамлакат ғарбидаги Сенендеж шаҳрига хизмат сафари чоғида маълум қилди, деб хабар берди Reuters. У маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокидаги йиғилишда мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий муаммолар мажмуасига тўхталиб ўтди.

Пизишкиённинг таъкидлашича, юқори инфляция ва нархларнинг ошиши ҳам ички бошқарув хатолари, ҳам ташқи санкциялар натижасидир. «Инфляция ва қимматчилик учун жавобгарлик парламент ва ҳукумат зиммасида. Ишлар олиб бориляпти, лекин маблағнинг чеклангани лойиҳаларни охирига етказишга имкон бермаяпти», деди президент.

У узоқ йиллик қурғоқчилик туфайли юзага келган сув таъминоти билан боғлиқ оғир вазиятга алоҳида эътибор қаратди. «Эрон табиий муаммоларга дуч келди - ёғингарчилик камлиги ва сув ресурсларининг камайиши оғир оқибатларга олиб келмоқда», деди Пизишкиён.

Сув ва энергияни қаттиқ тежаш, ресурсларни янада оқилона бошқаришга ўтиш ниҳоятда зарурлигини таъкидлаб, президент пойтахтдаги ташвишли вазиятга эътибор қаратди. «Агар яқин орада ёмғир ёғмаса, кейинги ойдан бошлаб Теҳронда сув таъминотига қатъий чекловлар киритишимиз керак бўлади. Агар ёғингарчилик бўлмаса, захиралар тугайди ва биз шаҳарни эвакуация қилишни бошлашга мажбур бўламиз», деди у.

Эрон пойтахти бешта йирик сув омбори - Лор, Мамлу, Амир Кабир, Толиқон ва Лотиёндан сув билан таъминланади, улардан энг каттаси Амир Кабир тўғонидир.

Сўнгги беш йил ичида мамлакатда ёғингарчилик даражасининг барқарор пасайиши кузатилмоқда. Об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, жорий йилда Теҳронда ёғингарчилик мавсумдаги ўртача кўрсаткичдан 40 фоизга кам бўлган. Баҳор ва ёз ойларида ёмғирнинг деярли ёғмаслиги сув омборларидаги сув ҳажмининг ҳалокатли даражада камайишига олиб келди. Инқироз нафақат ер усти, балки ер ости сув ресурсларига ҳам таъсир кўрсатиб, уларнинг тез камайиб кетишига сабаб бўлди.

20 июль куни Теҳрон вилояти Сув хўжалиги бошқармаси пойтахтни таъминловчи сув омборларидаги захиралар сўнгги юз йилдаги минимал даражага етгани ҳақида расман огоҳлантирди. Ёз давомида шаҳарда бир неча бор сув таъминотида вақтинчалик узилишлар бўлди.

23 июлда президент Пизишкиён истеъмолнинг жорий суръатлари сақланиб қолса ва муаммони ҳал қилиш чоралари кўрилмаса, Теҳрон аҳолисига сув етказиб бериш имконсиз бўлишини айтганди.

3 ноябрь куни Теҳрон Сув таъминоти бошқармаси бош директори Беҳзод Порсо мавжуд захиралар пойтахтни кўпи билан икки ҳафта давомида узлуксиз таъминлашга етишини маълум қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид