Ўзбекистон | 11:53 / 24.07.2019
5872
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тасдиқланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, Академия магистратурасига ўқишга қабул прокуратура органларининг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, Бош прокуратура ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан белгиланадиган қабул квоталарига мувофиқ давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Магистратурага қуйидагилар имтиҳон шаклидаги танлов асосида қабул қилинади:

“Юриспруденция” таълим йўналиши бўйича таянч олий юридик маълумотга эга бўлган фуқаролар;

бошқа таълим йўналишлари бўйича олий маълумотга ва бевосита прокуратура органларида камида 5 йиллик меҳнат стажига ва даражали унвонга эга бўлган прокуратура органлари ходимлари.

Магистратура битирувчиларига тегишли мутахассисликлар бўйича давлат намунасидаги диплом ва “ҳуқуқ магистри” даражаси берилади.

Қабул комиссиясининг жорий ишлари Қабул комиссияси масъул котиби томонидан ташкил этилади.

Магистратурага қабул очиқ танлов ва қабулнинг ягона қоидаларига мувофиқ, кириш имтиҳонларида тўпланган баллардан келиб чиқиб, белгиланган қабул квоталари бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Магистратурага қабул икки босқич – дастлабки танлов ва кириш имтиҳонларидан иборат бўлиб, Низомда келтирилган схема асосида амалга оширилади.

Дастлабки танлов қабул йилининг 10 июнидан 10 августига қадар амалга оширилади.

Кириш имтиҳонлари ёзма имтиҳон ва суҳбатдан иборат бўлиб, барча мутахассисликлар учун ягона шаклда ўтказилади.

Ёзма имтиҳон мутахассислик фанлари ва чет тили бўйича ўтказилади.
Ёзма имтиҳон номзодларнинг мутахассислик фанлари бўйича таҳлил, ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш ҳамда ҳуқуқий масалалар бўйича хулосаларни баён этиш борасида қобилиятларини, шунингдек чет тилларини билишнинг тегишли даражасини аниқлашга қаратилган.

Суҳбат номзодларнинг:

юриспруденция соҳасида профессионал билим даражаси ва кўникмаларини, хусусан назарий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий манбалар билан ишлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлаш ва қўллаш, аниқ ҳуқуқий қарор қабул қилиш учун мавжуд далил ва ҳолатларни юридик жиҳатдан тўғри баҳолаш қобилиятини аниқлашга;

илмий-тадқиқот олиб бориш, хусусан таҳлил қилиш, фикрлаш, юриспруденцияга оид муаммоларни аниқлай олиш, илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш, асосий илмий тушунчалар ва илмий-тадқиқот ишлари усулларини тушуниш қобилиятини баҳолашга;

салоҳият даражасини, хусусан муаммоларни ҳал қилишга ноанъанавий ёндашувни қўллаши, ўз устида ишлаши ва малакасини оширишга бўлган интилишини аниқлашга қаратилган.

Кириш имтиҳонлари Магистратурада ўқитиладиган тилда ўтказилади. Кириш имтиҳонлари, қоида тариқасида, ҳар йили август ойида ўтказилади.

Магистратурада ўқиш муддати 1 йил.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид