Иқтисодиёт | 14:46 / 14.04.2025
1669
2 дақиқада ўқилади

Араб молия академияси Ўзбекистонда ўз филиалини очиши мумкин

Ўзбекистон элчиси Мансур Қиличев Қоҳирада жойлашган Араб давлатлари уюшмаси ҳузуридаги Араб менежмент, банк иши ва молия академияси ректори, доктор Мустафо Ҳодиер билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Доктор Мустафо Ҳодиер мамлакат билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва яқин истиқболда академиянинг Марказий Осиёдаги филиалини Тошкентда очишга қизиқиш билдирди.

"Академия араб давлатларидаги халқаро молия институтлари ва йирик банклардан инвестиция жалб қилиш, Яқин Шарқ молия тизимини Ўзбекистон билан интеграциясини мустаҳкамлаш, банк иши соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек, Ислом молияси бўйича ҳукуматга ва банкларга тегишли консультациялар беришда кўмаклашишга тайёр", деди Мустафо Ҳодиер.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, Араб менежмент, банк иши ва молия академияси 1988 йилда Араб банклар иттифоқи бош ассамблеяси ва Араб маъмурий ривожланиш ташкилоти томонидан ташкил этилган.

Академиянинг бош қароргоҳи Қоҳира шаҳрида жойлашган. Унинг Иордания, Сурия, Ливия, Судан, Яман, Фаластин, Жибути, Жазоир, Саудия Арабистони, Кувайт ва Малида филиаллари бор. Академияда таълим инглиз, француз ва араб тилларида олиб борилади.

Академия AACSB – Бизнес таълими алянси, Африка университетлари уюшмаси, Араб университетлари уюшмаси ва Халқаро университетлар уюшмаси аъзоси ҳисобланади.

Мазкур олий таълим муассасаси томонидан бериладиган диплом барча араб давлатларида эътироф этилади.

Мавзуга оид