Ўзбекистон | 15:31 / 15.07.2020
8414
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари ёппасига иш ташлагани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Тошкент вилояти ҳокимлигининг хабар беришича, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ёпилгани, тиббий ходимлари шифохонадан кетиб қолгани ҳақидаги гап-сўзлар ёлғон. 11–15-июль кунлари дезинфекция, дератизация, ювиш ва чайиш ишлари ўтказилиши режалаштирилган.

«Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси тиббий ходимлари шифохонадан кетиб қолгани, муассаса ёпилгани мазмунидаги фикрлар тарқалмоқда.

Аслида бу – ёлғон ахборот бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайди. Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Юлдашева вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқуловга расман хат орқали мурожаат қилиб, 11-15 июль кунлари мазкур шифохонада дезинфекция, дератизация, ювиш ва чайиш ишларини олиб боришга рухсат сўраган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг розилиги асосида, айни пайтда Чирчиқ шаҳридаги вилоят юқумли касалликлар шифохонасида инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида юқоридаги ишлар амалга оширилмоқда», дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ Тошкент вилоятининг Зангиота туманида қурилган махсус шифохона негизида соғлиқни сақлашнинг кластер тизими ташкил этилаётгани муносабати билан Чирчиқ шаҳрида жойлашган, вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларининг Зангиотага кўчирилаётгани маҳаллий аҳоли ўртасида норозилик келтириб чиқарган, Kun.uz жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган ушбу мавзу юзасидан суриштирув ўтказган эди.

Мавзуга оид