Ўзбекистон | 07:20 / 15.06.2024
3529
3 дақиқада ўқилади

Шакар нархи ошиши ҳақидаги хабарлар рад этилди

Деҳқон бозорларида ташкил этилган элга хизмат расталари ва йирик савдо тармоқларида шакар маҳсулотининг чакана нархи 1 кг учун 13 000 сўмдан сотилаётган бўлса, бошқа савдо дўконларда ўртача 13 200 – 15 000 сўмни ташкил этмоқда.

Фото: Getty images

Ўзбекистонда шакар нархини барқарор сақлаш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, нархлар кескин ўсиши бўйича хавотирга ўрин йўқ. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси Отабек Усмонов маълум қилди.

Унинг қайд этишича, ички бозорларда шакарга бўлган эҳтиёж 1 йилда ўртача 600 – 650 минг тн.ни ташкил этиб, маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчи корхоналарда (қуввати 1,2 млн тн.дан ортиқ) эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконияти мавжуд.

Биржа савдоларига 2024 йилнинг январ-июн (12-санасига қадар) ойларида (спот ва форвард биргаликда) жами 305 минг тонна қўйилиб, 37 фоизи (ёки 114 минг тнси) сотилган, жумладан, 12 июн ҳолатига маҳаллий корхоналар томонидан биржа савдоларига жами 2 100 тонна шакар маҳсулоти бошланғич нархи 12 860 сўмдан қўйилиб, 30 фоизи (ёки 643 тнси) реализация қилинган. Бошланғич нархга нисбатан ўсиш кузатилмаган.

Жорий йилнинг январь-май ойларида республикага жами 123 минг тонна шакар, асосан Россия, Қозоғистон ва Таиланд давлатларидан импорт қилинган.

Жорий йилнинг 16 апрелидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан биржа савдоларига қўйиладиган шакар маҳсулотининг кунлик ҳажми 20 фоизга (2 100 тоннадан – 2 500 тоннага) оширилиб, бошланғич нархи 6 фоизга (13 600 сўмдан – 12 860 сўмга) пасайтирилди.

Республиканинг деҳқон бозорларида ташкил этилган элга хизмат расталари ва йирик савдо тармоқларида шакар маҳсулотининг чакана нархи 1 кг учун 13 000 сўмдан сотилиши таъминланаётган бўлса, бошқа савдо дўконларда ўртача 13 200 – 15 000 сўмни ташкил этмоқда.

– Ҳурматли юртдошлар, шакар маҳсулотининг биржа савдоларидаги нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга пасайган бўлса, бозорлардаги чакана нарх ўзгаришсиз қолган. Бундан ташқари, Қўмита томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда шакар маҳсулотининг чакана нархлари юзасидан доимий назорат ўрнатилган. Нархларни барқарор сақлаш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, нархлар кескин ошиши бўйича хавотирга ўрин йўқ. Шу сабабли, интернет тармоқларида тарқатилаётган тўлиқ ўрганилмаган хабарларга асосан хавотирга тушмаслигингизни сўраб қоламиз, – дейди Отабек Усмонов.

Мавзуга оид