Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Республика товар-хомашё биржасида пропан нархининг юқори чегарасини белгилади. Бу ҳақда бир нечта бозор иштирокчиларига таяниб Spot хабар берди.

Қайд этилишича, қўмитанинг 5 ноябрдаги топшириғига кўра, чоршанба кунидан бошлаб суюлтирилган газ учун бошланғич нархига нисбатан 20 фоиз миқдорида чеклов (спред) жорий этилган.

Ушбу қарор нархларга сезиларли таъсир қила бошлаган. Хусусан, 6 ноябр кунги савдоларда пропаннинг ўртача нархи тоннасига 1,2 млн сўмдан кўпроққа пасайиб, 8,9 млн сўмгача арзонлашган.

Аввалроқ, 5 июндан 5 ноябргача бўлган даврда биржа савдоларида пропаннинг 1 тоннаси 5,3 млн сўмдан 10,2 млн сўмгача ёки 91,4 фоизга ошгани хабар қилинганди.