Жамият | 17:46 / 30.04.2024
26609
8 дақиқада ўқилади

“Вақтида Навоийдаги мактабга ҳам олишмаганди” – дунёнинг топ университетига тўлиқ грант ютган йигит

Канаданинг Торонто университети дунё миқёсида 21-рақамлиси ҳисобланади. 2024 йил кузидан бошлаб Диёрбек Намозов шу олийгоҳда тўлиқ грант асосида ўқий бошлайди. “Американинг оддий университетига ҳам, рейтинги баландига ҳам кирдим, аммо менга грант беришмади. Грантсиз эса ўқий олмасдим”, – дейди у Kun.uz'га берган интервюсида.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган Диёрбек Намозов 18 ёшда. У шу йил апрель ойида Канадада 1-рақамли, дунёда эса 21-ўринда турувчи Торонто университетининг Компьютер фанлари ва статистика факультетига қабул қилинди, ҳозирда тўлиқ грант соҳиби.

Диёрбек Kun.uz'га берган интервюсида қандай қилиб дунёнинг ТОП рейтингидаги олийгоҳ талабасига айлангани, атиги 37 нафар халқаро студентга бериладиган грант маблағи ҳамда қизиқишлари ҳақида батафсил гапириб берди.

“Ижарада турганимиз сабаб бизни мактабга олишмаган”

Ойим билан дадам ҳам Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилишган, ўша ерда ўқишган, катта бўлишган, умрининг катта қисми шу вилоятда ўтган. Мен ҳам шу ерда туғилганман, лекин 4 ёки 5 ёшимизда шароит яхши бўлмагани сабаб дадам бизни Навоий шаҳрига олиб кетган. Шу жойда мактабга чиққанмиз, боғча вақтларимни тўғриси унча кўп ҳам эслолмайман, рус боғчага борганман, хоҳламаганман. Руслардан қўрқардим, лекин нимагалигини билмасдим. Қишлоқдан келган бўлганман, бошқача дунёга тушиб қолганман, қочиб кетганман.

Кейин мактабга чиқишим ҳам қийин бўлган, чунки ижара турганимиз сабаб бизни мактабга олишмаган. Мактаб бошланишига 2 ҳафта қолганида ҳужжатларимни ойим билан бошқа мактабга олиб борганмиз, шунда у ерда қабул қилишган. Мактаб директори яхши муомалада бўлиб, ўзлари кутиб олгани сабаб мактаб жуда ҳам ёққан. Ўша вақтда мактаб тизимида 2 хил синф бўларди: оддий ва ихтисослашган. Мен оддий синфда ўқиганман, ҳамма фанлар ҳаммага бир хил ўтилган, лекин 3 та ихтисослашган синфда математика, инглиз тили чуқурроқ ўргатилган. Мен кўпроқ ихтисослашган синфга ўтишга ҳаракат қилганман, лекин мени олишмаган. Сабабини билмайман.

“Олимпиадаларга қатнашиб, 4 йил ҳеч қандай ўрин ололмаганман”

Биринчи синфга боришимда имтиҳон қилиб олишган, ҳарфлар ва сўзларни кўрсатишган. Мен билмаслигимни айтганман, чунки рус боғчага борганман, лотинча эмас, кириллча ўқишни билардим. Шунинг учун оддий синфга олишган, кейин ўқишим давом этиб кетган. Мактаб вақтда фақат олимпиадага қатнашар эдим. Математикага қизиқар эдим, ўша вақтда мактабдаги энг яхшиларидан эдим. Олимпиадаларга қатнашиб, 4 йил ҳеч қандай ўрин ололмаганман. Ҳаракат қилганман, бўлмаган. 4-синфимда ўрин олганман, лекин энг муваффақиятсиз қатнашган мусобақам шу бўлди деб ўйлаганман. Чунки саволлар қийин бўлган, мен тушунмаган нарсалар кўп бўлган. Лекин буни ҳеч ким билмаган, қандайдир қилиб 1-ўринни олиб қолганман.

Билмадим, бизда математикани ўқитиш ғалати қандайдир. [Репетиторга борадиганлар] мактаб дастурини ўқиб чиқишади, ўша вақтлари 4-синфлигимда 6-синф математикасини ечиб чиққанман. Шу билан бўлди, репетиторга боришни тўхтатганман. Ўзим қизиқиб, интернетдан ўрганишни бошлаганман. Қандайдир видеолар кўрсам, қизиқиб томоша қилар эдим, жуда ҳам ўқишга иштиёқи бор бола бўлмаганман.

Бироқ иложи борича ҳамма фанлардан баҳоларим 5 бўлган, жуда қайсарлигим сабаб ўқитувчилар билан келишмовчилигим кўп бўлган. Асосан шу сабаб жуда кўп фанлардан паст баҳо олар эдим. Яъни ўқитувчи билан қайсидир мавзу устида тортишиб қолардим, паст баҳо қўйишарди, менга бу ёқмасди. Билим даражаси меники билан бир хил бола мендан юқори баҳо оларди, мен ўқитувчига ёқмай қолганим учун паст баҳо олсам, янаям кўпроқ тортишардим, бу эса баҳомни баттар тушириб юборарди.

“IT ёзувини кўрганимда ит деб ўқиганман, тушунмаганман”

Шу билан Ёшлар иттифоқига қўшилиб кетганман, 2 йил Ёшлар иттифоқида юрганман. Навоий шаҳар кенгашининг бош сардори бўлганман. Улар билан лойиҳалар қилганмиз, тадбирларга борганмиз. Шулар билан жамоавий ишлаб қобилиятим ошган. Ёшлар иттифоқида юрган вақтим, ўзим билмаган ҳолда университетга тайёрландим деб ўйлайман. Кейинчалик бу нарсани билганман, яъни университетлар номзодлар ҳужжатларини қабул қилганда, унинг академик томонидан ташқари, жамоавий ишларда қанчалик фаоллиги, лидерлик қобилиятларига ҳам эътибор беради. Мен ўша вақтлари Ёшлар иттифоқидан ўрганганман.

Кейинчалик репетиторга боришни бошлаганман, 3 ой ўқиб бўлганимдан кейин карантин бошланиб қолган. Карантин бўлди, март ойи эди, ўқитувчилар дарс ўтмаймиз дейишди, шу билан инглиз тили тўхтади. Мана шу вақт давомида компьютер технологияларига қизиқишим ортган. Ўша вақтларда ўқитувчиларимиз ҳар хил нарсаларнинг линкларини Telegram гуруҳларимизга ўрганиш учун ташлаб туришарди. Шулар орасида “One million uzbek coders” веб сайтини ҳам ташлаб қолишган. Мен IT ёзувини кўрганимда ит деб ўқиганман, нима экан бу деганман, тушунмаганман. Линк устига босиб, кирганимда чет эллик одамларнинг юзини кўрганман. Шу сайтнинг биринчи босқич видеоларини кўриб тугатганман, ундан кейин имтиҳон топшириш керак бўлган, лекин уни қандай топширишни билмаганман, чунки нима ўрганганимни билмаганман.

Шундан кейин YouTube’га кириб IT бўйича қидирувни босиб, IT видеоларини кўриб, дастурлаш умуман бошқа нарса эканини тушунганман. YouTube видеоларида бошқа нарсани ўргатишган, “One million uzbek coders”да ўрганган нарсам эса умуман бошқа бўлган. “One million uzbek coders” бир ойда ўқитган нарсани мен 1 соатли видеода кўриб ўрганиб олганман. Менторларга нисбатан симпатия бўлгани, чет элликларни кўриб видеони маза қилиб томоша қилганим сабаб томоша қилганман.

Кейин карантин секин-аста юмшоқлашишни бошлади ва мактабда дарсларга ҳам старт беришни бошлашганди. Шу вақтда бир ўртоғимнинг инглиз тили ўқитувчиси бўларди. Ўртоғим шу устозни роса мақтаган, мен эса ўзимникини мақтаганман, фақат карантин сабаб дарс беролмаётганини айтганман. Ўртоғим устозини ёнига олиб боришни, бир ойда инглиз тилидан грамматикани ўрганишим мумкинлигини айтган. Амалда грамматикани 6 ойда ўрганишим керак бўлгани сабаб бу таклиф менга ёқиб тушган. Мен ўртоғимга устозининг дарсига қатнашимни айтганман, ундан эса мени шаҳар кенгашида сардор бўлишим учун овоз беришини сўраганман. Аслида иккала вазиятда ҳам мен ютяпман, лекин ўртоғим устозининг зўрлигини исботлаш учун шу шартимга кўнган.

Шу билан шаҳар кенгашида сардор бўлганман, ўқитувчининг ҳам дарсига қатнашни бошлаганман. Устоз ҳақиқатда ёққан. Инглиз тилидан жуда ҳам кўп ўқитувчиларнинг дарсига борганман, лекин бу устоз менга жуда ҳам маъқул бўлган.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин, унда қаҳрамонимиз 40 дан ортиқ хориж ОТМга ҳужжат топширгани, унинг ярмидан рад жавоби келгани, АҚШга кетиш учун Хитойдан виза қилдирмоқчи бўлгани-ю, аммо охирги дақиқада Канададаги университетдан тўлиқ грант ютганини айтиб берган.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи Охунжон Нормуродов.
Монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид