Жаҳон | 12:15 / 27.09.2025
14355
2 дақиқада ўқилади

Пентагон раҳбари юзлаб генералларни шошилинч учрашувга йиғмоқда

Дунё бўйлаб юзлаб АҚШ генераллари ва адмиралларига кутилмаганда Виржинияга мисли кўрилмаган учрашув учун етиб келиш буюрилди, унинг мавзуси ошкор қилинмади.

Фото: REUTERS

АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет 30 сентябр куни деярли барча олий ҳарбий хизматчиларни Виржиниядаги денгиз пиёда аскарлари базасига зудлик билан йиғишни буюрди. Бу буйруқ бутун дунё бўйлаб АҚШнинг юзлаб генерал ва адмиралларига юборилди, деб ёзади The Washington Post 25 сентябр, пайшанба куни манбаларга таяниб.

Ўндан ортиқ манбалар таклифни «ўта ноодатий» деб атаган. Бироқ, ҳеч бир WP манбаси ҳарбий йиғилиш мақсадини тушунтира олмади.

WP маълумотларига кўра, 800 дан ортиқ америкалик генерал ва адмирал Қўшма Штатларда ва дунёнинг бошқа ўнлаб мамлакатларида хизмат қилади. Хегсетнинг буйруғи бригада генерали ва ундан юқори унвондаги барча юқори мартабали офицерларга, уларнинг денгиз флотидаги ҳамкасбларига ва катта маслаҳатчиларга нисбатан қўлланади. Шунинг учун йиғилишда 1000 дан ортиқ одам қатнашиши мумкин. WP манбаларининг айтишича, улар бундай миқёсдаги учрашувларни эслай олмайди.

Кўплаб WP манбалари учрашувда Хегсет илгари талаб қилган АҚШ армиясидаги кенг кўламли қисқартиришлар муҳокама қилиниши мумкинлигини тахмин этди. Бир қанча манбалар янги миллий мудофаа стратегияси ёки бошқа масалалар муҳокама қилиниши мумкинлигини айтди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид