Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ иқтисодиёти 4,3 фоизга ўсиб, прогнозлардан ошди
АҚШ ЯИМ 2025 йил июл–сентябр ойларида йиллик ҳисобда 4,3 фоизга ўсди. Иқтисодчилар 3,2 фоизлик ўсишни кутган эди. Доналд Трамп “мен ва ‘бошқа даҳолар’ тўғри чиққан” дея баёнот берди ҳамда бозорларнинг суст реакцияси учун ФЗТни айблади.
Фото: Liu Jie/Xinhua/IMAGO
Инфляция ҳисобга олинган реал ЯИМ (яъни инфляцияга мослаштирилган) 2025 йилнинг учинчи чорагида йиллик ҳисобда 4,3 фоизга ўсди. Бу сўнгги икки йилдаги энг юқори ўсиш суръати. Бундай маълумотни АҚШ Савдо вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий таҳлил бюроси (BEA) 23 декабр, сешанба куни эълон қилди.
АҚШ ҳукумати иқтисодчилари ЯИМнинг бу қадар сезиларли ўсишини истеъмолчилар харажатларининг кўпайиши, экспорт ва давлат харажатлари ошиши, шунингдек импортнинг қисқариши билан изоҳлади. Dow Jones агентлиги сўров ўтказган экспертлар 3,2 фоизлик ўсишни кутган эди.
2025 йилнинг биринчи чорагида АҚШ ЯИМ сўнгги уч йил ичида илк бор пасайган. Шундан кейин ўсишга ўтган бўлиб, иккинчи чоракнинг ўзидаёқ сезиларли — 3,8 фоизга ўсган.
“3-чоракда ЯИМ 4,3 фоизга ўсди — бу 3,2 фоизлик кутилмалардан анча юқори. Bloomberg’нинг 61 иқтисодчисидан 60 таси хато қилди, ‘ТРАМП’ ва айрим бошқа даҳолар эса ҳақ бўлиб чиқди”, — деб изоҳ берди АҚШ президенти Доналд Трамп TruthSocial ижтимоий тармоғида.
“Муваффақият яхши бошқарув ва божлар билан изоҳланади. Истеъмолчилар харажатлари кучли, соф экспорт сезиларли ўсди, импорт ва савдо тақчиллиги кескин камайди, инфляция эса йўқ”, — дея давом этди Трамп. Унинг сўзларига кўра, “Трамп иқтисодиётининг олтин даври тўлиқ суръат билан бошланмоқда”.
АҚШ фонд бозорлари хабарга фақат озгина ўсиш билан жавоб қайтарди: S&P 500 индекси 0,3 фоиз, Dow Jones — 0,2 фоиз, Nasdaq — 0,3 фоизга кўтарилди. CNBC телеканали буни ҳисобот ўтган, аллақачон якунланган даврга тааллуқли экани билан тушунтирди.
Бозорларда сезиларли ўсиш бўлмагани Трампнинг кескин реакциясига сабаб бўлди. У айбни Федерал захира тизими (ФЗТ, марказий банкка ўхшаш тузилма) раҳбари Жером Пауэлл зиммасига юклади. Республикачининг у билан анчадан бери давом этаётган зиддияти бор. Пауэлл ваколати 2026 йил май ойида тугайди.
“Ҳозирги бозорда яхши хабарлар келганда ҳам бозор жойида туриб қолади ёки тушади, чунки Уолл-стритдаги ‘бошлар’ энди олдингидай ишламай қолган. Илгари яхши хабар келса, бозор ўсарди. Ҳозир эса яхши хабар келса, бозор тушади, чунки ҳамма дарҳол фоиз ставкаларини оширади, ‘потенциал’ инфляцияни жиловлаш учун, деб ўйлайди”, — деб ёзди Трамп TruthSocial’да.
“Бу, аслида, мамлакатимиз ривожланиб, буюк бўлиб бораётган даврлардагидек ажойиб бозорни энди ҳеч қачон кўрмаймиз, дегани”, — дея давом этди президент. — “Янги ФЗТ раиси бозор ўсганда ставкаларни пасайтирсин, уни ҳеч қандай сабабсиз вайрон қилмасин”.
Мавзуга оид
21:50 / 23.12.2025
Тўқаев Қозоғистонни тинчлик музокаралари майдони сифатида таклиф қилди
20:24 / 23.12.2025
Доналд Трамп Шавкат Мирзиёевни G20 саммитига таклиф қилди
18:22 / 23.12.2025
Трамп Тўқаевга Оқ уйнинг «рамзий калити»ни совға қилди
17:17 / 23.12.2025