Жамият | 11:00 / 03.03.2020
13826
11 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» Қашқадарёда пресс-тур ўтказди

Фото: Ўзбекнефтгаз

Жорий йилнинг 27-29 февраль кунлари «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Қашқадарё вилоятидаги нефтгаз соҳасида фаолият юритаётган корхоналар, жумладан Шўртан, Муборак нефть-газ қазиб чиқариш бошқармалари ҳамда Шўртан газ-кимё мажмуасига ОАВ учун пресс-тур уюштирилди. Унда Kun.uz мухбири ҳам иштирок этди.

Пресс-турнинг илк кунида ОАВ ходимлари Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш корхонасига тегишли бир нечта объектда бўлишди ҳамда у ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.

Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармаси – «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибига кирувчи, Ўзбекистонда нефт ҳамда газ соҳасида етакчи ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланади.

Бошқарманинг асосий ишлаб-чиқариш фаолияти қуйидагилардан иборат:

  • газ қазиб олиш ва уни қайта ишлаш;
  • нефть қазиб олиш;
  • барқарорлашган газ конденсати ишлаб чиқариш;
  • суюлтирилган газ ишлаб чиқариш;
  • олтингугурт ишлаб чиқариш.

Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасининг табиий газни қайта ишловчи асосий технологик қурилмалари Бош иншоотнинг 140,27 гектар ҳудудида жойлашган.

Ҳозирги кунда Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли 12та газ конлари мавжуд бўлиб, уларнинг 11таси, «Шўртан», «Жанубий Тандирча», «Бузахур», «Шарқий Бузахур», «Чунағар», «Тарнасой», «Номозбой», «Зафар», «Ойдин», «Топичаксой», «Ёрмоқ» конларидан газ ҳамда газ конденсати қазиб чиқарилмоқда.

«Шўртан» Бош иншооти газни қайта ишлаш қурилмаларида Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли газ конларидан ташқари «Гиссарнефтегаз», «Epsilon Development Company» ҳамда «Лукойл-Узбекистан Оперейтинг Компани» МЧЖ қўшма корхоналари томонидан етказиб берилаётган табиий газ ҳам қайта ишланади.

2019 йилда «Ўзбекнефтгаз» АЖ умумий режа кўрсаткичлари бажарилишида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг улуши қуйидагилардан иборат бўлди:

  • газ қазиб чиқариш бўйича – 26,8 %ни;
  • нефть қазиб чиқариш бўйича – 30,6 %ни;
  • конденсат ишлаб чиқариш бўйича – 25,5 %ни;
  • пропан-бутан аралашмасини ишлаб чиқариш бўйича – 35,7 %ни;
  • олтингугурт ишлаб чиқариш бўйича – 0,6 %ни ташкил қилди.

Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасида ишлатилаётган мавжуд технологик қурилмалар бир неча ўн йиллардан буён ишлатилиб келинаётгани сабабли бугунги кунда уларни реконструкция қилиш, технологик жиҳатдан янгилаш, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида бир қанча инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Пресс-турнинг иккинчи кунида ОАВ ходимлари Муборак нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли корхоналарга ташриф буюришди.

Муборак нефть-газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳам Ўзбекнефтгаз АЖ тармоғидаги асосий корхоналардан бири ҳисобланади. Унинг асосий иш фаолияти нефть, газ ва газ конденсати қазиб олиш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Бошқарманинг асосий ишлаб чиқариш объектлари Қашқадарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида жойлашган. Унинг таркибида қўйидаги объектлар мавжуд:

  • 33та кон, жами 1415та нефть ва газ қазиб чиқариш қудуқлари;
  • 7та газ сиқув компрессор станциялари;
  • 36та газ ҳайдаш агрегатлари (Кўкдумалоқ, Зеварда, Алан, Помуқ, Жанубий Ўртабулоқ, Сомонтепа, Денгизкўл, Муборак ва бошқа конлар);
  • Механика таъмирлаш цехи, электрокимёвий ҳимоялаш цехи, иссиқлик электр таъминоти цехи, магистрал газ қувурларни ишлатиш бўлими, қудуқларни тадқиқот қилиш участкалари.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда қазиб олинаётган суюқ углеводородларнинг (нефть, нефтконденсат) 35 фоизи, табиий газнинг 30 фоиздан ортиқроғи Муборак нефть-газ қазиб олиш бошқармаси ҳиссасига тўғри келади.

Бошқарма таркибида 33та газ, нефтконденсат ва нефть конлари мавжуд бўлиб, шулардан 25та кон ишлаб чиқаришда, 8та кон консервацияда ва қайта ишга тушириши кутилмоқда.

Бугунги кунда бошқарма тасарруфидаги конлардан кунлик 49 миллион метр/куб табиий газ, 2135 тонна конденсат ва 312 тонна нефть хомашёси қазиб олинмоқда. Қазиб олинаётган газ ва газ конденсати Д-1020 ва 720 миллиметр ўлчамдаги қувурларда жами 800 километр узунликдаги газ қувури орқали Муборак газни қайта ишлаш корхонасига, суюқ углеводородлар Д-273-219 миллиметр ўлчамдаги узунлиги 360 километр бўлган қувурлар орқали Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига етказиб берилмоқда.

Бошқарма томонидан 2017 йил 11 декабрдан 30 декабргача кунига 400 минг метр/куб газни тозалаш ва қуритиш қувватига эга бўлган «Газни циолетли тозалаш қурилмаси» ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда Муборак НГҚЧБ тасарруфидаги захираси кам конлардан паст босимли табиий газ қазиб олиш ҳамда уни Муборак тумани аҳолисини табиий газ билан таъминлаш мақсадида қурилган. Қурилма синовдан ўтказилиб 2018 йил 9 февралдан табиий газ истеъмолга узатила бошланган.

Қурилма ишга туширилиши натижасида бошқармада 25 нафар ёш мутахассис қўшимча иш ўрни билан таъминланади.

Муборак нефть-газ қазиб чиқариш бошқармаси бош муҳандиси Бегимқул Султоновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бошқарма ички имкониятлар эвазига Қашқадарё вилоятининг Муборак, Миришкор ва Касби туманлари аҳолисини табиий газ билан таъминлаш ишларини бошлаган.

— Муборак туманида босим пасайиб кетгани туфайли консервация қилинган ва магистрал газ қувурига газ узатиш тўхтатилган табиий газ қудуқлари мавжуд. Корхонамиз ташаббуси билан ушбу қудуқлар қайта очилиб, улардан олинадиган газни аҳолига узатяпмиз. Бундай қувурлардаги газни цеолитли қуритиш ва тозалаш қурилмаси бунёд этилди. Ушбу қурилма бир кунда 300 минг куб газни тозалаб, аҳолига етказиб бериши мумкин.

Ҳозирча кунига 100 минг куб газ қайта ишланиб, Муборак тумани аҳолисига берилмоқда. Яқин вақтда мана шундай кам босимли конлардан олинадиган табиий газни Миришкор ва Касби туманларига ҳам узата бошлаймиз, — дейди Бегимқул Султонов.

Пресс-турнинг учинчи кунида ОАВ ходимлари Шўртан газ-кимё мажмуасида бўлиб, ушбу корхона фаолияти билан танишишди.

Шўртан газ-кимё мажмуаси Ўзбекистоннинг жанубий-ғарбий қисмида Қарши қумликларининг чўл ҳудудида жойлашган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 11 ноябрдаги 395-сон қарорига мувофиқ «Полиэтилен ишлаб чиқариш бўйича Шўртан газ-кимё мажмуаси»ни қуриш бўйича қарор қабул қилинган.

1998 йил 17 февралда «Ўзбекнефтгаз» МХК ва дунёга машҳур «ABB Lummus Global» (Германия), «ABB Soimi» (Италия), «Mitsui & Co.Ltd», «Nissho Iwai Соrp.» ва «Toyo Engineering Со.» (Япония) компанияларидан иборат Консорциум ўртасида «лойиҳалаш, жиҳозларни етказиб бериш, қурилиш, ишга тушириш олди созлаш ишлари ва ишга тушириш» бўйича шартнома имзоланган. Мажмуа «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг мустақиллик йилларида амалга оширган энг муваффақиятли лойиҳаларидан бири бўлиб, рекорд даражадаги қисқа вақтда амалга оширилган.

2002 йил августда ишга тушириш ишлари ниҳоясига етгач, Шўртан газ-кимё мажмуасида UzClear® товар белгиси билан биринчи «Ўзбек полиэтилени» ишлаб чиқарилган.

Завод таркибида: газ ва конденсат тайёрлаш қурилмаси, компрессор станциялари, технологик қурилмалар (газни тозалаш, қуритиш, этан, пропан, бутан ажратиш, олтингугурт ва полиэтилен ишлаб чиқариш), шунингдек ёрдамчи объектлар, товар парки, сув, ҳаво ва электр таъминоти хизматлари мавжуд.

Мажмуада ҳар йили қуйидаги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади:

  • 3,9 млрд. метр/куб газ хом ашёси;
  • 3,5 млрд. метр/куб товар гази;
  • 125 минг тоннадан ортиқ полиэтилен грануласи;
  • 100 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ;
  • 100 минг тоннадан ортиқ газ конденсати;
  • 1,5 минг тонна олтингугурт грануласи;
  • 750 минг квадрат метрдан ортиқ алюмин композитли панеллар;
  • 4,5 минг тоннадан ортиқ полиэтилен қувурлар, шланглар, уловчи қисм (фитинг)лар ва томчилаб суғориш тизимлари ва бошқа турдаги маҳсулотлар.

Шўртан газ-кимё мажмуаси инвестиция бўйича иқтисодчи мутахассиси Феруз Норбўтаевнинг айтишича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 майдаги ПҚ-2965-сонли қарори ва 2018 йил 3 февралдаги ПҚ-3507-сонли қарорига асосан бугун Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади - углеводород хомашёсини қайта ишлашни чуқурлаштириш эвазига юқори қўшимча қийматга эга бўлган ишлаб чиқарилаётган полимер маҳсулотлари турларини кўпайтириш орқали соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳамда импорт ўрнини босувчи хомашё материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришдир.

Мазкур инвестицион лойиҳани 2021 йил 4-чоракда ишга тушириш мўлжалланган. У ишга тушгач, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводидан келадиган йилига 430,0 минг тонна синтетик нафта ва табиий газ таркибидаги этанни қайта ишлаш ҳисобидан қўшимча 280 минг тонна полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен, 50 минг тоннагача пиролиз дистилляти ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Жами яратиладиган янги иш ўринлар сони: 800тани ташкил этади.

Лойиҳа доирасида, АҚШнинг «Chevron Philips Chemical» (CиПиКем) компанияси билан лойиҳаланадиган корхонада янги “MarTech®” бимодал полиэтилен ишлаб чиқариш технологиясидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия шартномаси, АҚШнинг «CB&I»/«CB&I Novolen» (СиБи энд Ай/Новолен) компанияси билан лойиҳаланадиган корхонада янги этилен ва полипропилен ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия шартномаси имзоланган.

Бундан ташқари, Шўртан газ-кимё мажмуаси томонидан юртимизнинг турли ҳудудларида кўплаб корхоналар ташкил этилган. Қашқадарё вилоятидаги ип-калава ишлаб чиқарувчи «Воҳатекс» МЧЖ, Хоразм вилоятидаги «Янгиариқпласт» МЧЖ, Нукус шаҳридаги «Нукус полимер» МЧЖ, Навоий ЭИЗда «Полэтилен қувурлар», «Полипропилен қувурлар» унитар корхоналари шулар жумласидандир.

Шунингдек, бугун Шўртан газ-кимё мажмуаси маблағлари ҳисобидан қурилган турли озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергия тежовчи лампалар ишлаб чиқарувчи корхоналар муваффақият билан ишлаяпти. Қолаверса, мажмуа ҳисобида «Эркатой» МТМнинг тўртта филиали, «Лочин» болалар оромгоҳи, «Геолог» спорт-соғломлаштириш мажмуаси ишлаб турибди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид