Ўзбекистон | 10:44 / 20.11.2023
7269
2 дақиқада ўқилади

“Мустаҳкам қонунчилик бўлмагунча янги қурилишларга қаршимиз” – “Адолат” СДП Чилонзорда режалаштирилаётган реновация ҳақида

Ўзбекистон “Адолат” СДП 2024 йилда Чилонзор туманини Хитой тажрибаси асосида камбағалликдан чиқариш ҳақидаги ҳукумат қарори лойиҳасининг айрим бандларига қарши чиқди. Партия матбуот хизматининг Kun.uz’га тақдим қилган расмий муносабатида шу ҳақда сўз боради.

Фото: Kun.uz

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “2024 йилда Тошкент шаҳар Чилонзор туманини Хитой тажрибаси асосида, шу жумладан янги ёндашувлар, инновацион ва “яшил технологиялар” ҳамда бошқарувда замонавий усулларини қўллаган ҳолда камбағалликдан чиқариш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари, экспертлари томонидан мазкур қарор лойиҳаси атрофлича ўрганилиб, таҳлил этилганида унда режалаштирилаётган айрим масалалар юзасидан саволлар юзага келгани айтилади.

Таклиф этилаётган қарор лойиҳасига кўра, Чилонзор тумани ҳудудидан Дўмбиробод, Кичик ҳалқа йўли, Дилхуш 2-тор кўчаси кесишмалари оралиғида жойлашган йўл бўйидаги аҳоли хонадонлари ва хизмат кўрсатиш объектларини реновация асосида кўп қаватли қилиб қайта қуриш ҳамда биринчи қаватида янги замонавий хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

“Реновациянинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, хусусан, уни амалга оширишнинг қатъий талаб ва тартиблари, уй-жой мулкдорлари ҳуқуқларига риоя этиш кафолатлари бўлмасдан туриб, бу борада лойиҳаларнинг амалга оширилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларига путур етказиши мумкин.

Шу сабабли, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мазкур қарор лойиҳасининг реновацияга оид қонунчилик асослари мавжуд эмаслигини ҳамда кенг жамоатчилик, шу жумладан Чилонзор тумани аҳолиси билан ҳар томонлама муҳокама қилиб, уларнинг фикрини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди”, дейилади партия расмий муносабатида.

Мавзуга оид