Ўзбекистон | 14:31 / 09.03.2023
4597
6 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини қандай яхшилаш мумкин?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Марказий Осиё мамлакатлари озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Вазиятни яхшилаш учун минтақа давлатлари ўзгарувчан сув режимига чидамли, серҳосил экин навларини яратиши ва ўзаро савдо ҳажмини ошириши керак.

Фото: Kun.uz

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) экспертлари Буи Мин Гиап ва Ясмин Сиддиқ Марказий Осиёда қандай қилиб озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш мумкинлиги бўйича ўз тавсияларини тақдим этди.

“Марказий Осиёда қиш тугади. Қалин қор ва аномал совуқ баъзи сабзавотлар ҳосилининг камайишига олиб келди. Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатлар пиёз экспортини вақтинча тўхтатди.

Ушбу омиллар шундоғам юқори бўлган озиқ-овқат нархларига салбий таъсир кўрсатди. Ўтган йили Россиянинг Украинага бостириб кириши натижасида юзага келган савдо узилишлари ва пандемиянинг узоқ давом этаётган таъсири минтақада озиқ-овқат нархлари инфляциясининг икки хонали ўсиши кузатилишига сабаб бўлди”, дейди ОТБ экспертлари.

Уларнинг қўшимча қилишича, Марказий Осиёда 10 млн гектар ерни суғориш учун асосий манба бўлган Сирдарё ва Амударё ҳавзаларида сув ҳажми 15 фоизга қисқариши кутилмоқда. Музликларнинг эриши экинларни экиш ва суғориш муддатлари билан боғлиқ вазиятни янада оғирлаштиради, чунки дарёларда сув ҳажмининг энг юқори миқдори йил бошида содир бўлмоқда. 

Вазиятни яхшилаш учун тез ва осон ечимлар бўлмаса-да, ҳозиргидан самаралироқ ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун минтақага катта миқдорда сармоя ва маблағ керак бўлади.

Ўзаро ҳамкорлик озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга ёрдам беради. Осиёнинг бошқа қисмларига нисбатан денгиздан узоқда жойлашган Марказий Осиёда минтақа давлатлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик иқлимга чидамли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириши, шунингдек, эҳтиёжни қондириш учун ўзаро савдо ҳажмини ошириши керак.

“Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (CAREC) аъзолари ўтган йили тўғри йўналишда қадам ташлади. Ноябрь ойида улар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш имконини берувчи янги тузилма ташкил қилди. Ҳамкорлик учта асосий йўналишда амалга оширилиши режалаштирилган.

Биринчидан, қишлоқ хўжалигида ўзаро тажриба алмашиш. Буғдой, шоли, маккажўхори каби озиқ-овқат маҳсулотлари ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларининг асосий қисмини ташкил қилади, бироқ вилоятлардаги кўплаб фермер хўжаликларининг кичиклиги ва механизация даражаси пастлиги ҳосилдорликка ҳам таъсир кўрсатади. Озарбойжон, Қирғизистон, Покистон ва Тожикистонда ўртача деҳқончилик майдонлари 1-3 гектарни ташкил этади. Ушбу кичик ҳажм фермерларнинг ишлаб чиқаришни кўпайтиришга имкон бериши мумкин бўлган ўғитлар ва технологияларни сотиб олишдаги молиявий имкониятини чеклайди.

Қишлоқ хўжалигида замонавий усуллардан фойдаланиш ҳосилдорликни оширишга хизмат қилмоқда. Масалан, Хитойда сувни паст босимда қувурлар тармоғи орқали тарқатиш билан исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилган замонавий технология жорий этилган. Қозоғистон ҳосилдорликни ошириш, ўғит ва пестицидларни қўллашда дронлар ва сунъий йўлдошлар орқали тўпланган тупроқ, об-ҳаво ва экинлар ҳосилдорлиги ҳақидаги маълумотлардан фойдаланади. Мамлакатда амалга оширилаётган ушбу тажриба лойиҳалари самарали натижалар кўрсатган: чорва сути маҳсулдорлиги 18 фоизга ошган, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш харажатлари 20 фоизга камайган, ғалла ҳосилдорлиги гектарига 2,5 тоннага кўпайган.

Билим алмашишнинг яна бир усули таълим ва тадқиқотлардир. Қишлоқ хўжалиги амалиётида фойдаланиладиган дастурларни ишлаб чиқиш ёш мутахассисларни тайёрлашга ёрдам беради. Зараркунандалар, эпидемиялар ва ўзгарувчан сув режимига чидамли, серҳосил экин навларини яратиш бўйича ҳамкорликда олиб борилган изланишлар ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.

Иккинчидан, озиқ-овқат қиймат занжирини ривожлантириш учун биргаликда ҳаракат қилиш. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш хизматлари Марказий Осиёнинг аксарият мамлакатларида ҳали ҳам ривожланмаган, бу ерда йиғилган мева ва сабзавотларнинг 25 фоизгача қисми исроф қилинади.

Минтақадаги давлатлар озиқ-овқат таъминоти учун муҳим бўлган хизматларга сармоя киритишга ундайдиган қулай ишбилармонлик муҳитини яратиши ва хусусий секторни жалб қилиш орқали ушбу камчиликларни бартараф этишлари мумкин. Ҳукуматлар ушбу жараёнда ерга эгалик ҳуқуқини таъминлаши муҳим аҳамиятга эга. Хусусий сектор корхоналарини шаффоф рағбатлантириш ва инвестициялардан сўнг уларнинг активларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Учинчидан, озиқ-овқат хавфсизлигини такомиллаштириш орқали савдони кенгайтириш. Кўпгина CAREC мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлиги тизими эскирган ва халқаро стандартларга жавоб бермайдиган санитария ва фитосанитария чоралари мавжуд. Ушбу стандартларни янгилаш учун самарали ва шаффоф электрон санитария ва фитосанитария сертификатлаш тизимларини амалиётга татбиқ этиш тавсия қилинади.

Озиқ-овқат хавфсизлиги тизимларини такомиллаштириш ва уларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш минтақада озиқ-овқат савдосини оширишга, озиқ-овқат маҳсулотларининг мавжудлиги ва арзонлигини таъминлашга ёрдам беради. Шунингдек, озиқ-овқат саноатига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиши мумкин, бу эса таъминотни кўпайтиришга, мамлакатларнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжларини қондиришга ва минтақадан ташқарида маҳсулот бозорларини кенгайтиришга ёрдам беради”.

Мутахассисларнинг хулоса қилишича, Марказий Осиё мамлакатлари озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келмоқда, бироқ ўзаро ҳамкорликда узоқ муддатли ечимларни топиш учун катта имкониятлар мавжуд.

Мавзуга оид