Жамият | 21:47 / 02.05.2026
10233
2 дақиқада ўқилади

Балиқларни нобуд қилган корхонага 92 млн сўм компенсация ҳисобланди

Зангиота туманидаги МЧЖлардан бирига қарашли балиқчилик кўлида сув сатҳи пасайтирилгани сабабли балиқларда кислород етишмаслиги юзага келиб, 200–300 граммли балиқлар нобуд бўлган.

Фото: Иллюстратив сурат / СИ

Экополиция ижтимоий тармоқларда тарқалган Зангиота туманидаги Аччисой каналида балиқлар нобуд бўлаётгани акс этган видео бўйича ўрганиш олиб борди.

Қайд этилишича, ўрганишлар давомида Зангиота тумани «Иттифоқчи» маҳалласида фаолият юритиб келаётган “Дамачи балиқ” МЧЖга қарашли балиқчилик кўлида сув сатҳи пасайтирилгани сабабли балиқларда кислород етишмаслиги юзага келиб, 200–300 граммли балиқлар нобуд бўлганлиги аниқланди.

Нобуд бўлган балиқлар жамият ишчиси томонидан тозаланиб, туман ҳудудидан оқиб ўтган Аччисой каналига оқизиб юборилган.

Жамият фаолияти натижасида ҳосил бўлаётган оқова сувлардан намуналар олиниб, атроф-муҳитга таъсирини аниқлаш мақсадида ўрганилганида, азот аммоний миқдори белгиланган меъёрдан 1,7 баробар, азот нитрит 1,95 баробар, қуруқ қолдиқ 1,28 баробар ҳамда умумий фосфор 1,8 баробар ортиқ эканлиги аниқланди.

Ҳолат бўйича корхонага 92 млн сўм миқдорида компенсация ҳисобланди, масъулларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳолат қайта такрорланмаслиги бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди. Шунингдек, канал нобуд бўлган балиқлардан тозаланди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид