22:24 / 03.05.2024
4277

3 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Инвесторлар кенгашининг ялпи мажлиси, матбуот эркинлиги рейтингида пасайиш, 6 йилга кесилган «Зики эски шаҳар», Германия, Қатар ва Саудия Арабистони билан меҳнат миграцияси бўйича музокаралар, 4,65 млрд долларлик пуллик йўл лойиҳаси — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси

Бугун Шавкат Мирзиёев раислигида Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Етакчи компания ва банклар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар вакиллари иштирок этган кенгаш доирасида Шавкат Мирзиёев тўртта йўналишда ишчи гуруҳларни ташкил этиш ва уларни тўлиқ амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф этди.

Булар — капитал бозорини ривожлантириш; масъулиятли бизнес юритиш; муқобил инвестицияларни рағбатлантириш; инвесторлар билан ишлаш тизимини рақамлаштириш кабилар.

Мажлис доирасида президент Шавкат Мирзиёев қатор компаниялар раҳбарларини қабул қилди. 

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун янги имкониятлар

Ўзбекистон ва Германия меҳнат миграцияси соҳасида қўшма дастурларни кенгайтиради. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов ва Германия бундестагининг “ГФР – Марказий Осиё” парламент гуруҳи раиси ўринбосари Манфред Грунд икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатларни фаоллаштириш, жумладан, меҳнат миграцияси ва таълим соҳасида қўшма дастур ва лойиҳаларни кенгайтиришдан бўйича таклифлар муҳокама қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Қатар давлатидаги элчиси Ашраф Хўжаев Қатар меҳнат вазири Али бин Самих ал-Маррий билан учрашув ўтказган.

2023 йил июн ойида Қатар амирининг Самарқандга ташрифи давомида икки давлат ҳукуматлари ўртасида ишчиларни ишга қабул қилиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланган эди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, қўшма қўмитанинг биринчи йиғилишини Тошкентда ўтказиш ва томонлар ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Қатарда иш билан таъминлаш бўйича ўзаро музокаралар уюштириш тўғрисида келишиб олинди.

Саудия Арабистонида 100 минг нафаргача фарғоналиклар доимий иш билан таъминланиши мумкин. Жиддада Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров араб ишбилармони Аҳмад Ал-Хутамий билан музокаралар бўлиб ўтди. Унда тил ва турли касбларга ўқитиш марказлари ташкил этиш ҳамда 100 минг нафаргача ўзбекистонликни Саудия Арабистонида доимий иш билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. 

Хоразмда Эрон корхоналари учун алоҳида саноат зонаси

Эрон ислом Республикаси пойтахти Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон ва Эрон ишбилармон доира вакиллари ўртасида ўтказилган иштирокида бизнес-форумда келишувга эришилган.

Теҳронда бўлиб ўтган Iran Expo-2024 халқаро кўргазмаси доирасида ўтган бизнес-форумда Эрон Савдо-саноат палатаси, Эрон-Ўзбекистон қўшма савдо палатаси, Эрон Савдони ривожлантириш ташкилоти раҳбарияти, шунингдек, 80 дан ортиқ маҳаллий компания вакиллари ва Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ корхоналари раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Фариддин Насриев Хоразм вилоятида Эрон корхоналари учун алоҳида саноат зонаси ташкил этилаётгани ва эронлик тадбиркорларни ушбу саноат зонасига турли соҳаларда ўз лойиҳаларини амалга оширишга таклиф қилди. 

4,65 млрд долларлик пуллик йўл

Шу йил июн ойи охиригача Тошкент-Андижон пуллик йўли қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий ишлари якунланади.

Лойиҳанинг умумий узунлиги 314 км бўлиб, унинг қиймати 4,65 млрд долларни ташкил қилади, дея маълум қилди транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев.

Бундан ташқари, узоқ йиллардан бери асосий мақсадлардан бирига айланган трансафғон темирйўли лойиҳаси 2027 йил охиригача якунланиши кутилмоқда.

Яна бир муҳим лойиҳа — Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилишининг қиймати тахминан 5,1 млрд долларни ташкил қилса, узунлиги ҳозиргача 454 км бўлиши кутилмоқда, — деган Чориев. 

Матбуот эркинлиги индексида пасайиш

Бугун Халқаро матбуот эркинлиги куни. «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти томонидан ҳар йили мунтазам эълон қилинадиган матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон бир йил олдингига қараганда 11 поғонага пастлаб, 180 та давлат орасида 148-ўринни эгаллади. Кузатувчилар Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича вазиятни «оғир»дан «жуда жиддий»га ўзгартиришган. 

Қирғизистон элчихонасининг янги биноси

Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раиси – президент администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Қирғизистоннинг Тошкент шаҳридаги элчихонаси янги биноси очилиш маросими бўлиб ўтди.

Икки мамлакат бош вазирлари рамзий тасмани кесиб, Қирғизистон дипломатик ваколатхонаси биносини очиб берди. Элчихонада дипломатлар учун яратилган шароитлар билан танишди. 

Жибути билан дипломатик муносабатлар ўрнатилди

Ню-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Жибути ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзоланди.

Икки давлат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Жибутининг БМТдаги доимий вакили Муҳаммад Дуалеҳ имзолади.

Жибути Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 149-давлат бўлди. 

«Зики эски шаҳар» қамалди

Тошкентда «Зики эски шаҳар» лақаби билан танилган, декабр ойида ўтказилган рейд чоғида қўлга олинган Лутфулла Умаров 6 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Суд ҳукми ҳужжатига кўра, судланувчи 2023 йил май ойи охирида Тошкент шаҳридаги жарлик ҳудудидан 12 дона кўкнори ўсимлиги бошоқларини топиб, шамоллашга қарши дори деб дўстига сақлаш учун берган. 

Top