20:49 / 16.05.2024
6738

16 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Устамадан айрилаётган ўқитувчилар, қимматлаган олтин, собиқ бош прокурор ўғлининг Дубайдаги уйлари ва ҳаж мавсумининг бошланиши — Ўзбекистонда 16 май куни юз берган муҳим ва шов-шувли воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликлар шарҳи билан таништирамиз. 

Устамадан мосуво бўлаётган ўқитувчилар

Энг жафокаш қатлам — ўқитувчилар учун нохуш хабар: таълим вазирликлари минглаб ўқитувчиларни устамасиз қолдириши мумкин: педагогларга устама тўлашда қўлланадиган ва қабул қилинганига ҳали бир йил тўлмаган хорижий тил сертификатлари рўйхатидан бир қанча халқаро сертификатларни чиқариб ташлаш режа қилинмоқда.

Аввалги рўйхатга ишониб, сертификат олаётган ўқитувчилар бундан норози.

2023 йилнинг июлида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қарори билан 2023-2024 ўқув йилида устама тўланадиган сертификатлар рўйхати тасдиқланган эди.

Энди эса Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг қўшма қарори билан бу рўйхат ўзгартирилиши мумкин.

2024 йил 7 май куни муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасига кўра, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим тизимида фаолият юритаётган педагог ходимларга устама белгилашда қўлланадиган миллий ва халқаро тил сертификатлар рўйхатини қайта тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

Яъни айрим сертификатларни рўйхатдан чиқариш ва янгиларини қўшиш таклиф этилган. Масалан, инглиз тили бўлимидаги жами 11 та сертификат 5 тагача қисқарган. Лойиҳада мазкур қарор кучга киргунга қадар олинган сертификатларга (амал қилиш муддати тугагунча) устамалар берилиши айтилган.

Қисқаришга тушаётган халқаро тест тизимларидан бири – TKT тести (Teaching Language Test) учун тўлов қилиб қўйган ва имтиҳон бўлишини кутиб турган минглаб инглиз тили ўқитувчилари бундан норози. Улар сертификатни олиш муддати қарор қабул қилингандан кейинга тўғри келиши ва уларнинг ўтмай қолишидан хавотир олишмоқда. 

Тошкентда Ботир Зокировга ҳайкал қўйилди

Тошкент шаҳрида миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилди. Тадбирда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ботир Зокиров ижодий феномени миллий санъатимиз тарихида бутун бир даврни ташкил этиши таъкидланди. Унинг бой меросини чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ишларини давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига алоҳида қарор тайёрлаш топширилди.

Ҳукумат қарорида Тошкент шаҳрида санъаткорнинг мемориал музейини барпо этиш, эстрада санъати бўйича Ботир Зокиров номидаги халқаро кўрик-танлов ва талабалар учун давлат стипендияси жорий этиш, бадиий фильм яратиш, Миллий эстрада симфоник оркестри фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби вазифалар кўзда тутилади.

Ботир Зокиров 1936 йилда санъаткорлар оиласида туғилиб, вояга етган. 29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ва 2021 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган. 

Собиқ бош прокурор оиласининг бойликлари

Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодировнинг ўғли Алишер Қодиров Дубайда умумий қиймати қарийб 8 млн долларни ташкил қилувчи 4 та кўчмас мулк объектига эгалик қилади.

Халқаро суриштирувчи журналистлар гуруҳининг аниқлашича, Алишер Қодировнинг Marina Plaza'да тўртта офиси бор. Ҳар бирининг қиймати 1,9 млн доллардан 2,1 млн долларгача баҳоланган.

У 2018 йилда товламачилик ва фирибгарликда айбланиб қидирувга берилганди.

У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган товламачилик, жуда кўп миқдордаги товламачилик, кўп ва жуда кўп миқдордаги фирибгарлик моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланган. 

Ҳаж мавсуми 23 майдан бошланади

Ўзбекистонда Ҳаж мавсуми 2024 йил 23 майдан бошланади. Саудия Арабистонига 7 июнга қадар ҳар куни авиақатновлар амалга оширилади.

Мамлакатнинг 10 та шаҳри — Тошкент, Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус халқаро аэропортидан Мадинага тўғридан тўғри авиақатновлар орқали 15 мингдан зиёд зиёратчилар ҳаж сафарига кузатилади. Барча парвозлар Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан амалга оширилади.

Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика жамоатчилик кенгаши зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, гуруҳ раҳбарларини бириктириш, сафар олди машғулотлар ўтказиш, шифокорлар ва ошпазлар гуруҳини жалб этиш ҳамда сафар ҳужжатларини расмийлаштириш ишларини якунига етказмоқда.

Олтиннинг нархи ошди

Ўзбекистонда олтин нархи яна бир грамм учун 1 млн сўмдан ошди. Қимматбаҳо металл нархи бир кунда 1,8 фоизга, жорий йил бошидан эса деярли 19 фоизга ошди.

Марказий банк хабарига кўра, олтин қуйма ва эсдалик тангалар нархи 16 май, пайшанба куни янги максимал даражага етди. Жумладан, оғирлиги 5 грамм бўлган олтин қуйма ҳозирда 5,04 млн сўмга баҳоланмоқда. Бир грамм олтиннинг нархи 1 млн 8 минг 40 сўмга етган ёки ўтган кунга нисбатан 1,8 фоизга қимматлаган.

Top