Ўзбекистон | 17:40 / 11.11.2019
12112
2 дақиқада ўқилади

Жерар Депардье Ўзбекистоннинг Франциядаги туризм элчиси этиб тайинланди

Таниқли актёр Жерар Депардье тез орада Ўзбекистоннинг Франциядаги туристик элчиси сифатида фаолият бошлайди.

Жерар Депардье/Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Туризм соҳасида киносаноатга бўлган эътибор юқори даражага кўтарилиб бормоқда. Ҳозирги кунда энг муҳим янгиликлардан бири – машҳур франциялик Жерар Депардье жанобларининг Ўзбекистонга келганлигидир.

Актёр ўзбек туризмида амалга оширилаётган ислоҳотларни эшитиб, ўзгаришларни ўз кўзи билан кўриш ниятида ташриф буюрганини айтди», – деди Абдуҳакимов душанба куни матбуот анжуманида.

Унинг айтишича, айни кунларда Самарқандда Ўзбекистоннинг бор жозибасини бутун Европага кўрсатиш мақсадида 52 дақиқалик телефильмни суратга олиш жараёни кетмоқда.

«Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, суҳбат жараёнида Жерар Депардье Ўзбекистонни Европада тарғиб қилиш вазифасини ўз зиммасига олишини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб Жерар Депардье жанобларини Францияда Ўзбекистоннинг туризм элчиси сифатида тайинладик.

Тантанали маросим яқин кунларда ўтказилади. Ушбу тайинлов бизга янги имкониятларни очиб бериши шубҳасиз», – деб маълум қилди Азиз Абдуҳакимов.

13-15 ноябрь кунлари Тошкентда «Ипак йўлида туризм» XXV халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтади.

Ярмарка Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Миллий PR маркази» ДУК кўмагида ўтказилади.

Мавзуга оид