Бугун, 10 декабр – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун. Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ сўзларига кўра, халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари шу ҳужжат принциплари асосида айримларга қарата: «сизлар бермаган ва инсон туғилиши билан пайдо бўладиган шундай ҳуқуқларимиз борлигини» такрорлаб туради. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг айтишича, давлат тараққиёти ва қудрати аввало инсон ҳуқуқларига боғлиқ, шу сабаб қудратли давлатлар бу ҳуқуқларни ўз давлатчилиги учун асос қилиб олган.

1948 йил 10 декабр куни БМТ Бош ассамблеясининг 217-резолюцияси билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинди. Жорий йил ушбу санага 76 йил тўлди. БМТ аъзолари учун тавсиявий характерга эга бўлган ушбу ҳужжатни ташкилотнинг 192 та – барча аъзо давлатлари имзолаган, жумладан, Ўзбекистон ҳам. 1950 йилдан 10 декабр Инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонланади. Kun.uz ушбу сана муносабати билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг дунёда ҳуқуқий тизимда ишлаши, унинг тарихий ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сиёсатшунослар билан суҳбат ташкил қилди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилиниши – инсон ҳуқуқларининг халқаро ҳимояси ва умуман тинчлик борасида қандай рол ўйнади? У ўз даврида муҳим ва кучли ҳужжат бўла олганми?

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

– Иккинчи жаҳон уруши дунё тарихидаги энг катта ва энг кўп инсоний талафот етказган уруш ҳисобланади. Яъни олти йил давомида тахминан олтмиш миллион инсон ҳаётига зомин бўлган. Урушдан кейин дунё сиёсий элитасида ҳам, дунё ҳамжамиятида инсон ҳуқуқлари борасида муайян қарашлар шаклланган. Инсон ҳуқуқлари ғояси бир кунда шаклланган ғоя эмас, лекин давлатларнинг инсон ҳуқуқлари масаласида тўлиқ суверен ички иши деган тафаккур Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўзгара бошлади ва бу жараён ҳозиргача давом этмоқда.

Дунёда тинчлик бўлиши, давлатлар ўртасидаги муносабатлар дипломатик ва урушларсиз кечиши учун ички сиёсий тизим ва инсон ҳуқуқлари билан узвий боғлиқлиги ҳақида тасаввур шаклланмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилади ва унинг фундаментал қадрияти инсон ҳуқуқлари деб белгиланади. Шундан кейин мана шу Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси қабул қилинади ва дунё давлатларига тавсия этилади. БМТнинг қарорлари ёки тамойиллари ижро механизми мавжуд эмас, аммо бу қаттиқ тавсия қилинади ва халқаро норма сифатида кўрсатма берилади. Лекин бу тавсияларга зид келадиган давлатларга уруш қилиб, бостириб бориш тамойилларга зид келади. Шундай қилиб, кейинги етмиш-саксон йил давомида дунё ҳамжамиятида сиёсий тизимлар ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида бу декларациянинг ўрни жуда катта.