Жаҳон | 09:53 / 15.09.2025
6348
5 дақиқада ўқилади

Франция ва Непалда ҳукуматлар инқирози: янги даврдаги энг муҳим сиёсий унсур нима?

Непал ҳукуматининг халқ кайфиятини бошқариш мақсадида ижтимоий тармоқларни блоклаши оммавий норозиликларга етаклади. Асосий сабаб жамиятдаги камбағаллик ва ҳокимиятдаги коррупция эди. 2022 йил май ойидан бери Францияда 6 марта бош вазир алмашди — бунга асосий сабаб бюджет тақчиллиги экани айтилди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz’даги колонкасида Непал ва Франциядаги сиёсий кайфиятларда айнан ишонч дефицити юқорилаб қолгани ҳақида сўз юритади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Биз – Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари, Евросиё қитъасининг ўртасида жойлашганмиз. Қитъамизнинг ғарбида ва шарқида сиёсий бўҳронлар, инқирозлар кузатилмоқда. Шарқдан бошласак. Непалда оммавий намойишлар сабабли ҳукумат ўзига истеъфо берди. Кўплаб мулозимлар ишдан кетди. Асосан ёшлардан иборат намойишчилар ҳукумат уйига, давлат идоралари бинолари ва мулозимларнинг уйларига ҳам ўт қўйишган. Намойишлар жараёнида камида 22 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Непал Ҳиндистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида жойлашган давлат. Непалнинг учинчи чегарадош қўшниси йўқ. Непалнинг майдони 147 минг квадрат километр, яъни Ўзбекистондан роппа-роса уч марта кичик. Лекин аҳолиси 30 миллиондан ошади. Непал БМТ ва кўплаб халқаро ташкилотлар мезонларига кўра анча камбағал давлат ҳисобланади. Жон бошига тўғри келадиган йиллик ялпи ички маҳсулот улуши 1440 доллар атрофида. Лекин сотиб олиш паритети билан ўлчаганда эса бу улуш 3000 доллар атрофида дейилади. Непалда ишсизлик анча юқори. 2008 йилда тахминан 45% ишга яроқли аҳоли ишсиз бўлган. Бугунги кунда ҳам камида 20% аҳоли ишсиз экани айтилади.

Непалда сиёсий зўравонликлар занжири сурункали давом этиб келмоқда. Бу давлатда 1996-2006 йиллар мобайнида фуқаролик уруши бўлиб ўтди, жами 17-18 минг атрофида одам ҳалок бўлган. 2008 йилгача бу давлат монархия эди, фуқаролик уруши натижасида подшолик йиқитилгач, бугунги кунда бу давлат федератив парламент бошқарувидаги республика ҳисобланади.

Нега ёшлар оммавий намойишлар ўтказиб, ҳукумат бинолари ва мутасаддиларига нисбатан куч ишлатишгача боришди? Ҳукумат ижтимоий тармоқларни, жумладан YouTube, Facebook, Instagram ва яна 20 га яқин ижтимоий тармоқларни, машҳур сайтларни блоклаб қўяди. Кейин бутун ҳаёти ижтимоий тармоқларда шаклланган янги ёш авлод ижтимоий тармоқлардан узилиши биланоқ оммавий ва ўта агрессив намойишлар бошлади, ҳукуматни йиқитишди. Қолаверса, жуда кўп непаллик ёшлар хорижда ишлайди ва улар ўзларининг яқинлари билан айнан ижтимоий тармоқлар орқали алоқада бўлиб келган.

Францияда 2022 йилнинг май ойидан шу бугунги кунга қадар жами олти марта бош вазир алмашди. Охирги бош вазир Франсуа Байро шу йилнинг бошларида тайинланган эди. Бир йил ҳам бош вазир бўлиб ишлай олмади. Байро Франция парламентидан қаттиқ иқтисодий дастурни тасдиқлаб беришни сўраб мурожаат қилган. Кейинги йилларда Франция бюджетидаги дефицит ошиб бормоқда. Бош вазир Байро тахминан 45-50 миллиард евро маблағни тежаш мақсадида кўплаб ижтимоий лойиҳаларни қисқартиришни, солиқларни оширишни сўраган. Лекин парламент унинг сўровига нафақат “йўқ” деди, балки унинг ўзига ишончсизлик билдирди.

Байро – Францияда ҳукм сураётган бешинчи республика тарихида парламент томонидан ишончсизлик вотуми олиб, истеъфога чиқарилган биринчи бош вазир бўлди. Мана шу фонда Париж кўчаларида оммавий намойишлар бошланиб кетди. Францияда намойишлар анча институтлашган. Непалдаги намойишлар нафақат сиёсий, балки институционал инқироз бўлса, ҳозирча Франциядаги намойишлар фақат сиёсий инқирозни англатади. Чунки Францияда намойишлар борасида халқда сиёсий маданият шаклланган. Францияда намойишлардан мақсад – ҳукуматга, ҳокимиятга норозиликни билдириш, лекин давлатни йиқитиш эмас ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Бироқ Непал каби энди демократик маданият шаклланаётган давлатларда намойишлар жабр-зулмга қоришиб, аралашиб кетади. Қолаверса, намойишларни тинч ўтказиш сиёсий маданияти ҳам шаклланиб улгурмаган. Бунда Непал ҳокимиятининг ҳам айби бор.

Кўплаб сиёсий мутафаккирлар ҳозирги ахборот даврида жамиятлардаги сиёсий уйғониш ва фаоллик ўтмишга қараганда тез кечаётганини урғулашади. Энди ахборот жуда кўп бўлар экан, одамлар тезда эҳтиросга берилиши, тезда уюшиши ва тезда жунбишга келиши кузатилади. Бундан кейин ахборот глобаллашуви фақат тезлашади.

Мана шу фонда америкалик сиёсий мутафаккир Френсис Фукуяма айтадики, энг ривожланган жамиятлар ва давлатлардаги энг муҳим сиёсий унсур – бу ишонч. Айнан ишонч жамият аъзоларини бир-бирига боғлайди, давлат ва жамиятни сурункали ва ҳолсизлантирувчи тирашувдан асрайди, иқтисодий ривожланиш ва сиёсий барқарорликка асос бўлади, дейди Фукуяма. Непал ва Франциядаги сиёсий кайфиятларда айнан ишонч дефицити юқорилашиб қолганини кўриш қийин эмас.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид