Иқтисодиёт | 13:27 / 16.04.2024
7813
3 дақиқада ўқилади

Аҳоли ва тадбиркорларнинг валюта курси ўзгаришидан хавотирлари кучайган

Тадбиркорларнинг ҳам, аҳолининг ҳам валюта курси ўзгаришидан хавотирлари ошиб, жорий йилдаги энг юқори нуқтага етган. Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (16,9 фоиз) ва Тошкент вилоятида (14,3 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст кўрсаткич Жиззах (9,9 фоиз) ва Қорақалпоғистонда (10 фоиз) қайд этилган.

Фото: AP

Марказий банк март ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича йиллик кутилмалари 0,2 фоиз бандга пасайиб, 12,8 фоизни ташкил қилган.

Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курси ўзгариши (61 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (50 фоиз);
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (42 фоиз);
  • транспорт харажатларининг ошиши (29 фоиз);

Март ойида келгусида нархларга босим ўтказиши мумкин бўлган асосий омиллар сифатида валюта курсининг ўзгариши ҳамда коммунал хизматлар нархининг ошишини қайд этган респондентлар улуши кўпайган бўлса, транспорт харажатларининг ошишини омил сифатида белгилаган респондентлар улуши камайган.

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари

Март ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсишига оид респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 12,2 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 0,5 фоиз бандга пасайган.

Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курсининг ўзгариши (61 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия ресурсларининг қимматлашиши (44 фоиз);
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (38 фоиз);
  • транспорт харажатларининг қимматлашиши (33 фоиз).

Валюта курси ўзгаришини нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омил сифатида қайд этган тадбиркорлар улуши ошган бўлса, ёқилғи ва энергия ресурсларининг қимматлашишини инфляцияга асосий сабаб бўлади деб белгилаганлар салмоғи камайган.

Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма ахборот технологиялари (16,8 фоиз) ва қурилиш (14 фоиз) соҳасида ишловчиларда кузатилган. Энг паст кутилмани туризм соҳасида фаолият юритувчилар белгилаган. Тадбиркорлик субъектлари орасида энг пессимистик кутилма маданият (15) соҳасига, энг оптимистик кутилма эса туризм (10,8) соҳасига тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (16,9 фоиз) ва Тошкент вилоятида (14,3 фоиз) кузатилган бўлса, энг паст кўрсаткич Жиззах (9,9 фоиз) ва Қорақалпоғистонда (10 фоиз) қайд этилган. Ўз навбатида тадбиркорларнинг кутилмалари Тошкент шаҳри (14,4 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида (13,3 фоиз) баланд, Қорақалпоғистонда (10,3 фоиз) эса энг паст бўлган.

Даромадлари 7 млн ва ундан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари республика бўйича ўртача даражадан юқори шаклланган.

Мавзуга оид