Иқтисодиёт | 20:16 / 23.04.2026
5137
9 дақиқада ўқилади

Бонд омборлари очилади: смартфонлар ва кийим-кечаклар арзонлайдими? — ИЛМА вакили билан суҳбат

1 июлдан бонд омборлари ташкил қилишга рухсат берилмоқда. Хўш, бу ўзи қанақа омбор, уни кимлар оча олади, бу янгиликнинг нарх-навога таъсири қанақа бўлади? Kun.uz саволларига Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги бошқарма бошлиғи Комронбек Муҳаммадиев жавоб берди.

Ўзбекистонда 2026 йил 1 июлдан эътиборан икки йиллик ҳуқуқий эксперимент бошланади: янги турдаги эркин омбор – бонд омборлари ташкил этишга рухсат берилмоқда.

Бонд омборлари – жисмоний шахсларга шахсий эҳтиёжлари учун сотиладиган импорт товарларни вақтинча сақлаш учун мўлжалланган. У ердаги товарлар фақат маркетплейслар орқали сотилади.

Бонд омборига жойланадиган товарлар икки гуруҳга ажратилган. Биринчи гуруҳдаги товарлар: смартфон, ноутбук, планшет ва бошқа айрим ярим электроника товарлари жўнатмалар декларацияси асосида жисмоний шахсларга чиқарилганда, божсиз олиб кириш нормалари татбиқ этилмайди ва амалдаги божхона тўловлари ўрнига уларнинг сотиш қийматидан 5 фоиз ягона божхона тўлови ундирилади. ҚҚС ундирилмайди.

Иккинчи гуруҳ товарларга халқаро миқёсда бренд бўлмаган кийим-кечак ва пойабзаллар киради. Уларни сотишда ҚҚС ва 3 фоиз божхона божи ундирилади.

Комронбек Муҳаммадиевнинг сўзларига кўра, бу тартиб электрон тижорат соҳасини ривожлантириш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш имконини беради.

Бонд омборлари фаолияти Ўзбекистонда биринчи марта эксперимент тариқасида йўлга қўйиляпти. Бонд омборлари нима, у ерга товарлар қандай жойлаштирилади ва божлар қандай бўлади?

— Электрон тижорат соҳаси Ўзбекистонда жадал ривожланяпти, лекин чакана савдода улуши ҳозирги кунда ҳам дунёдаги ўртача кўрсаткичлар бўйича барибир паст. Бизда электрон тижорат улуши салкам 5 фоизни ташкил этади, дунёдаги ўртача кўрсаткич эса 15-20 фоиз.

Иккинчи масала, ҳаммамиз ҳозир кўриб турибмиз, барча давлат органлари бирлашиб, хуфиёна иқтисодиётга қарши курашишни асосий мақсад деб белгилаб қўйган. Шу мақсадни бажариш борасида бизга вазифа қўйилди. Бонд омборлари орқали товарларни, яъни электрон савдо платформалари, оддий қилиб айтганда маркетплейслар орқали сотишни йўлга қўйиш. Бундан асосий мақсад нима? Биринчидан, очиқ-ойдин айтиш керак, ҳар хил йўллар билан – карго деймизми ё курер жўнатмалари орқалими – тадбиркорлар товарларни олиб кириб келяпти. Ва бунинг натижасида кўпгина айланма, пул маблағлари кулранг зонада қоляпти. Бонд омборлари орқали эса тадбиркор чет элдан товарларни импорт қилаётганда, иккита рўйхатга кирувчи товарларни пасайтирилган божларда олиб киради.

Биринчи рўйхат – бу бешта турдаги товарлар. Уларга смартфонлар, планшетлар ва ҳоказо электроника товарлари киради. Уларга барча божхона ва солиқ тўловлари ўрнига ягона божхона тўлови жорий этилди. Бугунги кунда смартфонларнинг божхона божи 5 фоизни ташкил этади, лекин бунга қўшимча яна қўшилган қиймат солиғи ҳам бор. Қўшилган қиймат солиғини қўшиб олиб кирадиган бўлсак, бюждетга тўловлар 17 фоиздан ошади. Бизнинг экспериментимизда эса бу смартфонларнинг сотилаётган қийматидан 5 фоиз ягона божхона тўлови ундирилади, ҚҚС йўқ.

Иккинчи рўйхатга ўтадиган бўлсак, у ерда 30 та позиция белгиланган. Асосийси, кўп ишлатиладиган товарлар – кийим-кечак, пойабзал ва ҳоказолар киритилган. Уларга барча божхона ва солиқ тўловлари ўрнига 3 фоиз божхона тўлови ва 12 фоиз қўшилган қиймат солиғи белгилняпти. Яъни ўртача оладиган бўлсак, трикотаж, текстил, кийим-кечакларга бизда божлар ҳалигача баланд – 20 фоиз бож. Бу бождан ташқари қўшилган қиймат солиғи ҳам бор, божхона расмийлаштируви ва ҳоказо... Ўртача шу 30 фоизгача ҳам чиқиб келади нарх.

Энди буни ҳам тушунишимиз керак, ички бозорни қўллаб-қувватлаш, дейишади. Лекин биз ЖСТга кирмоқчимиз. Ташкилотга киришдан мақсад – шу рақобат муҳитини тенглаштириш. Тадбиркорларимиз ҳам ушбу янги қоидаларга кўникиши керак, тушуниши керак, секин-секин ўрганиши керак. Мана шу бонд омборлари орқали товар олиб кирилаётганда, қўшимча рақобат муҳити ҳам яратилади.

Бунақа механизм чакана савдони ўлдирмайдими деган савол ўртага чиқяпти. Чунки ҳамма бонд омборлари орқали олиб киришни бошлайди, дўкон ва бошқа савдо нуқталари ўзини қопламай, ёпилиб кетади деган хавотирлар бор. Биз бу ерда кўрсатиб ўтган механизмимизда олиб кирилаётган товарлар фақатгина электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга шахсий эҳтиёжи учун реализация қилиниши белгиланган. Яъни бонд омборидан харид қилинган товарларни тижорий мақсадда иккиламчи чакана савдога чиқариш ман этилган. Буни назорат қилиш Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси, бонд омбори оператори ва махсус электрон савдо платформаси операторига юклатилган. Яъни бу ҳуқуқий эксперимент, шунинг учун бу қаттиқ назоратда бўлади. Агар ҳар хил хавф-хатарлар пайдо бўладиган бўлса, бу ерда превентив механизмлар кучга киради.

— Бонд омбори лицензияси кимларга берилади? Маълум тадбиркорларгагина берилмайдими бу ҳуқуқ? Рақобат нуқтайи назаридан ишлар қандай ташкил қилинади?

— Қарорда белгилаганидек, уч ой муддатда биз Вазирлар Маҳкамаси қарорини ишлаб чиқишимиз керак. Бу қарор билан иккита вақтинчалик низом тасдиқланади. Биринчи низом – бонд омборлари фаолиятини ташкил этиш бўйича, иккинчи низом – махсус электрон савдо платформалари орқали шу бонд омборларда жойлаштирилган товарларни сотиш тартибини белгилайди.

Биринчисида бонд омборлари учун барча талаблар ёзиб чиқилади, яъни бонд омборлари реестри, реестрга киритилиши учун қандай талабларни бажариши шартлиги. Иккинчисида махсус электрон савдо платформалари учун худди шундай талаблар белгиланади ва ушбу талаблар очиқ-ойдин, яққол Вазирлар Маҳкамаси қарорида кўринади. Барча у билан танишиб чиқади ва ушбу реестрга кириш учун аризалар ўрнатилган тартибда қабул қилинади. Аризага жавоб бериш муддати ё 10 кун, ё 30 кун бўлади, яъни қонунчилик ҳужжатларида белгилангандек.

Бу нега вақтинчалик низом? Чунки бу ҳуқуқий эксперимент бўляпти ва икки йилга мўлжалланган. Муддат якунланиши билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бизнинг агентлик тегишли таклифлар киритиши керак. Яъни ушбу тартибни ё тўлақонли бизнинг қонунчилигимизга имплементация қилиш бўйича ёки агар яхши самара бермаса, тугатиш бўйича. Бизнинг таҳлилларимизга қараганда, ўзини жуда ҳам яхши кўрсатиши керак.

Очиқ-ойдин айтаман, Ўзбекистонда ҳозир сал логистика билан, омборлар билан ва бошқа-бошқа савдо учун жуда муҳим инфратузилма билан катта муаммолар бор. Иқтисодиётимиз жадал суръатлар билан ўсаётган пайтда, инфратузилмада етишмовчиликлар бор. Шунинг учун нима мақсад қўйганмиз? Бонд омборларига талаблар жуда кучли бўлади.

Биз институционал ўйинчиларни кутяпмиз, яъни бизнинг иқтисодиётимизга, шу логистика инфратузилмасига, бонд омборлари, тарқатиш пунктларига катта-катта инвестиция киритадиган ўйинчиларни кутамиз. Чунки агар кичкина-кичкина ўйинчиларга бериладиган бўлса, биринчидан, улар бонд омбори учун талабларни бажариши қийинроқ бўлади. Агар кичкина ўйинчилар ушбу тартиб орқали ишламоқчи бўлса, улар бирлашиши мумкин. Яъни бирлашиб, битта ягона маркетплейс ёки бонд омбори операторини яратиб, ўрнатилган тартибда аризага топшириши мумкин.

— Ўзбекистонда бундай омборлар шу пайтгача бўлмаган, умуман божхона омборлари бор. Қанақа бўлади? Мавжуд божхона омборлари бонд омборларга айлантириладими ёки улар нолдан қуриладими?

— Энди ҳар хил сценарийлар бор. Бизда омборлар бор, лекин улар ҳозирги талабларга етарли эмас. Бизда маҳаллий ўйинчилардан бири жуда ҳам катта омбор қурган. Бу фақатгина омбор эмас, яъни у жуда кўп функцияларни ўзига жамлаб олган. У ерда тегишли товарлар тақсимланиб ҳам чиқилади, автоматик тарзда кўп операциялар амалга оширилади. Ҳозир бундай олиб қарайдиган бўлсак, ҳисоб-китоб қилиб чиқдик, агар 100 минг квадрат метрлик мултифункционал омбор қурмоқчи бўлса, 100 миллион доллар сарфланиши керак экан.

Институционал ўйинчилар ушбу тартиб билан ишлай олади. Чунки бу ерда ўзи омборнинг функцияларидан келиб чиққан ҳолда, анча-мунча ходимлар ишлайди, уларнинг бонд омборига талаблари кучли бўлади.

Тўлиқ суҳбат билан видео орқали танишишингиз мумкин.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид