Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент бонд омборларни кўпайтириш бўйича топшириқ берди
Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни электрон тижоратни ривожлантириш ва бонд омборлар фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Йиғилишда қайд қилинишича, сўнгги саккиз йилда мамлакатда электрон тижорат ҳажми 20 баробар ўсиб, 1,3 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, мазкур йўналишда ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистонда электрон тижоратнинг чакана савдодаги улуши 4-4,6 фоизни ташкил этиб, жаҳондаги ўртача 22 фоизлик кўрсаткичдан 5 баробар кам экани кўрсатиб ўтилди. Мамлакатда ушбу улушни 9-11 фоизга етказиш учун етарли салоҳият мавжуд.
Тақдимотда электрон тижорат инфратузилмасини ривожлантиришда импорт товарларини божхона тўловлари ва солиқларини кечиктирилган тартибда тўлаш шарти билан божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган махсус омбор – бонд омборлар ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, товар учун бож тўловларини уни сотиш пайтида амалга ошириш тизимини жорий этиш орқали камида 500 миллион доллар инвестиция жалб қилиш учун шароит яратиш мумкин. Бундай амалиёт Россия, Хитой, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Германия ва Сингапур каби мамлакатларда кенг қўлланилаётгани қайд этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда омборларнинг умумий майдони 634 минг квадрат метрни ташкил қилиб, шундан 72 фоизи Тошкент шаҳри ва вилояти ҳиссасига тўғри келади. Мавжуд омборларнинг атиги 34 фоизи замонавий “А” тоифасига мансуб. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун кейинги беш йилда 2,5 миллион квадрат метр замонавий омборлар талаб этилади. Шу муносабат билан йирик халқаро маркетплейсларнинг замонавий омборлар тармоғини кенгайтириш таклиф этилди.
Рақамли платформаларни ҳамда бонд омборларни солиқ ва божхона тизимлари билан чуқур интеграция қилиш зарурлиги таъкидланди. Тақдимотда 2026-2028 йиллар давомида тажриба тариқасида “импорт – бонд омбори – махсус электрон савдо платформаси – истеъмолчи” занжири асосида янги механизмни жорий этиш таклифи билдирилди.

Унга кўра, товарлар бонд омборига жойлаштирилади, махсус электрон савдо платформаси орқали сотилади, божхонада декларациялаш ва бож тўловлари эса бевосита сотув босқичида амалга оширилади. Бундай платформалар ва омборлар тегишли реестрларга киритилиб, Божхона қўмитасида ҳисобга қўйилади.
Шунингдек, бонд омборлари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ташқи бозорларга чиқишни енгиллаштириши, айланма маблағларга тушадиган юкни камайтириши, логистика харажатларини пасайтириши ва экспорт рақобатбардошлигини ошириши таъкидланди.
Давлат раҳбари электрон тижоратни иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантириш, мазкур соҳада замонавий инфратузилмани яратиш, рақамли платформалар фаолияти учун қулай ва шаффоф муҳит шакллантириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Мавзуга оид
20:16
Шавкат Мирзиёев Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди
15:32
Президент янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейини бориб кўрди
14:49
Шавкат Мирзиёев Амир Темур хиёбонига ташриф буюрди
08:58