Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Маҳбус бўйни, умуртқа ва қовурғаси синиши сабаб вафот этган». Бош прокуратура тиббиётни соҳа профессорларидан яхшироқ биладими?
Шу йилнинг март ойида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан айбланиб, суд томонидан озодликдан маҳрум этилган ва Навоийдаги 47-сон жазони ижро этиш муассасасида «сирли» тарзда вафот этган Бобомурод (исми шартли равишда ўзгартирилди) ҳақида мақола эълон қилинган эди.
Марҳумнинг вафот этиш сабабларини аниқлаш мақсадида бир неча бор экспертизалар ўтказилган. Экспертиза хулосалари эса бир-биридан фарқ қилган. Суд иши дастлаб Навоий вилоятида, сўнгра Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида давом эттирилган. Бир-бирини инкор этувчи экспертиза хулосалари сабаб суд томонидан экспертиза ўтказиш Республика суд-тиббий экспертизаси Бош бюросига (Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази) топширилган. Марказ мутахассислари томонидан ўрганишлар натижасида мутлақо бошқа ҳолатлар, яъни марҳумнинг ўлимига сепсис (қон инфекцияси) касаллиги эмас, балки олинган жароҳат сабаб бўлганлиги аниқланган. KUN.UZ бу масалада ўз суриштирувини давом эттириб, Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий марказида бўлди.

«Жиноятни очиш ўрнига бизга босим ўтказишмоқда»
Шоҳсанам Ядгарова, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази бўлим мудири, олий тоифали эксперт:
— Навоийда ўтказилган экспертизаларда марҳум вафот этганидан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмасдан сепсис (қон инфекцияси) дея хулоса берилган. Лекин сепсис деб оддий кўз билан қараб баҳолаб бўлмайди. Бунинг ўз тартиб-қоидалари бор. Дастлаб лаборатория текширувидан ўтилади. Бунга камида икки ҳафта вақт кетади. Бир нечта босқичларини ўтказиш керак.
Оддий кўз билан сепсисни кўриб бўлмайди. Балким бундай ўзгаришлар бўлар, лекин бундай қовурға ва бошқа жойлари синмайди. Республика суд-тиббий экспертиза Бош бюросида 2 маротаба, биринчиси 31-сонли комиссион қайта экспертиза ва 94-сонли яна комиссион қайта суд-тиббий экспертизаси ўтказилган.
Шуниси қизикки, иккаласида ҳам дастлабки экспертизаларни ўтказган экспертлар О.Хван етакчи эксперт ва А.А.Ахраров маърузачи бўлиб экспертизани бошқарганлар. Суд томонидан бу иш республика даражасида ўрганилиши лозим топилиб, менга юклатилди. Бизнинг экспертиза 7-си эди. Бунда травматолог, вертебролог, нейрохирург, уролог каби мутахассисларни жалб қилдик. Чунки бўйин, умуртқа ва қовурғалар синганлиги мавжуд эди.
Экспертиза жараёнида бир-биридан мустақил бир неча ташкилотларнинг малакали экспертлари қатнашган. Масалан, РПАМ директори, профессор Исроилов Р.И, ТошВМОИ патологоанатомия ва суд тиббиёти кафедраси профессори Магрупов Б.лар қатнашди.

Текширувлар натижасида мурданинг товон қисмида электр тамғалар аниқланган. 2018 йил 26 декабрда суднинг ажрими билан эксгумация (қабрни очиш) ўтказилди. Қабрни очганимизда марҳумнинг бўйни, умуртқаси, қовурғаси синганлиги аниқланди. Ўлим ҳолати айнан умуртқалар шикастланиши сабабли келиб чиққан.

Мен атрофлича ўрганилган Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий марказининг 126-сонли хулосасини судга тақдим этдим. Суд бу хулоса асосида марҳум тириклигида унга жароҳат етказган шахсларга суриштирув-тергов ўтказилиши учун ишни прокуратуранинг ўзига қайтарган. Бироқ прокуратура жиноятни очиш ўрнига бизга босим ўтказмоқда.
Экспертизани бизга суд тайинлаб берган бўлишига қарамай, прокуратура Соғлиқни сақлаш вазирлигига бизнинг экспертиза нотўғри ўтказилган ва бунга чора кўринг, деб тақдимнома киритмоқда. Бизнинг экспертиза тўғри ўтган ёки ўтмаганлигини улар қаердан билсин? Биз Республика даражасидаги марказмиз.
«Агар ёзмасам, ишдан олинишимни айтишди»
Суриштирувимиз давомида шу воқеалар сабаб босимга учраётган яна бир мутахассис-гистолог билан суҳбатлашдик. У экспертизада тўғри ва ҳалол хулосаларини берганини ва бу унга «қиммат»га тушаётганини айтди.

Жамолиддин Бегбоев, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент вилоят филиали эксперти:
— Мен фаолиятим давомида доим ҳаққоний ишлашга ҳаракат қиламан. Чунки бундай ишлар барибир бир кун очилади. 2011 йилдаги ишлар қайтадан кўриб чиқилган ҳолатларни гувоҳи бўлганман. Шу сабабли фақат кўрганимни, билганимни айтаман.
Бу ишда олдинги экспертизаларни нотўғри, деб хулоса бердим. Бемор сепсисдан эмас, жароҳатдан вафот этган дедим. Менга сепсисдан ўлган деб ёзишимни, агар ёзмасам ишдан олинишимни айтишди. Бу бўйича аудиоёзувлар ҳам бор.
«Сепсисга-ку сабаб топилар, лекин товонидаги электр токидан қолган изларни қандай йўқ қиласизлар? Қийноқнинг яққол белгиси-ку бу» дедим. Мен борини ёзишимни айтдим.
Уларга менинг хулосаларим ёқмади. Кейин менга нисбатан тазйиқлар бошланди. Одамдан айб топаман деса, қийин эмас экан. Ишдаги майда камчиликлар аниқланди ва мени лавозимим пастлатилди, хизмат текшируви қилиб хайфсан берилди. Ҳаммаси асоссиз важлар билан бўлди.
Бу масалаларда мен порталга 6 марта, 3 марта оддий почта орқали Президент девонига, 1 марта Сенатга, 2 марта омбудсманга, 7 марта Бош прокуратурага арз қилдим. Ҳаммасида айланиб-айланиб яна вилоят ёки туман прокуратураларга тушмоқда. Улар ўзларига нисбатан чора кўришадими?!
«Ишдан олишга тавсия беришга уларнинг ҳаққи йўқ»
Шунингдек, Бобомуроднинг ўлими сабаблари билан боғлиқ эксперт хулосалари юзасидан Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази раҳбари Алишер Искандаровнинг фикр ва мулоҳазалари билан қизиқдик.

Алишер Искандаров, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор:
— Бу иш бўйича олдин ҳам кўплаб экспертизалар ўтказилган. Суд кейин экспертиза ўтказишни бизга буюрди. Экспертиза хулосамизни суд қабул қилди ва жиноятни очиш учун прокуратурага топшириқ берди. Лекин прокуратура вилоятга яна экспертиза ўтказ, деб топшириқ бермоқда. Олдинги мутахассисларни ҳам экспертизага жалб қилишмоқда. Қоида бўйича бу мумкинмас. Процессуал қонунбузилиши бу.
Лекин ҳали суд жараёни давом этмоқда. Суд прокуратуранинг бу ҳаракатларини қабул қилгани йўқ. Шунга қарамай прокуратура бизнинг ишларимиз нотўғри қилинган, деб тақдимнома киритмоқда.
Жиноят-процессуал кодексининг 187-моддасида келтирилган: Экспертнинг хулосаси суриштирувчи, терговчи ёки суд учун муқаррар далилий кучга эга эмас. Хулосага қўшилмаслик қарорда ёки ажримда асослаб берилиши лозим. Яъни, бизнинг хулосани хоҳласа олади, хоҳласа олмайди. Лекин бундай тақдимнома киритиб, ишдан олинишига тавсиялар беришга уларнинг ҳаққи йўқ.
Биз суд томонидан экспертиза ўтказишдан олдин огоҳлантириламиз. Жиноят кодексининг 238-моддаси, 240-моддалар мавжуд. Агар нотўғри хулоса берилса ва бу тасдиқланса, шу моддалар билан жазо олинади. Марҳамат, агар исботланса, иш очишаверсин. Айни вақтда суд жараёни кетаётган бўлса, қандай бунақа хатти-ҳаракат амалга оширилади?! Бу бўйича суд ҳам ўз фикрини берди.
Бош прокуратура тан олмаган хулоса
Ҳали суд жараёни якунланмай туриб, экспертиза хулосасига баҳо берилганлиги айтилаётган Бош прокуратура тақдимномасининг нусхаси ҳам қўлимизда мавжуд.


Унда, ушбу экспертиза нотўғри ташкил этилгани ва хулоса ҳам тўғри баҳо берилмай тузилгани айтилади. Бунга сабаблар қилиб реаниматолог, гематолог, иммунолог, нефролог каби мутахассислар жалб этилмаганлиги кўрсатилган. Бундан ташқари, тақдимномада экспертлар гуруҳида иштирок этган яна бир мутахассис етарли малакага эга бўлмаганлиги ҳамда маърузачи Ш. Ядгарова стереомикроскопик текширув ўтказмаганлиги айтилади.

Тақдимноманинг айнан шу қисми бўйича изоҳ олиш мақсадида Ш. Ядгаровани саволга тутдик. У тақдимномада қайд этилган тоифадаги экспертларни жалб этишга зарурат бўлмаганлиги, малакаси етарли эмаслиги айтилган мутахассиснинг эса тегишли малака сертификати мавжудлигини билдирди.


Шунингдек, тақдимномада экспертлар йўл қўйган бошқа қатор «хато»ликлар санаб ўтилган. Энг қизиғи, бу хатоликлар экспертиза ўтказишдаги тартиб-қоидаларга нисбатан эмас, тиббий жиҳатдан нотўғри дея баҳоланмоқда. Шу ўринда савол туғилади: экспертиза мамлакатнинг энг нуфузли илмий даргоҳи мутахассислари томонидан ўтказилган бўлса-ю, Бош прокуратуранинг бундай хулосага келиши ўртасида ғайритабиийлик мавжуд эмасми?
«Барвақт баҳо берилган»
Бу масалада экспертлар судга мурожаат қилишган. Ишни олиб бораётган судья томонидан жавоб хати тақдим этилган. Экспертлар томонидан бизга ушбу жавоб хати берилди.
Судьянинг маълум қилишича, суд мажлисида сўроқ қилинган эксперт ва мутахассисларнинг қарама-қарши кўрсатмалари сабаб Суд тиббий-экспертиза Бош бюросининг (ҳозирги Республика маркази) муқаддам мазкур ишда қатнашмаган умуман бошқа давлат суд экспертлари зиммасига юклатилган.

Суд томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 187-моддаси қоидалари тартибида эксперт хулосаси муқаррар далилий кучга эга эмас, деб топилган. Шунингдек, прокуратуранинг экспертлар фаолиятига баҳо бериши ҳам барвақт деб ҳисобланган. Бундай хулосаларга якуний баҳони фақат суд бериши мумкинлиги тушунтирилган.

Шу ўринда, суд жараёнлари давом этаётган бир вақтда, қолаверса суд ажримига асосан экспертиза ўтказган мутахассисларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан Бош прокуратуранинг Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритганлигини қандай тушуниш мумкин? Экспертларни лавозимига лойиқ ёки нолойиқ эканлигини кўриб чиқиш бўйича таклиф киритишга ҳали бироз эртамасми? Ёки Бош прокуратура ходимлари тиббиётни шу соҳа вакилларидан-да яхшироқ тушунадими?
Баҳодир Аҳмедов
Мавзуга оид
12:31 / 03.03.2026
1 млрд сўмлик табиий қумни ўзбошимчалик билан қазиб олиш ҳолати аниқланди
11:13 / 02.03.2026
9 минг доллар талаб қилган прокуратура ходими ушланди
09:30 / 26.02.2026
“Ноҳақ айблашди” – Самарқандда собиқ ИИБ ходими Олий суддан адолат кутяпти
19:07 / 14.02.2026