Иқтисодиёт | 18:08 / 16.02.2022
34307
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш учун чорва ва паррандалар тарқатиш тажрибаси йўлга қўйилади

Аҳолига 350 минг бош қўй ва эчки тарқатишга 100 млн доллар йўналтирилади.

Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, соҳада илғор технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш учун чорва ва паррандалар тарқатиш тажрибасини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилган.

Маълум қилинишича, йиғилишда кооперация орқали чорвани кўпайтириш вазифаси қўйилган ва намунали тажрибалар кўрсатиб ўтилган:

  • ҳоким ёрдамчиси ва фермер хўжалиги ҳамкорлигида аҳолига қорамол ҳамда қўй ва эчки тарқатилган, етиштирилган сут ва гўштни сотиб олиш йўлга қўйилган Миришкор тажрибаси;
  • томорқа хизмати корхонаси аҳолига 2-3 тадан наслли қорамол тарқатган, ветеринария хизматларини бепул кўрсатаётган, гидропоника усулида озуқа етиштиришни йўлга қўйган Чуст ҳамда ер ресурслари чекланган шароитда хонадонларда 20 тагача зотли қорамол боқилаётган Балиқчи тажрибаси.

Бу тажрибаларни кенгайтириш учун хорижий кредитлар 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади, 14 фоиздан ошадиган қисмига компенсация ва кредитнинг 50 фоизига кафиллик, гидропоникада озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи қоплаб берилади.

Паррандачилик корхонаси аҳолига 50—100 бош хонаки парранда ва инкубатор тарқатган, мингтадан тухум сотиб олиш ва парранда кўпайтириш йўлга қўйилган Тахиатош тажрибаси алоҳида қайд этилган.

Ушбу тажрибалардан келиб чиқиб мутасаддиларга қуйидаги топшириқлар берилган:

  • 15 мартга қадар ҳар бир туманда камида 5 тадан маҳаллада Миришкор тажрибасини йўлга қўйиш;
  • 1 майга қадар томорқа хизмати корхоналари орқали Чуст ва Балиқчи тажрибаларини барча туманларда жорий этиш ва бунинг учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 300 миллиард сўм ажратиш;
  • 1 июнга қадар Тахиатош тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда камида 2 тадан лойиҳани ишга тушириш;
  • 1 сентябрга қадар ҳар бир вилоятда камида 2 мингтадан хонадонга наслли чорва молларини тарқатишни ташкил этиш.

Умуман, вилоят ҳокимлари юқоридаги 3 та тажриба асосида 2022 йилда жами 200 минг аҳоли бандлигини таъминлашга шахсан масъул бўлиши кўрсатиб ўтилган.

350 минг бош қўй ва эчки тарқатилади

Йиғилишда аҳолини уй ҳайвонлари билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Қайд этилишича, йиғилишда ўн кун муддатда кооперация асосида аҳолига 350 минг бош қўй ва эчкини тарқатиш ишларини бошлашга топшириқ берилган. Бунга 100 миллион доллар йўналтирилади. Соҳа мутасаддиларига вилоят ва туман ҳокимлари билан бирга бир ҳафта муддатда 67 та йирик қўй ва эчкичилик хўжаликларини ташкил этиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилган.

Вилоят ҳокимлари 2022 йилда қоракўлчилик, қўйчилик, эчкичилик ва жун саноатини ривожлантириш ҳисобига 150 минг аҳоли бандлигини таъминлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Йил якунига қадар 123 та йирик лойиҳани ишга тушириш, ҳар бир кластерда камида 500 бошли чорва комплекслари ташкил этилиш чоралари белгилаб олинган.

Бунда 500 гектар майдонда озуқа экинларини алмашлаб экишни йўлга қўйган, 2021 йилда 1 минг бошга эга йирик чорвачилик комплексини ишга тушириб, 2022 йил якунига қадар 400 тонна гўшт ва 1,5 минг тонна сут ишлаб чиқаришни режалаштирган Гурландаги «Гурлан Барака текс» кластери намуна сифатида айтилган.

Бундай чорва комплексларини кенгайтириш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун:

  • 120 миллион доллар маблағ кредит ресурси сифатида йўналтирилади;
  • четдан олиб келинадиган озуқа экиш ва ўриш техникалари божхона божларидан 3 йил муддатга озод этилади ҳамда уларга қўшилган қиймат солиғини 180 кунгача кечиктириб тўлаш тартиби жорий этилади (бу техникани 20 фоизга арзон сотиб олиш имконини беради);
  • кредит ва лизингга олинадиган қишлоқ хўжалиги техникалари фоиз харажатининг 10 фоиздан ортиқ қисми қоплаб берилади;
  • чорва бош сонига мутаносиб равишда озуқа ерлари ажратилади.

Йил якунига қадар 105 та, келгуси йилда 130 та пахта ва ғалла кластерларининг ҳар бирида камида 500 ва 1 минг бошли чорва комплексларини ташкил этиш вазифаси қўйилган.

Мавзуга оид