Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 апрел куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида йил бошидан дунёда нефт нархи 40 фоизга ошгани, рўй бераётган зиддиятлар оқибатида қулай логистика коридорларини ўзгартиришга тўғри келаётгани қайд этилди. Бу маҳаллий маҳсулотларнинг экспортида ҳам, асосий истеъмол товарларининг импортида ҳам ташиш харажатларини 25-30 фоизга оширмоқда.
«Қанча ҳаракат қилиб, иқтисодиётни ўстирмайлик, агар инфляция ҳам ошиб бораверса, аҳоли ва тадбиркорлар ҳаётида ижобий ўзгариш сезилмайди. Чунки товар, иш ва хизматлар нархининг ошиши кўпайган даромадни қадрсизлантиради», – деди президент.
Инфляция импорти ички нарх-навога 1 фоизгача қўшимча босимни юзага келтирмоқда.
Шундай бўлса-да, ташқи босимни баҳона қилиб, инфляция бўйича ишларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
«Барча раҳбарлар катта ҳарфлар билан ёзиб олсин: инфляцияга таъсир қиладиган истеъмол саватидаги маҳсулот ва хизматларнинг 70 фоизи ўзимизники», – деди давлат раҳбари.
Мутасаддилар ва ҳокимларга жорий йилда инфляцияни 6,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш учун маҳаллий маҳсулотлар таклифини кўпайтириб, нархини арзонлаштириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Логистикадаги узилишлар оқибатида биринчи чоракда қорамол импорти 2 карра камайди. Бунга тезкор ечим топилиб, самолётда ташиладиган ҳар бир наслли қорамол учун 4 миллион сўмгача, гўшт импортида транспорт харажатининг ярмини қоплаш йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, маҳаллий тадбиркорлар учун муқобил транспорт коридорларини ҳам кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шу орқали иккинчи чоракда 45 минг тонна, йил якунигача жами 130 минг тонна гўшт импортини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга қаерда тўсиқ бўлса, қаерда юк тўхтаб қолса, тадбиркорлар масала кўтаришини кутмасдан, онлайн мониторинг орқали оператив ечим қилиб бериш топширилди.
Ҳудудларда 478 минг гектарда озуқа экинларини экиш режалаштирилган. Лекин Наманганда озуқа ерининг 74 фоизига ҳалигача экин экилмагани, чорвада имконият катта бўлган Зарбдор, Қизилтепа ва Поп туманларида силос экиш бошланмагани, Амударё, Ғиждувон, Хонқа ва Бағдодда ҳам ишлар қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. Вилоят ҳокимларига қолоқликларни бартараф этиш топширилди.
Яна 100 минг гектар экин ерини янги тизим асосида аукционга чиқариш белгиланган. Ҳар бир кун ғаниматлиги, бу ерларни тез-тез аукционга чиқариб, экин экиш зарурлиги қайд этилди.










